8. Ер тузишни, ер мониторинги ўтказилишини ва давлат ер кадастри юритилишини ташкил этиш.
Ер тузиш ердан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш, ер ресурсларини ҳисобга олиш ва баҳолашга, қулай экологик муҳит тузиш ва табиий ландшафтларни яхшилаш, ер тузишнинг ички хўжалик ва ҳудудий режаларини тузишга йўналтирилган чора-тадбирлар тизимини қамраб олади.
Ер тузиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органи қарорига ёки юридик ва жисмоний шахсларнинг талабномаларига мувофиқ ер тузиш хизмати органлари томонидан амалга оширилади (Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси 12-моддаси).
Ер мониторинги ер таркибидаги ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш, ерларга баҳо бериш, салбий жараёнларнинг олдини олиш ва оқибатларини тугатиш учун ер фондининг ҳолатини кузатиб туриш тизимидан иборат.
Давлат ер кадастрини юритишни, ердан фойдаланишни, ер тузишни, ер фондидан белгиланган мақсадда ва оқилона фойдаланиш устидан давлат назоратини амалга оширишни, ерларни муҳофаза қилишни ахборот билан таъминлаш ер мониторинги асосида амалга оширилади.
Ер мониторингини ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
2000 йил 23 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг №496 сонли “Ўзбекистон Республикасида ер мониторинги тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси ер мониторингининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
ер фонди ҳолати ўзгаришларини ўз вақтида аниқлаш устидан кузатишлар тизимини ташкил этиш ва амалга ошириш, уларни баҳолаш, салбий жараёнларни прогнозлаш ҳамда уларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;
давлат ер кадастри юритилишини, ердан фойдаланишни, ер тузишни, ер фондидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш, ерларни муҳофаза қилиш ва ер ресурсларини давлат томонидан бошқаришга доир бошқа функциялар устидан давлат назоратини ахборот билан таъминлаш.
Ер кодексининг 15-моддасига мувофиқ, давлат ер кадастри ерларнинг табиий, хўжалик ва ҳуқуқий режими, уларнинг тоифалари, сифат кўрсаткичлари ва баҳоси, ер участкаларининг жойлашган манзили ва ўлчамлари, уларни ер эгаларига, ердан фойдаланувчиларга, ижарачиларга ҳамда мулкдорларга тақсимлаш тўғрисидаги зарур, ишончли маълумотлар ва ҳужжатлар тизимидан иборат.
“Давлат ер кадастри тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасига мувофиқ, давлат ҳокимияти маҳаллий органларининг давлат ер кадастрини юритиш соҳасидаги ваколатлари қуйидагилардан иборат:
ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар ҳамда уларга оид битимларнинг давлат рўйхатига олинишини ташкил этиш;
давлат ер кадастрини юритиш ишларини маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаш;
давлат ер кадастри юритилишини ташкил этиш ва назорат қилиш;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга ошириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |