Қисман – изланма метод – муаммоли баёндан муаммоли ўқишга, вазифаларни мустақил қўйишга ва уларни мустақил ҳал этишга ўтишнинг ўзига хос кўплигидир.
Ўтказилган тажрибалар муаммоли ўқитишнинг катта самара келтиришини кўрсатди. Аммо шуни назарда тутиш керакки, муаммоли ўқитиш таълим жараёнига аста-секин, талабаларни муаммоли баён қилиш жараёнида ва қисман-изланма фаолиятидан фойдаланиш жараёнида тайёрлаш йўли билан киритилиши керак. Бутун ўқув материалини муаммоли йўл билан ўрганиш мумкин, деб ўйлаш ярамайди. Ўқув материалининг кўп қисми ўқитувчининг оддий баёни ёрдамида, талабаларнинг дарслик ва бошқа маълум усуллар орқали материални мустақил ўрганиши ёрдамида ҳам ўрганиб келинди ҳамда ўрганилади.
Муаммоли ўқитишда ўқитувчи аниқ ўқув мақсадларига йўналтирилган саволлар ва топшириқлар ишлаб чиқади. У муаммоли саволларни ҳал этишда ёки топшириқларни бажаришда талабаларнинг аниқ мақсадга йўналтирилган ҳаракатига туртки беради ва жараённи назорат қилади. Талаба эса ўз таълимининг фаол қатнашчиси бўлиб қолади. Муаммоли ўқитишнинг моҳияти шундаки, талабалар ўзлари муаммони мустақил ечишлари керак. Демак, ўқув материаллари ва топшириқлар тизими шундай тузилиши керакки, улар асосан мустақил фикр юритишга ҳамда ўрганишга қаратилиши лозим.
Муаммоли ўқитишнинг афзалликлари, ижобий ва яхши томонлари билан бир қаторда, унинг камчиликлари ҳам мавжуд. Унинг камчиликлари қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:
ҳар қандай ўқув материалларини (масалан, рақамли ва миқдорий маълумотлар, далиллар, саналар) ҳам муаммоли вазиятни юзага келтирувчи қилиб бўлмайди;
ўқув муаммосини ҳар доим ҳам ифодалаш мумкин эмас;
муаммоли ўқитиш кўникмаларга ишлов бериш ва уларни малака даражасига ўтказиш имкониятига эга эмас;
талабалар билиши жуда осон бўлган ва жуда қийин бўлган масалалар муаммоли вазиятни яратмайди;
муаммоли ўқитишда иқтисод қилиш кам ҳамда катта вақт сарф қилишни талаб этади.
Муаммоли ўқитишдан фойдаланиш шартлари. Муаммоли ўқитишдан:
ўқув материалларининг мазмуни сабаб-оқибатли алоқа ва боғланишга эга бўлиб, тушунча, қонун ҳамда назарияни шакллантиришга қаратилган;
таълим олувчилар мавзуни муаммоли ўрганишга тайëр;
таълим олувчилар фанлардан мустақил фикрлашни ривож-лантиришга, тадқиқот кўникмаларини шакллантиришга, ишга ижодий ëндашишга қаратилган масалалар ечаëтган;
ўқитувчида предмет мавзусини муаммоли ўрганишга вақти бор;
ўқитувчи мос ўқитиш методларини яхши эгаллаган бўлсагина фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |