Суднинг ҳал қилув қарори:
ДСИнинг аризаси қаноатлантирилсин.
МЧЖга нисбатан Солиқ кодекси 114-моддасининг учинчи қисмига асосан 44 000 сўм, 119-моддасининг биринчи қисмига асосан 4 493 250 сўм молиявий санкция тайинланиб, Солиқ кодекси 108-моддасининг саккизинчи қисми ва 112-моддасининг тўртинчи қисмига асосан тайинланган молиявий санкцияларни тўлиқ қўшиш орқали 1 347 945 сўм молиявий санкция қўлланилсин.
Шарҳ:
Жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада эркинлаштириш, назорат органларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувини камайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти асоссиз чекланишига йўл қўймаслик, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддаси талабларига сўзсиз риоя этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2005 йил 14 июндаги ПФ-3619-сонли Фармони асосида 2005 йилнинг 1 июлидан бошлаб тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини (иловага мувофиқ) фақат суд орқали қўлланиш тартиби жорий этилган.
Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши шаҳар ҳудудий комиссиясининг рухсатномаси, шаҳар Давлат солиқ инспекциясининг буйруғига асосан МЧЖга қарашли авиачипта сотиш шаҳобчасида қисқа муддатли текшириш ўтказилган.
Текширишда МЧЖ ходими (авиачипта сотувчиси) 220 000 сўм бўлган авиачиптани харидорга 220 000 сўмга сотганлиги, бироқ, харид чеки бермаганлиги, шаҳобчада назорат-касса машинаси ўрнатилмаганлиги аниқланган. Текшириш якуни юзасидан тегишли далолатнома расмийлаштирилган.
Текшириш далолатномаси МЧЖ ходими томонидан эътирозсиз имзоланган.
Солиқ кодексининг 103-моддасида давлат солиқ хизмати органи солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича тегишли қарор қабул қилиши белгиланган.
Текшириш материаллари шаҳар ДСИда кўриб чиқилган. Унинг натижасидаМЧЖга нисбатан Солиқ кодекси 114-моддасининг учинчи қисмига асосан яширилган 220 000 сўм тушумнинг 20 фоизи, яъни 44 000 сўм, 119-моддасининг биринчи қисмига асосан 4 493 250 сўм молиявий санкция қўллаш ҳақида қарор қабул қилинган.
Қонун талабига кўра, солиқ хизмати органининг қарорида кўрсатилган молиявий жарима суммаси ихтиёрий тўланмаган тақдирда, давлат солиқ хизмати органи солиқ тўловчига нисбатан молиявий санкция қўллаш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 215-моддасига кўра, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги аризалар билан судларга назорат қилувчи органлар мурожаат этишга ҳақли.
ДСИнинг қарорида кўрсатилган молиявий санкция суммаси якка тартибдаги тадбиркор томонидан ихтиёрий тўланмаганлиги сабабли, ДСИ судга ариза билан мурожаат қилиб, якка тартибдаги тадбиркорга нисбатан молиявий санкция қўллашни сўраган.
Солиқ Кодекси 114-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумни яшириш (камайтириб кўрсатиш) - товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушум яширилган (камайтириб кўрсатилган) суммасининг 20 фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Қайд этилган кодекси 119-моддасининг биринчи қисмига кўра, фискал хотирали назорат-касса машиналарини ва (ёки) тўловларни пластик карточкалар асосида қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларини ишлатиш мажбурий бўлгани ҳолда уларни ишлатмасдан савдони амалга оширганлик ва хизматлар кўрсатганлик, худди шунингдек сотиб олувчига квитанциялар ёзиб бериш, талонлар, чеклар ёки уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатларни бериш мажбурий бўлгани ҳолда бундай ҳужжатларни бермасдан товарларни реализация қилганлик ва хизматлар кўрсатганлик —энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
МЧЖ томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги текшириш далолатномаси, аризага илова қилинган молиявий сакциянинг ҳисоб-китоби, авиачипта сотувчисининг тушунтириш хати ва бошқа далиллар билан тўлиқ тасдиқланган.
Солиқ кодекси 108-моддасининг саккизинчи қисмига мувофиқ, солиқ тўловчи томонидан солиққа оид бир неча ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда, жарима тарзидаги молиявий санкциялар унча оғир бўлмаган молиявий санкцияни оғирроқ жарима билан қамраб олиш ёхуд тайинланган жарималарни тўлиқ ёки қисман қўшиш орқали солиққа оид ҳуқуқбузарликлар мажмуи бўйича қўлланилади. Бунда жариманинг узил-кесил миқдори жариманинг юқори миқдори назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун белгиланган энг кўп миқдордан ошиши мумкин эмас.
Солиқ кодекси 112-моддасининг тўртинчи қисмда қўлланиладиган молиявий санкция ҳуқуқбузарликнинг оқибатларига номутаносиб бўлган, жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар аниқланган тақдирда, шунингдек ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олиб, суд ушбу Кодекснинг 17-бобида назарда тутилган молиявий санкциянинг энг кам даражасидан ҳам камроқ, бироқ белгиланган санкция энг кам миқдорининг 25 фоизидан кам бўлмаган миқдорда, сабаблар ва асосларни албатта кўрсатган ҳолда молиявий санкция қўллашга ҳақли эканлиги белгиланган.
Суд қўлланиладиган молиявий санкция ҳуқуқбузарликнинг оқибатларига номутаносиблигини, МЧЖнинг молиявий ҳолатини инобатга олиб, МЧЖга нисбатан Солиқ кодекси 119-моддасининг биринчи қисмига асосан 4 493 250 сўм, 114-моддасининг учинчи қисмига асосан яширилган 220 000 сўм нақд пул тушумининг 20 фоизи, яъни 44 000 сўм молиявий санкция тайинлаб, 108-моддасининг саккизинчи қисмига асосан унча оғир бўлмаган молиявий санкцияларни оғирроқ жарима билан қамраб олиш орқали солиққа оид ҳуқуқбузарликлар мажмуи бўйича МЧЖга нисбатан 1 347 945 сўм молиявий санкция қўллаган.
МЧЖнинг харидорга электрон авиачипта сотилганда назорат-касса машиналари қўллаши шарт эмаслиги ҳақидаги важи қуйидагиларга асосан инобатга олинмаган.
Ҳақиқатдан ҳам, аҳолига пулли хизматлар кўрсатишда қатъий ҳисобот бериладиган бланкалар ҳисобланган талонлар, чипталар ва уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатларни берадиган юридик ва жисмоний шахслар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрдаги 306-сонли қарори билан тасдиқланган “Юридик ва жисмоний шахсларнинг ўз фаолияти хусусиятига кўра аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини қўлламасдан амалга ошириши мумкин бўлган айрим тоифалари рўйхатига киритилган (3-Илова, 1-банд).
Бироқ, Вазирлар маҳкамасининг қайд этилган Қарори билан тасдиқланган “Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда фискал хотирага эга бўлганназорат-касса машиналарини қўллаш тартиби тўғрисида”ги Низом 19-бандининг биринчива бешинчи хатбошиларига кўра, ушбу қарорга 3-илованинг 1-бандида кўрсатилган хўжалик юритувчи субъектлар аҳоли билан ўзаро ҳисоб-китобларни давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтган чипталар, талонлар, чекларни ёки уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатларни мажбурий тартибда берган ҳолда амалга ошириши шартлиги, хўжалик юритувчи субъектлар электрон чипталарни, шунингдек хизматларни кўрсатувчилар томонидан тартиб рақами қўйилмаган ва қатъий ҳисобот бериладиган бланкалар ҳисобланмайдиган бошқа ҳужжатларни сотишда фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машинасини қўллаши шартлиги белгиланган.
Демак, МЧЖ томонидан электрон чипта сотилганида назорат-касса машинаси ишлатилиши шарт бўлган.
* * *
Дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва жорий этишни назарда тутувчи пудрат шартномаси бўйича мажбурият бажарилган деб ҳисобланади қачонки, агар бундай дастур буюртмачи томонидан берилган техникавий топшириқга мувофиқ ишлаб чиқилган ва жорий этилган бўлса.
Do'stlaringiz bilan baham: |