9.2. Бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ва ашёвий хуқуқлар
Ўзбекистон Республикаси Фуқоралик Кодексининг 165-моддасига биноан Мулк ҳуқуқи билан бир қаторда хўжалик юритиш ҳуқуқи ва оператив бошқариш ҳуқуқи, яъни, мулкдор бўлмаган шахсларнинг ашёвий ҳуқуқлари ҳисобланади.
Мазкур кодекснинг 167-моддасига биноан Ўзбекистон Республикасида мулк хусусий мулк ва оммавий мулк шаклларида бўлади, 168-моддасига биноан фуқаролар, юридик шахслар ва давлат мулк ҳуқуқининг субъектлари ва 169-моддасига асосан бинолар, квартиралар, иншоотлар мулк ҳуқуқининг объектлари хисобланади.
Мазкур кодекснинг 207-моддасига биноан Хусусий мулк ҳуқуқи шахснинг қонун ҳужжатларига мувофиқ тарзда қўлга киритган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқидир. Хусусий мулк бўлган мол-мулкнинг миқдори ва қиймати чекланмайди.
Фуқаролар, хўжалик ширкатлари ва жамиятлари, кооперативлар, жамоат бирлашмалари, ижтимоий фондлар ва давлатга қарашли бўлмаган бошқа юридик шахслар хусусий мулк ҳуқуқининг субъектлари ҳисобланадилар (208-модда) .
Мазкур кодекснинг 213-моддасига биноан Республика мулки ва маъмурий-ҳудудий тузилмалар мулкидан (муниципал мулк) иборат бўлган давлат мулки оммавий мулкдир.
214-моддага биноан Республика мулкига қуйидаги бино-иншоотлар киради:
-давлат ҳокимияти ва бошқаруви республика органларининг мол-мулки,
- давлат аҳамиятига эга бўлган моддий маданий мерос объектлари,
-корхоналар ва бошқа мулкий комплекслар, ўқув, илмий, илмий-тадқиқот муассасалари ва ташкилотларининг объектлари;
-бюджет ёки давлатнинг ўзга маблағлари ҳисобидан яратилган ёки сотиб олинган объектлар.
Республика мулки бўлган мол-мулкни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ёки улар махсус вакил қилган органлар тасарруф қиладилар.
215-моддага биноан Муниципал мулк -давлат ҳокимияти маҳаллий органларининг бино-иншоотлари, муниципал уй-жой фонди ва коммунал хўжалик, корхоналар ва бошқа мулкий комплекслар, халқ таълими, маданият, соғлиқни сақлаш муассасаларининг , шунингдек бошқа бино-иншоотлар муниципал мулк бўлади. Муниципал мулк бўлган мол-мулкни, давлат ҳокимияти маҳаллий органлари ёки улар вакил қилган органлар тасарруф этадилар.
216-моддага биноан икки ёки ундан ортиқ шахснинг эгалигида бўлган мол-мулк уларга умумий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлади ва умумий мулк бўлган мол-мулк улушларга бўлинади- улуши аниқлаб қўйилган (улушли мулк) ёки бундай улушлар аниқлаб қўйилмаган (биргаликдаги мулк).
Улушли мулкдаги мол-мулк унинг барча иштирокчиларининг келишуви билан тасарруф этилади.
Улушли мулк иштирокчиси ўз хоҳишига қараб ўз улушини сотишга, совға қилишга, васият қилиб қолдиришга, гаровга беришга ёки бошқача тарзда тасарруф этишга улушни ҳақ эвазига бошқа шахсга бериш ваколатларига эга бўлади.
264-моддага биноан Бир шахснинг бошқа шахсга мол-мулкни (бино-иншоотни) ёки унга бўлган ҳуқуқни мажбуриятларни таъминлаш учун бериши гаров ҳисобланади.
Гаров закалат, ипотека, шунингдек ҳуқуқлар гарови тарзида амал қилиши мумкин.
Гаровга қўйиладиган мулк гаровга қўювчи томонидан гаровга олувчига ўтказилганда гаров закалат деб ҳисобланади.
Бино- иншоотни гаровга қўйиш ипотека ҳисобланади.
Гаров ҳуқуқи гаров тўғрисида шартнома тузилган пайтдан ёхуд, башарти шартнома нотариал тасдиқланиши шарт бўлса — нотариал тасдиқланган пайтдан, шартнома рўйхатдан ўтказилиши шарт бўлганида эса — у рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.
Ер юзида, ер тепасида ва ер остида жойлашган бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи, хўжалик юритиш ҳуқуқи ва оператив бошқариш ҳуқуқи, бу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, ўзга шахсга ўтиши, чекланиши ва бекор қилиниши давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
Моддий маданий мерос объектларига бўлган ҳуқуқлар қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.
Мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, шунингдек тақдим этилган ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги ёки тўғрилиги ҳақида шубҳа туғилган ҳолларда бино, иншоотга бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ масаласи даъво тартибида суд томонидан ҳал этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |