23-модда. Ер участкалари бериш (реализация қилиш)
Ер участкаларини эгалик қилиш, фойдаланиш учун, ижарага ва мулк қилиб бериш (реализация қилиш) ер ажратиш тариқасида амалга оширилади.
Ер участкаларини ажратиб бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар, шаҳарлар ҳокимлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда амалга оширилади.
Эгаликдаги, фойдаланишдаги, ижарадаги ва мулк қилиб берилган ер участкасини бошқа шахсларга бериш (реализация қилиш) фақат шу участка белгиланган тартибда олиб қўйилганидан (сотиб олинганидан) кейин амалга оширилади.
Саноат корхоналари, темир йўллар ва автомобиль йўллари, алоқа ва электр ўтказиш линиялари, магистрал трубопроводлар қуриш учун, шунингдек қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ бўлмаган бошқа эҳтиёжлар учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар ёки қишлоқ хўжалиги учун яроқсиз бўлган ерлар ёхуд қишлоқ хўжалигининг сифати ёмон ерлари берилади (реализация қилинади). Ўрмон фондига қарашли ерлардан мазкур мақсадлар учун ер участкалари бериш (реализация қилиш) асосан ўрмон билан қопланмаган майдонлар ёки бута ва арзонбаҳо дов-дарахтлар билан қопланган майдонлар ҳисобидан амалга оширилади.
Берилган (реализация қилинган) ер участкасининг чегараларини тегишли ер тузиш хизмати натурада (жойнинг ўзида) белгилагунига ва ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжатлар берилгунига қадар мазкур ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланишга киришиш тақиқланади.
Ер участкаларини эгалик қилиш, фойдаланиш учун, ижарага ва мулк қилиб бериш (реализация қилиш) тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
1. Ер ажратиш (реализация қилиш) ер участкаларини эгалик қилиш, фойдаланиш, ижарага бериш ёки мулк қилиб бериш орқали амалга оширилади. Туманлар, шаҳарлар ҳокимлари ер участкалари берилаётганда буюртмачиларга ер участкаларидан фойдаланишга доир қуйидагилардан иборат бўлган ахборот тақдим этадилар: ер участкаларидан фойдаланишдан кўзланган мақсад; ер участкаларининг жойлашган манзили; ер участкаларининг лойиҳа бўйича чегаралари; ер участкаларининг муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмалар объектлари билан таъминланганлиги. Юридик ва жисмоний шахсларга қуриш учун ер участкалари берилганда (реализация қилинганда) туманлар, шаҳарлар ҳокимлари томонидан объектларнинг қурилиш муддатларига риоя этиш ҳамда қуриш мўлжалланган жойга туташ умумий фойдаланишдаги ҳудудни ободонлаштириш талаблари белгиланади. Ер ажратиш(реализация қилиш)да ҳар бир ер тоифа фондининг ўзига хослиги, ундан фойдаланиш мақсади ва тартиби инобатга олинади.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 126–сонли қарори билан тасдиқланган “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларини улар жойлашган ер майдонлари билан биргаликда ҳамда ер майдонларини мерос қилиб қолдириш шарти билан умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида хусусий мулк сифатида сотиш тартиби тўғрисида”ги 1995 йил 11 апрелда қабул қилинган Низомга асосан, бу борада ер учаскалари савдо ёки хизмат кўрсатиш мақсадларида фуқароларга қуйидаги шартлар мавжуд бўлганда хусусий мулк қилиб реализация қилинади: 1) ер участкасини олиш тўғрисидаги ваколатли давлат органига ундан аниқ фойдаланиш нияти борлигини ифодаловчи ариза билан расман мурожаат қилиш; 2) мурожаат қилувчи шахснинг қонунда белгиланган ер ҳуқуқдорлигига эгалиги; 3) сўралаётган ер учаскасида олиб борилган фаолиятнинг қонуний эканлиги; 4) ер участкасини бериш тўғрисидаги илтимосномани белгиланган тартибда кўрилиши. Ер учаскасини кимошди савдосида сотиш мустақил юридик ҳуқуқдорликка эга бўлган субъектлар, яъни ўзининг маҳаллий ҳокимият органи орқали давлат ҳамда фуқаро ўртасида амалга оширилади.
3. Муомилада бўлган, муайян юридик ёки жисмоний шахсга тегишли бўлган ер участкасини бошқа шахсларга бериш (реализация қилиш) ушбу участка белгиланган тартибда олиб қўйилганидан кейин амалга оширилади. Бунда олиб қўйиш мулкдор ихтиёри билан (мулкдорнинг ер участкасини сотиши) ёки унинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган (мусодара қилиниши, давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши) тарзда амалга оширилиши мумкин.
4. Саноат корхоналари, темир йўллар ва автомобиль йўллари, алоқа ва электр ўтказиш линиялари, магистрал трубопроводлар қуриш учун, шунингдек қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ бўлмаган бошқа эҳтиёжлар учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар ёки қишлоқ хўжалиги учун яроқсиз бўлган ерлар ёхуд қишлоқ хўжалигининг сифати ёмон ерлари берилишининг асосий сабаби шундаки, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар муҳим аҳамиятга эга бўлиб, уларнинг чекланганлиги ҳамда иқтисодиётни шакллантиришда ҳамда аҳолини кундалик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлашдаги ўрнини инобатга олиб уларнинг алоҳида ҳуқуқий мақоми берилган. Шаҳарлар ва посёлкаларда, шунингдек қишлоқ хўжалиги ҳамда ўрмон хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг эгалигидаги ерлар таркибига кирмаган қишлоқ аҳоли пунктларида доимий яшаб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар бир оилага 0,06 гектаргача ер участкалари берилади. Яшаш учун яроқли бўлган турар жойни яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказишга йўл қўйилмайди. Алоҳида ҳолларда, турар жойни яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказиш мулкдорнинг ёки у ваколат берган органнинг (шахснинг) аризасига кўра туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қарорига биноан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. Якка тартибда уй-жой қуриш учун 0,04 гектаргача доирада ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи белгиланган тартибда ким ошди савдоси асосида реализация қилинади. Ер участкаларини эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳузурида ҳокимлар бошчилигидаги доимий ишлайдиган комиссиялар тузилиб, улар таркибига давлат кадастри ва ер тузиш хизмати, табиатни муҳофаза қилиш, архитектура, санитария-эпидемиология хизмати органлари, фуқаролар йиғинларининг вакиллари ва бошқа шахслар киритиади.
5. Шарҳланаётган моддага биноан, берилган (реализация қилинган) ер участкасининг чегараларини тегишли ер тузиш хизмати натурада (жойнинг ўзида) белгилагунига ва ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжатлар берилгунига қадар мазкур ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланишга киришиш тақиқланади. Ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжатларда қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак: ҳудудий зонанинг қуриш қоидаларида белгиланган коди; ер участкаси жойлашган ҳудудий зонанинг функционал мақсади; ер участкаси ёки унинг бир қисми маданий мерос объектларининг, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг муҳофаза зоналари, сувни муҳофаза қилиш зоналари чегараларида, шунингдек табиий ва техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятларнинг таъсирига учраган ҳудудлар ва аҳоли пунктларининг ҳамда фойдаланилишига қонун ҳужжатларида чеклашлар белгиланувчи бошқа ҳудудларнинг чегараларида жойлашганлиги; ер участкаси чегараларида муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмалар объектларининг мавжудлиги, мазкур объектлар кўрсаткичлари ва улардан фойдаланишдаги чеклашларни ҳам кўрсатган ҳолда; ер участкаси чегараларида ер участкаси мулкдорига, эгасига ёки бу участкадан фойдаланувчига тегишли бўлмаган бинолар ва иншоотларнинг мавжудлиги, мазкур ер участкасида кўрсатиб ўтилган объектлар жойлашгани муносабати билан ундан фойдаланишдаги чеклашлар ҳам кўрсатилиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |