Суднинг ҳал қилув қарори
Даъво талабларини қаноатлантириш рад этилсин.
Шарҳ
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 25-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мувофиқ иқтисодий судга иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ҳамда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тартибда олган фуқаролар, шунингдек корпоратив низолар бўйича ишлар кўрилаётганда тарафлар бўлган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган низоларга доир ишлар тааллуқлидир.
Мазкур Кодекс 26-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига кўра мажбуриятлар бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги тўғрисидаги низолар иқтисодий суд томонидан ҳал этилади.
Низо лизинг ҳамда олди-сотди шартномаларидаги мажбуриятлар тегишли даражада бажарилмаганлиги натижасида келиб чиққан. Низо бўйича тарафлар бўлиб юридик шахслар ҳисобланади. Шу сабабли уни ҳал этиш иқтисодий судга тааллуқлидир.
Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 8 ва 234-моддаларининг мазмунидан кўринишича, мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади.
Мазкур ҳолатда даъвогар ҳамда жавобгарнинг мажбуриятлари лизинг ҳамда олди-сотди шартномаларидан келиб чиққан.
ФКнинг 587-моддасига кўра лизинг шартномаси бўйича лизинг берувчи (ижарага берувчи) бир тараф лизинг олувчи (ижарага олувчи) иккинчи тарафнинг топшириғига биноан сотувчи учинчи тараф билан ундан лизинг олувчи учун мол-мулк сотиб олиш ҳақида келишиш мажбуриятини олади, лизинг олувчи эса бунинг учун лизинг берувчига лизинг тўловларини тўлаш мажбуриятини олади.
Даъвогар ҳамда жавобгар ўртасида лизинг шартномаси тузилган.
Унга кўра, жавобгар бир дона “ТТЗ-8011” русумли трактор ва бир дона “VP-1” русумли пуркагични лизингга бериши, даъвогар эса трактор ва пуркагич учун тўловни амалга ошириши белгиланган.
Жавобгар айнан даъвогар танлаган сотувчи билан лизинг объектларини сотиб олиш учун олди-сотди шартномасини тузган.
Аммо, лизинг объектлари сотувчининг айби билан шартномада белгиланган муддатларда етказиб берилмаган, натижада даъвогар жавобгарга нисбатан судга мурожаат қилиб, лизинг шартномасини бекор қилишни сўраган.
“Лизинг тўғрисида”ги Қонун 24-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига кўра, лизинг берувчи мол-мулкни етказиб бермаганлик, тўлиқ етказиб бермаганлик, етказиб бериш муддатини ўтказиб юборганлик ва тегишли даражада сифатли бўлмаган мол-мулкни етказиб берганлик учун, агар бу унинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли бўлса, лизинг олувчининг олдида жавобгар бўлади.
Лизинг берувчи лизинг олувчи олдида лизинг объекти юзасидан жавобгар бўлмайди, лизинг объекти сотувчиси ва лизинг объектининг ўзи лизинг берувчи томонидан танланган ва лизинг олувчи шу туфайли зарар кўрганлиги исботланган ҳоллар бундан мустасно.
Мазкур ҳолатда лизинг объектларини ўз вақтида етказиб берилмаслигида жавобгарнинг айби мавжуд эмаслиги ва сотувчини лизинг олувчининг ўзи танлаганлиги сабабли, суд асосли равишда Қонуннинг 24-моддасига асосан даъво талабларини қаноатлантиришни рад этган.
Суд даъвогарнинг асосий фаолияти қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиш бўлганлиги сабабли, лизинг объекти унга айнан шу фаолият учун керак бўлганлиги, бироқ қишлоқ хўжалиги мавсуми якунланиб бораётганлиги ҳамда объект ҳозирга қадар етказиб берилмаганлиги учун лизинг шартномасини бекор қилиш кераклиги ҳақидаги важи билан ҳақли равишда келишмаган.
Чунки, жавобгар лизинг шартномаси бўйича барча мажбуриятларни ўз вақтида ва лозим даражада бажарган.
Лизинг объекти ўз вақтида етказиб берилмаганлиги сабабли даъвогар муайян миқдорда зарар кўрган тақдирда, у жавобгарга нисбатан эмас, балки сотувчига нисбатан зарарни ундириш ҳақидаги даъво талаби билан мурожаат қилишга ҳақли.
* * *
Кредит шартномасининг муддатидан олдин бекор қилиниши кредит ташкилотини кредит шартномасини бекор қилиш пайтидан бошлаб маблағларни қайтариш кунига қадар пул маблағларидан фойдаланилган бутун давр учун Фуқаролик кодексининг 734-моддасида назарда тутилган фоизларни олиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |