АСОСИЙ МАЪЛУМОТЛАР
Замонавий таълим шароитида ахборот ва коммуникация технологияларининг кириб келиши ўқитишнинг янги шаклларини ишлаб чиқишини тақозо этади. Бундай таълим шаклларидан бири компьютерли ўқитиш технологиясидир.
Компьютерлаштирилган ўқитиш технологияси - бу компью-тердан фойдаланишга асосланган ўқитишдир. Ўқитишнинг компьютер технологияси янги ахборот технологияларнинг бир туридир. Яъни ўқитишнинг компьютер технологияси асосида ўқув жараёнини жадаллаштириш ва самарадорлигини максимал даражада оширишга эришиш мумкин.
Компьютерли ўқитиш технологиясининг жорий этилиши масо-фавий ўқитишга йўл очиб беради. Компьютерли ўқитиш технологияси асосан электрон таълим ресурслари орқали амалга оширилади.
Баъзи хорижий мамлакатлар тадқиқотчилари компьютерли ўқитиш технологияси афзаллиги билан бирга салбий жиҳатларини ҳам таъкидлайдилар. Масалан, Япония педагоги С.Судзуки «Компьютерли ўқитиш бир томондан, таълим олувчиларнинг интеллектларини ривожлантиришга ёрдам берса, иккинчи томондан эса билимни мустаҳкам эгаллашни таъминлай олмайди» деган фикр билдиради.
Умуман хорижий тадқиқотчилар замонавий ўқитиш воситаларини қўллашда тизимли ёндашувни, яъни ўқитувчиларни сифатли тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳамда педагогик технологиялар соҳасидаги олимлар, педагоглар ва мутахассислар билан ҳамкорликни тавсия этадилар. И.Г.Захарованинг фикрича, компьютерли ўқитишда ҳар бир таълим олувчи маълум бир вақтда «виртуал талаба» шароитида бўлади. Демак, талаба виртуал муҳитга кўникиб бориши таъминланиши керак.
Кейинги ўн йилликда илғор таълим муассасаларида тўпланган тажрибалар шуни кўрсатдики, ўқув жараёнига янги педагогик технологияларни жорий этишда юқори самарадорликка фақат услубий жиҳатдан юксак даражада ишлаб чиқилган мультимедиали интерфаол дастурий таълимотни ва компьютерли ҳамда интернет технологияларни қўллаш орқали эришиш мумкин. Компьютер махсус фанларни ўқитишда энг самарали дидактик воситаси ҳисобланади. Ўтказилган тажрибалар шуни кўрсатдики, таълим жараёнига компьютер технологияларини қўллаш ўқитиш даврини кучайтиради. Таълим олувчиларни фаоллаштиради, секин ўзлаштирувчи талабаларнинг қўшимча шуғулланишлари учун имконият яратади. Таълим олувчилар доимо ўзларининг билимларини баҳолашлари учун имконият яратилади. Шуни таъкидлаш жоизки, муваффақиятли таълим тизими юксак малакали ва педагогик маҳоратга эга илғор ўқитувчилардан бошланади. Компьютердан ўқитиш технологиясида ўқитувчи таълим жараёнида марказий фигура ҳисобланади. Компьютер ўқитувчи ўрнини боса олмайди, фақат унга қўшимча дидактик восита бўлиб хизмат қилади.
Компьютерли ўқитиш - таълим олувчиларнинг тайёргарлик даражасига, интеллектуал имкониятига мослаштирилган бўлиши керак.
Амалиётда информацион махсус техник воситалар (ЭҲМ, аудио, видео, кино) қўлланиладиган барча технологиялар компьютер технологиялари дейилади. Компьютерлардан кенг фойдалана бошлангандан кейин «янги информацион технология» термини пайдо бўлди. Умуман ҳар қандай педагогик технология – бу информацион технологиядир, чунки ўқитиш технологик жараёнининг асосини информация (ахборот) ва унинг узатилиши ташкил қилади. Бизнинг фикримизча, компьютердан фойдаланиб ўқитишни – компьютердан ўқитиш технологияси деб юритилиши маъқулроқдир. Компьютер технология дастурлаштирилган ўқитиш ғоясини ривожлантиради. Бу технология – таълим олувчига компьютер орқали информацияни (ахборотни) тайёрлаш ва узатиш жараёнидир.
Хорижий тадқиқотчилар фикрича, компьютерли ўқитиш технологияси қуйидаги 3 вариантда амалга оширилади:
Кирувчи технология – фаннинг алоҳида бўлимлари, мавзуни ўрганиш ёки дидактик топшириқларни бажаришда компьютердан фойдаланилади.
Асосий технология – фанни тўлиқ компьютер ёрдамида амалга оширилади.
Монотехнология – ўқув жараёнини бажариш, ўқитиш ва мониторинг компьютерлар ёрдамида амалга оширилади.
Компьютерли ўқитиш технологиясини қўлланишдан асосий мақсад таълим олувчиларнинг ахборот билан ишлаш кўникмаларини шакллантириш, уларнинг интеллектуал қобилиятларини ривож-лантириш, оптимал ечимларини мустақил излаш, топиш, тадқиқотчилик фаолиятларини кучайтиришдан иборатдир.
Компьютерли ўқитишни такомиллаштириш ва анъанавий ўқитиш шакллари билан таққослаш учун қуйидаги тамойилларга эътиборни қаратиш керак:
қўшимча электрон ресурсларни, маълумотларни ва кутубхоналарни яратиш, тармоқдан ахборотни излашни таъминловчи махсус дастурий таъминотни ишлаб чиқиш;
ўқитувчиларнинг ўқув-услубий ишларини такомиллаштириш, интернетдан фойдаланиш, ахборот технологиялари ва психология соҳалари бўйича мутахассислар билан ҳамкорликни ўрнатиш;
электрон таълим ресурсларини мунтазам янгилаб бориш.
Бу эса ўқитишда илғор педагогик технологиялар ва фаол методларни қўллашни талаб этади. Компьютерли ўқитиш технологиясида билимларни баҳолаш мезонлари муҳим муаммо ҳисобланади. Ушбу технология асосан мустақил таълимга йўналтирилганлиги сабабли ўқитувчилардан баҳолаш жараёнини ташкил этишда фаол ва маъсулиятли иштирок талаб қилади. Чунки баҳолаш жараёнида нафақат тестлар натижалари, балки талабаларнинг фаоллиги ҳамда мустақил ишлаш қобилияти ҳам инобатга олиниши керак. Фаннинг ўқув дастурини компьютерли ўқитиш технологиясига мослаштириш лозим.
Компьютерли ўқитишда ахборот ва ўргатувчи технологияларни қўллаш учун имкон яратилади. Компьютерли ўқитиш жараёнининг самарали ташкил этилиши ўқув мақсадларга эришишини таъминлайди. Агар ўқитиш жараёни яхши ташкил этилмаса, илғор ўқитиш технологиялари ҳам самара бермайди.
Компьютерли технологиялар дастурли ўқитиш ғояларини ривожлантиради, замонавий компьютерлар ва телекоммуникациянинг ноёб имкониятлари билан боғлиқ таълимнинг тадқиқ қилинмаган умуман янги технологик вариантларини очади. Таълимнинг компьютерли технологиялари – бу, таълим олувчига ахборотни тайёрлаш ва узатиш жараёни бўлиб, уни амалга ошириш воситаси компьютердир.
Технологияни мақсадли йўналтириш:
ахборот билан ишлаш маҳоратини шакллантириш, коммуникатив қобилиятларини ривожлантириш;
«ахборотли жамият» шахсини тайёрлаш;
таълим олувчиларни ўзлаштириш имкони даражасидаги етарли миқдорда ахборот билан таъминлаш;
тадқиқотчилик маҳоратини шакллантириш.
Концептуал ҳолатлар:
ўқитиш –таълим олувчининг компьютер билан мулоқоти;
мослашиш тамойили: компьютерни таълим олувчининг индивидуал қобилиятларига мослаштириш;
ўқитишнинг диалогли характердалиги;
бошқариш мумкинлиги, ҳар қандай моментда таълим берувчи томонидан ўқув жараёнини коррекция қилиш имконияти;
таълим олувчини барча типдаги компьютерлар билан ўзаро ҳаракати, субъект-объект, субъект-субъект, объект-субъект;
индивидуал ва гуруҳли ишнинг оптимал бирлиги;
компьютер билан мулоқот пайтида, таълим олувчида психологик комфорт ҳолатни қўллаб қувватлаш;
чегараланмаган ўқитиш, мазмунли, уни интерпретацияси ва иловалари керагича катта.
Компьютерли технология, мазмунни бир қанча шакллантирилган моделини қўллашга асосланган бўлиб, бу модел, компьютер хотирасига ёзиб қўйилган педагогик дастурли воситалар ва телекоммуникация тармоғининг имкониятлари орқали намоён бўлади.
Таълим мазмуни фактологик томонининг асосий хусусияти «қўллаб қувватловчи» ахборотни кўп мартали кўпайтириш, таркибида замон даражасига ахборот базаси, гипертекст ва мультимедия (гипер-медия), микродунё, иммитацион ўқитиш, электрон коммуникациялар (тармоқлар), эксперт тизимлар бўлган компьютер ахборот муҳитининг мавжудлиги ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |