6. Ер участкаларини савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари билан биргаликда юридик ва жисмоний шахсларга мулк этиб реализация қилиш. Ер кодексининг 18-моддасига мувофиқ, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари улар жойлашган ер участкалари билан бирга хусусийлаштирилганда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда вужудга келади.
Ушбу муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларини улар жойлашган ер майдонлари билан биргаликда ҳамда ер майдонларини мерос қилиб қолдириш шарти билан умрбод эгалик қилиш учун хусусий мулк сифатида сотиш тартиби тўғрисида”ги Низом (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 11 апрелдаги №126 сонли қарорига 3-илова) ташкил этади.
Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларини улар жойлашган ер майдонлари билан биргаликда жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан, хорижий жисмоний ва юридик шахсларга, хусусийлаштириладиган объектларни сотиб олишда улар фойдаланадиган маблағларнинг манбалари ҳақида декларация талаб қилмаган ҳолда, хусусий мулк сифатида сотиш танлов асосида ёки кимошди савдоларида Ўзбекистон Республикаси давлат мулки объектларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришнинг белгиланган тартибига ва “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларини улар жойлашган ер майдонлари билан биргаликда ҳамда ер майдонларини мерос қилиб қолдириш шарти билан умрбод эгалик қилиш учун хусусий мулк сифатида сотиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ амалга оширилади. Сотиш тегишли ҳокимликлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари жойлашган ер майдонларини хусусий мулк сифатида сотиш ҳақидаги қарорларни тақдим этишгандан кейин Давлат мулки қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.
Давлат мулки қўмитаси ёки унинг ҳудудий бошқармаси билан янги мулкдор ўртасида объектнинг фаолият тури тўғрисида шартнома тузиш танлов ёки кимошди савдосининг шарти ҳисобланади
Вилоят, туман ва шаҳар ер тузиш хизматлари тегишли ҳудуд бўйича қурилган ва чала қурилган ер майдонларининг чегараларини (контурларини) натура тарзида белгилайдилар ҳамда сотувчига (Давлат мулки қўмитасига ёки унинг ҳудудий бошқармасига) ана шу майдонларнинг ҳажмини тасдиқловчи ҳужжатларни берадилар. Бунда ер майдони савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасининг сотиб олинаётган объектининг санитария ва технология жиҳатидан фаолият кўрсатишини таъминлаш учун зарур бўлган энг кам ҳажмдан ошмаслиги керак.
Танлов ёки кимошди савдоси ғолибига Давлат мулки қўмитаси ёки унинг ҳудудий бошқармаси томонидан уни кейинчалик тегишли ҳокимликлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида рўйхатдан ўтказиш учун объектга у жойлашган ер майдони билан биргаликда эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат далолатномаси белгиланган тартибда берилади.
Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари улар жойлашган ер майдонлари билан биргаликда танлов бўйича ва кимошди савдосида хусусий мулк сифатида сотилаётганда объектнинг ва ер майдонининг нархини ўз ичига олувчи ягона бошланғич нарх белгиланади.