Низонинг моҳияти:
МЧЖ туман ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекцияси томонидан рўйхатдан ўтказилган. Жамиятнинг асосий фаолият тури халқ истеъмол товарларини ишлаб чиқариш ҳисобланади.
МЧЖнинг молиявий-хўжалик фаолиятини таҳлил қилиш натижасида жамият 23.02.2018 йил ҳолатига солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича бюджет олдида 102.293.293,15 сўм қарздорликка эга эканлиги маълум бўлган.
Қарздор бюджет олдидаги қарзини тўламаганлиги ва мазкур қарздорлик «Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган муддатдан ортиқ вақт мобайнида қопланмаганлиги сабабли солиқ инспекцияси судга қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилган.
ДСИ (кредитор)нинг важлари:
23.02.2018 йил ҳолатига жамият (қарздор) солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича бюджет олдида 102.293.293,15 сўм қарздорликка эга бўлган.
Судга ариза бериш пайтида қарздорнинг солиқлар бўйича қарздорлиги энг кам ойлик иш ҳақининг беш юз бараваридан ортиқни ташкил этганлиги ва қарздорнинг солиқ қарздорлигини тўлаш бўйича мажбурияти олти ой мобайнида бажарилмаганлиги сабабли қарздорда банкротлик аломатлари вужудга келган.
Бироқ, ариза берилгандан сўнг, қарздор томонидан қарздорлик тўлиқ қопланган. Шу боис қарор қабул қилиш судга ҳавола этилади.
МЧЖ (қарздор)нинги важлари:
ДСИ томонидан ариза берилиши пайтида МЧЖнинг бюджет олдидаги қарздорлиги, ҳақиқатдан ҳам 102.293.293,15 сўмни ташкил этган.
Бироқ, ариза берилгандан сўнг, қарздор томонидан мавжуд қарз тўлиқ қопланган. Шу боис ДСИнинг МЧЖни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризаси қаноатлантирмасдан қолдирилиши лозим.
Суд қарори:
Давлат солиқ инспекциясининг МЧЖни банкрот деб топиш тўғрисидаги талабини қаноатлантириш рад этилди.
Шарҳ:
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда – ИПК деб юритилади) 25-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига мувофиқ, банкротлик тўғрисидаги ишлар иқтисодий судга тааллуқли. Шу каби қоида «Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 5-моддасининг биринчи қисмида ҳам назарда тутилган.
Банкротлик тўғрисидаги ишлар жумласига юридик шахсларни ҳамда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва қонунда белгиланган тартибда якка тартибдаги тадбиркор мақомини олган фуқароларни банкрот деб топиш тўғрисидаги ишлар киради (ИПКнинг 27-моддаси).
Якка тартибдаги тадбиркорнинг ҳам, юридик шахснинг ҳам банкротлигини ҳуқуқий тартибга солиш асосини Фуқаролик кодекси белгилайди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 57-моддасининг биринчи қисмига кўра, тижоратчи ташкилот бўлган юридик шахс, давлат корхонасидан ташқари, шунингдек матлубот кооперативи ёки ижтимоий фонд шаклида иш олиб бораётган юридик шахснинг кредиторлар талабларини қондиришга қурби етмаса, суднинг қарорига мувофиқ у ночор (банкрот) деб ҳисобланиши мумкин.
Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг иқтисодий ночорлигига оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш Фуқаролик кодексидан ташқари «Банкротлик тўғрисида»ги махсус Қонун (бунедан буён матнда – Қонун деб юритилади) ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Банкротлик белгилари Қонуннинг 4-моддасида белгиланган бўлиб, унга кўра, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир эмаслиги, агар тегишли мажбуриятлар ва (ёки) тўловлар мажбурияти юзага келган кундан эътиборан уч ой давомида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, унинг банкротлик аломатлари деб эътироф этилади.
Қонун 5-моддасининг иккинчи қисмида банкротлик тўғрисидаги иш бўйича иш юритишни қўзғатиш шартлари назарда тутилган.
Ушбу норма банкротлик тўғрисидаги ишни қўзғатиш учун банкротлик аломатлари мавжуд бўлиши, яъни, қарздор юридик шахсга нисбатан талаблар суммаси энг кам иш ҳақи миқдорининг камида беш юз каррасини ташкил этиши, қарздор якка тартибдаги тадбиркорга ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсга нисбатан эса энг кам иш ҳақи миқдорининг камида ўттиз каррасини ташкил этиши лозимлигини назарда тутади.
Қонуннинг 6-моддасида қаздорни банкрот деб топиш тўғрисида иқтисодий судга ариза бериш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доираси белгиланган.
Қонун 6-моддасининг иккинчи қисмига кўра, мажбурий тўловлар мажбуриятини бажармаганлиги натижасида қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздор, прокурор, давлат солиқ хизмати органлари ва бошқа ваколатли органлар эга.
Қонунга мувофиқ ДСИ МЧЖни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳамда қарздорнинг мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг беш юз бараваридан ортиқ эканлиги ва мазкур қардорлик уч ойдан ортиқ вақт мобайнида тўланмаганлиги инобатга олиниб, ДСИнинг аризаси иш юритишга қабул қилинган.
Ишни кўриш жараёнида МЧЖ 23.02.2018 йил ҳолатига солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича бюджет олдида умумий миқдорда 102.293.293,15 сўм қарздорликка эга эканлиги аниқланган. Бундан ташқари, қарздорнинг ТИФ Миллий банки олдида 600 млн. сўм, суд ижрочилари бўлими олдида эса 50 млн. сўм кредиторлик қарзи мавжуд бўлган.
Ишни кўриш давомида судга қарздор муваққат бошқарувчисининг аризаси ва кредиторлар йиғилишининг баённомаси тақдим этилган. Улардан маълум бўлишича, қарздорнинг бюджет, банк ва суд ижрочилари бўлими олдидаги қарздорлиги тўлиқ қопланган ва мазкур ҳолат ДСИнинг маълумотномаси, суд ижрочилари бўлими ҳамда банкнинг хатлари билан тасдиқланган.
Қонун 54-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, иқтисодий суднинг қарздорни банкрот деб топишни рад этиш тўғрисидаги қарори қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:
банкротлик аломатлари аниқланмаганда;
иқтисодий суд банкротлик тўғрисидаги иш бўйича қарор қабул қилгунга қадар кредиторларнинг билдирилган талаблари қондирилганда;
сохта банкротлик аниқланганда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Хўжалик суди Пленумининг «Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини хўжалик судлари томонидан қўллашнинг айрим масалалари ҳақида» 2006 йил 27 январдаги 142-сонли қарорининг 23-бандида тушунтирилишича, Қонуннинг 54-моддасига мувофиқ хўжалик судининг қарздорни банкрот деб топишни рад этиш тўғрисидаги қарори қуйидаги ҳолларда қабул қилинади: банкротлик аломатлари аниқланмаганда, яъни қарздорга жами талаблар Қонунда белгиланган миқдордан кам ташкил этган ҳолларда; хўжалик суди банкротлик тўғрисидаги иш бўйича қарор қабул қилгунга қадар кредиторларнинг билдирилган талаблари қондирилганда; сохта банкротлик аниқланганда.
Макур ҳолатда суд томонидан қарор қабул қилингунга қадар барча кредиторларнинг талаби тўлиқ қаноатлантирилган. Ушбу ҳолат юқорда кўрсатилган далиллардан ташқари, МЧЖнинг муваққат бошқарувчи ва бош бухгалтер томонидан тақдиқланган ҳисоботларининг нусхалари билан ҳам тасдиқланган.
Шу боис ДСИнинг МЧЖни банкрот деб топиш тўғрисидаги талабини қаноатлантириш рад этилди.
* * *
Do'stlaringiz bilan baham: |