7-модда. Шаҳарлар давлат ҳокимияти органларининг ер
муносабатларини тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари
Ер муносабатларини тартибга солиш соҳасида қуйидагилар шаҳарлар давлат ҳокимияти органларининг ваколатларига киради:
ерлардан оқилона ва самарали фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш тадбирларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга ошириш;
ер участкасининг ўлчамидан қатъи назар, шаҳар чегараси доирасида эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага ер бериш, шунингдек ерни олиб қўйиш, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг ерлари бундан мустасно;
ер участкаларини савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари билан биргаликда юридик ва жисмоний шахсларга мулк этиб реализация қилиш;
ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини кимошди савдоси асосида фуқароларга реализация қилиш;
ер тузишни, ер мониторинги ўтказилишини ва давлат ер кадастри юритилишини ташкил этиш;
ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар ҳамда уларга оид битимларнинг давлат рўйхатига олинишини ташкил этиш;
ерга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқларини ҳамда ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқини белгиланган тартибда ушбу Кодекснинг 36-моддасига мувофиқ бекор қилиш;
ер муносабатларини тартибга солиш соҳасида шаҳарлар давлат ҳокимияти органларининг ваколатларига кирадиган бошқа масалаларни ҳал қилиш.
Мазкур моддада ер муносабатларини тартибга солиш соҳасида давлат ҳокимияти органлари тасарруфига саккиз асосий йўналиш киритилган. Мазкур рўйхат тўққизинчи бандда давлат ҳокимияти органларига бошқа масалалар ҳам топширилгани учун узил-кесил ҳисобланмайди.
Ҳар бир йўналишни алоҳида шарҳлаб ўтамиз
1. Ерлардан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
Шаҳар ҳокимиятилари томонидан ерлардан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга оширишга қаратилган муносабатларни тартибга солиш Ер Кодекси, табиатни муҳофаза қилиш ва Шаҳарсозлик кодекслари томонидан таъминланади.
Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик кодекси 4-моддасида айтиб ўтилганидек, шаҳарсозлик фаолияти шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларини яшаш шароитлари билан таъминлаш, хўжалик ва бошқа фаолият турларининг атроф-муҳитга таъсирининг олдини олиш, экологик вазиятнинг яхшиланиши, аҳоли пунктларининг муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфраструктурасини ривожлантириш, шаҳарсозлик воситалари билан маданий мерос объектларини сақлаш.
Аҳоли пунктларининг, муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфраструктура давлат тизимлари барқарор тараққиёти, табиий заҳираларни сақлаш, маданий мерос объектларининг муҳофазаси учун шароитнинг таъминланиши шаҳарсозлик соҳасида давлат манфаатлари ҳисобланади.
Аҳолининг сонига қараб шаҳар аҳоли пунктлари Шаҳарсозлик кодексининг 9-моддасига мувофиқ қуйидаги турларга бўлинади:
Энг йирик – аҳолининг сони бир миллиондан ортиқ;
йирик – аҳолининг сони икки юз эллик мингдан бир миллионгача;
катта – аҳолининг сони юз мингдан икки юз эллик мингача;
ўрта – аҳолининг сони эллик мингдан юз мингача;
кичик – аҳолининг сони эллик мингача.
Аҳолининг сонига кўра қишлоқ аҳоли пунктлари қуйидагиларга ажратилади:
йирик – аҳолининг сони беш мингдан ортиқ;
катта – аҳолининг сони уч мингдан беш мингача;
ўрта – аҳолининг сони бир мингдан уч мингача;
кичик – аҳолининг сони минг кишигача.
Аҳоли пунктининг турига қараб қонунчилик томонидан шаҳарсозлик ҳужжатларининг таркиби ўрнатилади.
Янги ва мавжуд аҳоли пунктларининг жойлаштирилиши аҳоли пунктининг турига, ижтимоий-иқтисодий ва шаҳарсозлик башорат, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлаштиришнинг бош схемасига, ҳудудларни режалаштириш ва туманларни лойиҳалаштириш (районлар группаси), шунингдек режалар лойиҳаларига мувофиқ амалга оширилади.
Аҳоли пунктлари ҳудудидаги ерлар жойларда давлат ҳокимияти органлари тасарруфида бўлиб, улар ўз фаолиятини тасдиқланган режаларга кўра амалга оширадилар.
Шаҳар ва туман давлат ҳокимияти органлари Шаҳарсозлик кодексининг 20-моддасида айтилганидек қуйидагиларни амалга оширадилар:
Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликка риоя қилишни амалга оширадилар, шунингдек ер жамғармасининг, ижтимоий ва ишлаб чиқариш объектларининг бутунлигини таъминлайди;
Оқилона жойлаштириш, муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфраструктура масалаларини ҳал қиладилар;
Маҳаллий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш бўйича шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича вазифани амалга оширадилар ва уларни маблағ билан таъминлайдилар.
Агар у мазкур Кодекс ва қонунчиликнинг бошқа актларига мувофиқ бўлмаса, ўз ҳудудларида шаҳарсозлик фаолиятини чеклайдилар, тўхтатадилар ёки ман қиладилар;
Қонунчиликда ўрнатилган тартибда ўзбошимчалик билан қурилган объектларни бузишни ташкил қиладилар;
Туман (туманлар гуруҳи) планини тузишда, батафсил лойиҳалаштиришда, қуриш лойиҳалари ва уларни амалга оширишда иштирок этадилар;
Объектларни қуриш тўғрисида қабул қиилишда иштирок этадилар;
Бинолар, иншоотлар, ва аҳоли пунктларининг бошқа объектларининг техник ҳолатини инвентаризация қилишни ташкил қиладилар;
Аҳолини шаҳарсозлик фаолияти соҳасида қабул қилинаётган қарорлар тўғрисида хабардор қилиб турадилар;
Қонунчиликка мувофиқ бошқа фаолиятларни амалга оширади;
Мазкур модданинг саккизинчи абзаци қоидалари шаҳарлар таркибига кирувчи районлар давлат ҳокимияти органларига татбиқ қилинмайди.
Ерларни муҳофаза қилиш Ер Кодексининг 79-82-моддаларига мувофиқ амалга оширилади. Ерларни муҳофаза қилиш деганда ерларнинг хосилдорлигини ошириш, улардан оқилона фойдаланиш, қайта ишлашга, ўрмон фондининг ерлари самарадорлигини оширишга, ерларни қишлоқ хўжалиги обороти ва алоҳида муҳофаза қилинадиган ерлар таркибидан асоссиз олиб қўйиш, зарарли антропоген таъсирдан ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий, ташкилий, иқтисодий, технологик ва бошқа тадбирлар тизими тушунилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |