55-модда. Пенсия таъминоти Давлат фуқаролик хизматчилари ёшга доир пенсия ва ногиронлик пенсиясини олиш ҳуқуқига эга. Вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқига эга Давлат фуқаролик хизмати стажининг аёлларда йигирма ва эркакларда йигирма беш йилдан ортиқ иш стажининг ҳар бир тўлиқ йили учун пенсияларнинг базавий миқдорлари пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 3 фоизига оширилади. Бунда пенсиянинг умумий миқдори пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизидан ошмаслиги лозим. Давлат фуқаролик хизматчиларининг пенсия таъминоти Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Давлат фуқаролик хизматчилари пенсияларини тайинлаш, ҳисоблаб чиқиш тартиби ва уларнинг миқдорлари Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланади. 56-модда. Давлат фуқаролик хизматчиларининг ижтимоий суғуртаси Давлат фуқаролик хизматчилари мажбурий ижтимоий суғурталанади ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва шартларда давлат ижтимоий суғуртаси бўйича барча турдаги нафақаларни олиш ҳуқуқига эга. 57-модда. Давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳаёти ва соғлиғининг мажбурий давлат суғуртаси Давлат фуқаролик хизматчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи давлатнинг муҳофазасида бўлади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан мажбурий тартибда суғурта қилинади. Қуйидаги ҳолларда давлат суғурта органлари суғурта суммаларини тўлайди: давлат фуқаролик хизматчисини ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан келгусида касбга доир фаолият билан шуғулланиш имкониятини истисно этадиган даражада майиб бўлиб қолса ёки унинг соғлиғига бошқача шикаст етказилганида – давлат фуқаролик хизматчисининг ойлик иш ҳақининг йигирма беш баравари миқдорида; давлат фуқаролик хизматчиси хизмати даврида ёки хизмати тугаганидан кейин ҳалок бўлса (вафот этса), агар бу давлат фуқаролик хизматчиси ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан майиб бўлган бўлса ёки соғлиғининг бошқача шикастланиши оқибатида рўй берган бўлса – Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 194-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган миқдорда.