95-модда. Суд харажатларининг тақсимланиши
Суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда юкланади.
Даъвогар тўлашдан белгиланган тартибда озод қилинган давлат божи, агар жавобгар бож тўлашдан озод қилинмаган бўлса, қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда жавобгардан республика бюджети даромадига ундирилади.
Агар иш ишда иштирок этувчи шахс томонидан шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибини бузиш (талабномани жавобсиз қолдириш, талаб қилинган ҳужжатларни жўнатмаслик) оқибатида келиб чиққан бўлса, хўжалик суди ишнинг натижасидан қатъи назар, суд харажатларини шу шахсга юклашга ҳақли.
Ишда иштирок этувчи шахслар суд харажатларини тақсимлаш тўғрисида ўзаро келишсалар, хўжалик суди шу келишувга мувофиқ қарор қабул қилади.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг апелляция, кассация шикояти беришлари билан боғлиқ суд харажатлари ушбу моддада баён қилинган қоидаларга мувофиқ тақсимланади.
12-БОБ. ПРОЦЕССУАЛ МУДДАТЛАР
96-модда. Процессуал муддатларни белгилаш ва ҳисоблаш
97-модда. Процессуал муддатларнинг тугаши
98-модда. Процессуал муддатларни тўхтатиб туриш
99-модда. Процессуал муддатларни тиклаш ва узайтириш
96-модда. Процессуал муддатларни белгилаш ва ҳисоблаш
Процессуал ҳаракатлар ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда белгиланган муддатларда бажарилади, процессуал муддатлар белгиланмаган ҳолларда эса улар хўжалик суди томонидан белгиланади.
Процессуал ҳаракатларни бажариш муддатлари аниқ календарь сана билан, албатта содир бўлиши лозим бўлган воқеани кўрсатиш билан ёки ҳаракат бажарилиши мумкин бўлган давр билан белгиланади.
Йиллар, ойлар ёки кунлар билан ҳисобланадиган процессуал муддатнинг ўтиши календарь сананинг эртасидан ёки унинг бошланиши белгилаб қўйилган воқеа содир бўлган кундан бошланади.
97-модда. Процессуал муддатларнинг тугаши
Йиллар билан ҳисобланадиган муддат белгиланган муддат охирги йилининг тегишли ой ва кунида тугайди. Ойлар билан ҳисобланадиган муддат белгиланган муддат охирги ойининг тегишли кунида тугайди. Агар ойлар билан ҳисобланадиган муддатнинг тугаши тегишли куни бўлмаган ойга тўғри келса, муддат шу ойнинг охирги кунида тугайди.
Муддатнинг охирги куни иш куни бўлмаган кунга тўғри келган ҳолларда ундан кейин келадиган биринчи иш куни муддатнинг тугаш куни деб ҳисобланади.
Процессуал ҳаракат белгиланган муддатнинг охирги куни то соат йигирма тўртгача бажарилиши мумкин. Агар апелляция, кассация шикоятлари ва бошқа ҳужжатлар алоқа ташкилотига муддатнинг охирги кунида соат йигирма тўртга қадар топширилган бўлса, муддат ўтказиб юборилган ҳисобланмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |