Жавобгар (ижрочи)нинг важлари: Ижрочи ўз мабуриятларини ҳалол, тўлалигича ва белгиланган муддатда бажарди ва бу ҳақда бажарилган ишларни топшириш-қабул қилиб олиш тўғрисида далолатномалар тузиб, Буюртмачига топширди. Бироқ, Буюртмачи ўз шартномавий мажбуриятини бузиб, бажарилган ишлар қийматини тўламади ва бажарилган ишларни қабул қилишдан атайин бўйин товлади.
Ишларни бажарилганлиги экспертиза хулосаси билан ўз тасдиғини топган, чунки унда барча дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ишлари бажарилган ва у “нуқсонсиз” ишлайди деб кўрсатилган.
Шу сабабли Буюртмачи 22 600 000 сўм асосий қарз ва тўловни кечиктирганлиги учун 55 573 600 сўм пеня тўлаши лозим.
Суд қарори: Суднинг ҳал қилув қарори билан дастлабки даъво қаноатлантирилиб, Ижрочидан Буюртмачи фойдасига 60 000 000 сўм ундирилган. Қарши даъвони қаноатлантириш рад этилган.
Шарх: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади)нинг 8 ва 234-моддаларига мувофиқ мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади.
Мазкур ҳолатда тарафларнинг мажбуриятлари пудрат шартномасидан келиб чиққан.
ФКнинг 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.
Мазкур ҳолатда Ижрочи олдиндан тўланган сумма келиб тушган кундан эътиборан 3 кундан кечиктирмасдан ишларни бошлаши ва ишларни бошлаган кундан эътиборан 6 ой ичида ишларни тугатилиши лозим бўлган.
Буюртмачи томонидан 15 000 000 сўм миқдордаги олдиндан тўлов суммаси 2015 йилнинг май ойида тўланган ва Ижрочи томонидан ишлар 2015 йилнинг ноябрь ойида тугатилиши лозим бўлган.
Бироқ, шартномада белгиланган муддатларда ишлар бажарилмаган ва 2016 йил 1 апрелда тарафлар томонидан шартномага қўшимча келишув тузилган бўлиб, унга кўра ишларни тугатиш муддати 2016 йил 31 август деб белгиланган.
2016 йил 24 апрелда тарафлар томонидан бажарилган ишларни топшириш-қабул қилиб олиш далолатномаси имзоланган ва унга кўра Ижрочи томонидан шартнома доирасида 25 000 000 сўлик ишлар бажарилган.
Кейинчалик тарафлар томонидан бошқа далолатномалар тузилмаган ва ишларни бажариш муддати якунланганлиги сабабли Буюртмачи судга мурожаат қилган.
ФКнинг 693-моддасига биноан тажриба-конструкторлик ва технология ишлари пудрат шартномаси бўйича пудратчи (ижрочи) янги буюм намунасини, унга тегишли конструкторлик ҳужжатларини, янги технологияни ишлаб чиқиш ёки намуна нусхасини тайёрлаш мажбуриятини олади. Бунда буюртмачи пудратчига (ижрочига) техникавий топшириқ бериш, ишни қабул қилиб олиш ва унинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади.
Пудратчи билан тузилган шартнома тадқиқот олиб бориш, намуналар ишлаб чиқиш ва тайёрлашнинг бутун жараёнини ҳам, уларнинг айрим босқичларини (элементларини) ҳам қамраб олиши мумкин.
Мазкур ҳолатда тарафлар ўртасида технология ишлари (дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва жорий этиш) пудрат шартномаси тузилган бўлиб, унда ишлаб чиқиш ва жорий этиш бутун жараёнини қамраб олади.
ФК 698-моддаси биринчи қисмининг иккинчи хатбошисига мувофиқ тажриба-конструкторлик ва технология ишлари пудрат шартномаси бўйича пудратчи буюртмачи билан келишилган дастур (техника-иқтисодий параметрлар)га ёки мавзуга мувофиқ ишларни бажариши ва натижасини шартномада назарда тутилган муддатда буюртмачига топшириши шарт.
Бироқ, Ижрочи томонидан қонуннинг мазкур талаби ва шартноманинг шартлари бажарилмаган ва Буюртмачига ишнинг натижаси (корхонанинг хусусиятидан келиб чиқиб ҳисоботни автоматлаштириш учун дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва жорий этиш) топширилмаган.
Шу сабабли суд Буюртмачи томонидан олдиндан тўланган суммани Ижрочидан ундиришни лозим топган. Тегишинча, дастлабки даъвони қаноатлантирилиши қарши даъвони қаноатлантиришни истисно қилиши сабабли суд Ижрочининг қарши даъвосини қаноатлантиришни рад этган.
Ижрочининг Буюртмачи бажарилган ишларни қабул қилишдан атайин бўйин товлади деган важини суд қабул қилмаган ва бунга асос қилиб ҳал қилув қарорида Ижрочи Буюртмачига мурожаат қилганлиги ёки бажарилган ишларни қабул қилиш ёки бажарилган ишларни топшириш-қабул қилиш далолатномасини унга (Буюртмачига) имзолашга топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим қилинмаганлигини асос қилиб кўрсатган. Ижрочи фақат 2017 йил 28 августдаги (яъни, Буюртмачи судга даъво билан мурожаат қилгандан кейин) хат билан 2016 йил 30 апрелдаги 5/3-сонли бажарилган ишларни топшириш-қабул қилиш далолатномасини имзолаш учун юборган. Ваҳоланки, Буюртмачининг 2017 йил 16 февралдаги талабномасига Ижрочи хат билан мажбуриятлар бажарилишининг имкониятини излаётганлигини маълум қилган. Шу боис суд Ижрочининг 2017 йил 28 августдаги хатини Ижрочи Буюртмачига бажарилган ишларни қабул қилиш масаласи бўйича мурожаат қилганлигини тасдиқловчи далил сифатида қабул қилмаган.
Ижрочининг ишларни бажарилганлиги экспертиза хулосаси билан ўз тасдиғини топганлиги, унда барча дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ишлари бажарилган ва у “нуқсонсиз” ишлайди деб кўрсатилганлиги тўғрисидаги важини ҳам суд қабул қилмаган. Суд бунга асос қилиб ҳал қилув қарорида “эксперт ташкилоти томонидан кўрсатилган хизмат якуний маҳсулот ҳисобланмаслиги, маркетинг ва кадрлар бўлими учун ишлаб чиқилган ва жорий қилинган дастурий таъминоти якуний маҳсулот эканлиги, бухгалтерия ва омборхона ҳисоботи учун эса йуқ деган хулосага келганлигини, ушбу хулосадан ишлар тўлалигича бажарилмаганлиги ўз тасдиғини топади” деб кўрсатган.
* * *
Ишончномага, қонунга, суд қарорига ёки вакил қилинган давлат органининг ҳужжатига асосланган ваколат билан бир шахс (вакил) томонидан бошқа шахс (ваколат берувчи) номидан тузилган битим ваколат берувчига нисбатан фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларини бевосита вужудга келтиради, ўзгартиради ва бекор қилади