III боб. Шаҳардаги йўналишларда йўловчилар ва багаж ташиш
1-§. Умумий қоидалар
23. Шаҳар йўловчилар ташиш транспорти йўналишлари қуйидаги турларга бўлинади:
а) шаҳардаги оддий, тезкор, экспресс ва тиғиз пайтлардаги қўшимча йўналишлар;
б) шаҳар четидан кўпи билан 2 км четга чиқувчи шаҳарда қатновчи йўналишлар;
в) йўналишли таксилар.
Шаҳардаги йўналишлар шаҳар (шаҳарча)даги турар жой ва саноат ҳудудларини маданий-маиший ва спорт-соғломлаштириш ташкилотлари, вокзаллар, аэропортлар, автостанциялар, метро станциялари, темир йўл платформалари, пристанлар ва шу кабилар билан транспорт алоқасини таъминлаши керак.
24. Аҳолига хизмат кўрсатиш хусусиятига мувофиқ шаҳардаги йўналишлар бир нечта иш режимига эга бўлиши мумкин:
а) сутка, ҳафта кунлари, ойнинг белгиланган даври мобайнида амал қиладиган доимий йўналишлар;
б) дам олиш ҳудудлари, спорт-соғломлаштириш комплекслари, ярмаркалар ва шу кабилар фаолият кўрсатадиган даврда ташкил этиладиган мавсумий йўналишлар;
в) махсус йўналишлар;
г) кўча–йўл шохобчаларида фавқулодда вазиятлар пайдо бўлганда, айрим участкалар, транспорт йўллари ва майдонлар ёпилганда жорий этиладиган вақтинчалик йўналишлар.
2-§. Йўл ҳақини йўлкира карточкалари билан тўлаш
25. Йўлкира карточкаларини олдиндан сотиш махсус ташкил этилган сотиш шохобчаларида, шунингдек савдо ташкилотлари ва бевосита ташувчи орқали амалга оширилади.
Йўлкира карточкаси багажни бепул ташиш ҳуқуқини бермайди.
Йўлкира карточкалари сериялари, транспорт турлари бўйича бўлинади ва йўловчиларнинг барча тоифалари учун, имтиёзли карточкалар эса — пенсионерлар, ногиронлар, талабалар ва ўқувчилар учун ҳақиқий ҳисобланади.
Шаҳар транспортида фойдаланиладиган барча серия ва турдаги йўл карточкалари таксилар, шаҳар атрофидаги ва шаҳарлараро (вилоятлараро ва халқаро) йўналишлар учун ҳақиқий ҳисобланмайди.
3-§. Транспортда юриш шартлари
26. Йўловчиларни транспортга чиқариш ва ундан тушириш фақат тўхтаб ўтиш манзилларида амалга оширилиши мумкин. Йўналишда «талабга кўра» тўхташ жойлари мавжуд бўлганда йўловчи ҳайдовчига автотранспорт воситасини тўхтатиш зарурлиги тўғрисида олдиндан маълум қилиши керак.
27. Йўналишли ёки йўналишсиз таксилар йўловчиларини чиқариш ва тушириш йўловчилар талабига кўра, йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлиги қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга оширилади.
28. Йўл карточкаси ёхуд автобусда юриш ҳуқуқини тасдиқловчи бошқа ҳужжати бўлган йўловчи уни автобусга чиқиш вақтида кўрсатиши шарт.
29. Шаҳардаги автобус йўналишларида йўловчи етти ёшгача бўлган болаларни ўзи билан бирга бепул олиб юриш ҳуқуқига эга.
30. Мактабгача ёшдаги болали йўловчилар, ҳомиладор аёллар, ногиронлар ва кекса фуқаролар учун автобус салонида, унинг йўловчи сиғимига қараб, 6 та олдинги жойлар ажратилади. Ушбу жойларни эгаллаган бошқа йўловчилар уларни мазкур шахслар учун бўшатишлари керак.
31. Ҳайдовчи автобусни тўхташ жойидан фақат эшикларни ёпган ҳолда, йўловчилар тўлиқ тушириб ва чиқариб бўлингандан сўнг юргизиши, бекатларни аниқ ва тўғри эълон қилиши, қатнов йўналиши ўзгарган тақдирда эса бу тўғрида ҳар қайси бекатда эълон қилиши шарт. Автобус салонини автобуснинг муайян тури учун белгиланган умумий сиғимидан ортиқча тўлдиришга йўл қўйилмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |