Жавобгарнинг важлари:
Суғурта шартномасида кўрсатилган суғурта ҳодисаси юз бермаган.
Бундан ташқари, суғурта ҳодисаси юз берганлиги ҳақида даъвогар суғурта компаниясини шартномада белгиланган муддатда ва тартибда хабардор қилмаган. Ушбу ҳолатлар суғурта компанияси томонидан суғурта товонини тўлашни рад этиш учун асос бўлади.
Шунинг учун фермер хўжалигнининг даъво талабини қаноатлантириш рад этилиши лозим.
Суднинг қарори:
Фермер хўжалигининг даъво талабини қаноатлантириш рад этилсин. Суд харажатлари даъвогар зиммасига юклатилсин.
Шарҳ:
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 26-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига кўра, иқтисодий суд мажбуриятлар бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги тўғрисидаги низоларни ҳал этади.
Томонлар ўртасидаги низо мажбурият ҳуқуқидан, аниқроғи суғурта шартномаси мажбуриятлари юзасидан келиб чиққан. Низо бўйича тарафлар бўлиб юридик шахслар ҳисобланади. Шу сабабли уни ҳал этиш иқтисодий судларга тааллуқлидир.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади)нинг 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.
ФК 915-моддасининг биринчи қисмига кўра, мулкий суғурта шартномасига мувофиқ бир тараф (суғурталовчи) шартномада шартлашилган ҳақ (суғурта мукофоти) эвазига шартномада назарда тутилган воқеа (суғурта ҳодисаси) содир бўлганда бошқа тарафга (суғурта қилдирувчига) ёки шартнома қайси шахснинг фойдасига тузилган бўлса, ўша шахсга (наф олувчига) бу ҳодиса оқибатида суғурталанган мулкка етказилган зарарни ёхуд суғурталанувчининг бошқа мулкий манфаатлари билан боғлиқ зарарни шартномада белгиланган сумма (суғурта пули) доирасида тўлаш (суғурта товони тўлаш) мажбуриятини олади.
Даъвогар - фермер хўжалиги (суғурта қилдирувчи) ва суғурта компанияси (суғурталовчи) ўртасида 2015 йил 11 мартда 11-сонли қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчиларнинг бўлғуси пахта экинларидан кам ҳосил олиши натижасида кўрадиган молиявий зарарни суғурталаш шартномаси тузилган. Унга кўра, суғурталовчи ушбу шартномага мувофиқ бевосита кучли шамол, бўрон, дўл, сел, кучли ёмғир (жала), ёнғин, яшин уруши, қурғоқчилик ва гармсел, сув сатҳининг паст бўлиши, кучли қор ёғиши, қора совуқ, сув сатҳининг баланд бўлиши оқибатида фермер хўжалигига тегишли ер майдонини сув босиши, пахта экинларини зараркунандалар босиши, пахта экинининг касаллланиши каби ҳодисалар, яъни суғурта ҳодисаси юз берганда суғурта қилдирувчига суғурта пулини тўлаб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Туман Фермерлар кенгаши, туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими, ҳудуд ер тузувчиси, фермер хўжалиги иштирокида тузилган 2015 йил 15 июлдаги далолатномада фермер хўжалиги томонидан 2015 йил ҳосили учун 23,9 гектар майдонга экилган ғўза майдонлари ҳолати кузатилганида, ғўзаларга туман ҳокимлиги томонидан белгиланган агротехник тадбирлар талаб даражасида амалга оширилганлиги, лекин 15 июль ҳолатига ер майдони сув канали охирида жойлашганлиги сабабли парваришланаётган ғўзаларни суғориш имконияти бўлмаганлиги қайд этилган. Шу муносабат билан ғўзаларни зудлик билан суғориш тавсия этилган.
Пахта ҳосили йиғиб бўлинганидан кейин фермер хўжалиги суғурталовчига мурожаат қилиб, ғўзалар суғорилмаганлиги натижасида фермер хўжалиги пахта етиштиришдан 6 299 400 сўм зарар кўрганлигини билдириб, ушбу суммани суғурта пули сифатида тўлаб беришни сўраган.
Суғурталовчи томонидан фермер хўжалигининг талаби қаноатлантирилмаган. Натижада фермер хўжалиги судга мурожаат қилиб, жавобгардан 6 299 400 сўм суғурта пули ва 1 996 910 сўм суғурта мукофотини ундириб беришни сўраган.
Даъво талабини асослаш мақсадида юқорида қайд этилган 2015 йил 15 июлдаги далолатнома, шунингдек фермер хўжалиги пахта топшириш буйича контрактация шартномасини тўлиқ бажармаганлиги тўғрисида пахта тозалаш заводи томонидан берилган маълумотнома ҳам тақдим этилган.
Ишни судда кўриш жараёнида судга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилган:
- ирригация тизими бошқармасининг 2016 йил 23 июндаги 82/01-19-02-443-сонли маълумотномаси. Ушбу маълумотномада фермер хўжалиги сув таъминоти масаласида мурожаат қилмаганлиги, мазкур масала бўйича хулоса ва далолатномалар тузилмаганлиги, аксинча фермер хўжаликларига сув етказиб берилганлиги тўғрисида сертификатлар туман сув хўжалигига тақдим қилинганлиги қайд этилган.
- 2015 йил ҳосили учун экилган пахта майдонларини суғорилганлиги тўғрисида берилган сертификат. Унда 2015 йил 27 майдан 2015 йил 17 июлгача, 2015 йил 11 августдан 2015 йил 22 августгача фермер хўжалигининг 23,9 гектар ер майдони агротехника талаблари асосида тўлиқ суғорилганлиги, суғоришда камчиликлар мавжуд эмаслиги қайд этилган.
Ушбу сертификат фермер хўжалиги раҳбарининг имзоси ва хўжаликнинг муҳри билан тасдиқланган.
Ушбу ҳолат суғурта шартномасида кўрсатилган суғурта ҳодисаси юз бермаганлигидан далолат беради.
Пахта тозалаш заводи томонидан берилган маълумотнома ҳам суғурта ходисаси юз берганлигини тасдиқламайди.
Бундан ташқари, даъвогар суғурта ҳодисаси (фермер хўжалигининг фикрига кўра) ҳақида суғурта компаниясини шартномада белгиланган муддатда хабардор қилмаган.
Жумладан, шартноманинг 5.4.7-бандига кўра, ушбу шартноманинг 2.1-бандида кўрсатилган суғурта таваккалчиликлари содир бўлганда суғурталовчига ёзма равишда дарҳол ёзма равишда ёки кўпи билан уч кун муддатда хабарнома бериши шарт.
Суғурта шартномасининг 7.1-бандига кўра, суғурта қилдирувчи, суғурталанган экиннинг зарарланиши ёки нобуд бўлиши натижасида суғурталанган экиндан ҳосил олиш имконияти камайса ёки йўқолса суғурталовчига дарҳол ёки воқеа содир бўлган кундан кўпи билан 3 кун ичида бўлиб ўтган ҳодиса тўғрисида ёзма хабарнома бериши лозимлиги белгиланган.
Хабарнома эркин ҳолда ёзилган бўлиши, унда ҳодиса рўй берган ой, кун, давр, содир бўлган ҳодисанинг номи, давом этиш муддати, тезлиги ёки жадаллиги, зарарланган экин номи, қай тарзда зараланганлиги (қисқа ҳолда), юз берган ҳодисанинг экиннинг зарарланишига қандай таъсир қилгани, экин майдони, айбдор шахслар бўлган тақдирда улар ҳақида маълумотлар бўлиши шарт бўлган.
Суғурта шартноманинг 3.2-бандида суғурта қилдирувчи мазкур шартноманинг 7.4-бандида кўрсатилган ҳужжатларни суғурталовчига тўлиқ топширмаса, суғурталовчи экин ҳосилига етказилган зарар учун суғурта товони ёки суғурта пулини тўлашни рад қилиши белгиланган.
Фермер хўжалиги шартноманинг қайд этилган бандларида белгиланган уч кунлик муддатда суғурта ҳодисаси ҳақида суғурта компаниясини хабардор қилмаган. Тегишли ҳужжатларни тақдим қилмаган.
ФКнинг 951-моддасига кўра, мулкий суғурта шартномаси бўйича суғурта қилдирувчи суғурта ҳодисаси юз бергани ўзига маълум бўлганидан кейин бу ҳақда дарҳол суғурталовчини ёки унинг вакилини хабардор қилиши шарт. Агар шартномада хабар қилиш муддати ва (ёки) усули назарда тутилган бўлса, бу шартлашилган муддатда ва шартномада кўрсатилган усулда қилиниши лозим. Агар наф олувчи ўзининг фойдасига тузилган шартнома бўйича суғурта товонига бўлган ҳуқуқдан фойдаланиш ниятида бўлса, айни шундай мажбурият наф олувчи зиммасида бўлади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган мажбуриятнинг бажарилмаслиги суғурталовчига, агар суғурталовчи суғурта ҳодисаси юз берганини ўз вақтида билганлиги ёхуд бу ҳақда суғурталовчида маълумотлар йўқлиги унинг суғурта товонини тўлаш мажбуриятига таъсир этмаслиги исботланмаса, суғурта товонини тўлашни рад этиш ҳуқуқини беради.
Фермер хўжалиги суғурта шартномаси бўйича суғурта ҳодисаси (фермер хўжалигининг фикрига кўра) юз бергани ўзига маълум бўлганидан кейин шартномада белгиланган уч кунлик муддат ичида суғурталовчини ёки унинг вакилини хабардор қилмаган.
Фермер хўжалиги даъво талабида суғурта пулидан ташқари, суғурта мукофотини ҳам ундириб беришни сўраган.
Суғурта мукофоти деганда, суғурта қилдирувчи (наф олувчи) суғурта шартномасида белгиланган тартибда ва муддатларда суғурталовчига тўлаши шарт бўлган суғурта ҳақи тушунилади (ФК 942-моддасининг биринчи қисми).
Фермер хўжалиги томонидан суғурта мукофоти шартнома мажбуриятлари доирасида тўланган. Уни қайтариш учун учун асослар мавжуд эмас.
Шунинг учун суд томонидан фермер хўжалигининг даъво талабини қаноатлантириш рад этилган.
Қолаверса, фермер хўжалиги шартномада кўрсатилган суғурта ҳодисаси рўй берганлигини ҳам далиллар билан исботлаб бермаган. Судга тақдим этилган 2016 йил 15 июлдаги далолатнома эса суғурта ҳодисаси рўй берганлигини тасдиқламайди.
* * *
Иқтисодий суд банкротлик тўғрисидаги иш бўйича қарор қабул қилгунга қадар кредиторларнинг билдирилган талаблари қондирилган тақдирда, суд қарздорни банкрот деб топишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |