Низонинг моҳияти Банк (даъвогар) ва масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона (жавобгар) ўртасида кредит шартномаси тузилган.
Мазкур шартномага кўра даъвогар жавобгарга йиллик 19 фоиз миқдорда устама ҳақ тўлаш шарти билан 60 ой муддатга 270 000 000 сўм миқдорида кредит маблағларини ажратган.
Шунингдек, тарафлар ўртасида тузилган иккинчи кредит шартномасига кўра даъвогар жавобгарга йиллик 19 фоиз миқдорда устама ҳақ тўлаш шарти билан 12 ой муддатга 150 000 000 сўм миқдорида кредит маблағларини ажратган.
Кредит шартномаси бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида даъвогар ва жавобгар ўртасида гаров (ипотека) шартномалари тузилган.
Гаров (ипотека) шартномаларига кўра жавобгарга тегишли қиймати 567 500 000 сўмлик Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Усмон Носир кўчаси 158-а уй манзилда жойлашган кўчмас мулк гаровга қўйилган.
Кредит шартномаларига биноан жавобгар кредит суммасини ва унга ҳисобланган фоизларни ҳар ойнинг 6 санасигача тўлаб бориш мажбуриятини олган. Бироқ, жавобгар томонидан тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган.
Шу сабабли даъвогар жавобгарга нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 296 198 922,17 сўм, шу жумладан 292 938 656 сўм кредит суммаси ва 4 260 266,17 сўм банк фоизини ундиришни ҳамда ундирувни гаров (ипотека) нарсасига қаратишни сўраган.
Даъвогарнинг важлари Биз ҳамда жавобгар ўртасида кредит шартномалари тузилган.
Мазкур шартномаларга кўра даъвогар жавобгарга йиллик 19 фоиз миқдорда устама ҳақ тўлаш шарти билан дастлаб 60 ой муддатга 270 000 000 сўм, кейинчалик эса 12 ой муддатга 150 000 000 сўм миқдорида кредит маблағларини ажратган.
Кредит шартномалари бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида даъвогар ва жавобгар ўртасида гаров (ипотека) шартномалари тузилган бўлиб, уларга кўра жавобгарга тегишли қиймати 567 500 000 сўмлик Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Усмон Носир кўчаси 158-а уй манзилда жойлашган кўчмас мулк гаровга қўйилган.
Даъвогар томонидан кредит шартномалари бўйича мажбуриятлар лозим даражада бажарилган бўлиб, кредит маблағлари ўз вақтида жавобгарга ажратилган.
Жавобгар кредит суммасини ва унга ҳисобланган фоизларни ҳар ойнинг 6 санасигача тўлаб бориш мажбуриятини олган бўлишига қарамасдан тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган.
Шу сабабли жавобгардан 292 938 656 сўм кредит суммаси ва 4 260 266,17 сўм банк фоизини ундириш ҳамда ундирувни гаров (ипотека) нарсасига қаратиш лозим.