Жамоат фондлари - Фуқаролар ва (ёки) юридик шахслар томонидан ихтиёрий мулкий бадаллар қўшиш асосида ташкил этилган, хайрия, ижтимоий, маданий, маърифий ёки бошқа ижтимоий фойдали мақсадларни кўзлайдиган, аъзолиги бўлмаган нодавлат нотижорат ташкилоти жамоат фонди деб эътироф этилади.
Жамоат фондига унинг муассислари (муассиси) ёки васият қилувчи томонидан ўтказилган мол-мулк фонднинг мулкидир.
Жамоат фондининг мол-мулкидан фонд уставида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш ҳамда маъмурий харажатларни қоплаш учун фойдаланилади. Фонд қонун ҳужжатларига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан ўз уставида белгиланган мақсадларга тўғри келадиган доирада шуғулланиши мумкин. Фонднинг тижорат ташкилотлари устав фондидаги (устав капиталидаги) иштироки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Жамоат фондининг уставида мол-мулкига доир қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:
-фонднинг мол-мулкини шакллантириш манбалари; фонднинг, унинг ваколатхоналари ҳамда филиалларининг мол-мулкни бошқариш борасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
-фонд тугатилган тақдирда унинг мол-мулкидан фойдаланиш тартиби;
Муассасалар -Бошқарув, ижтимоий-маданий вазифаларни ёки тижоратчиликдан иборат бўлмаган бошқа вазифаларни амалга ошириш учун мулкдор томонидан ташкил этилган ва тўла ёки қисман молиявий таъминлаб туриладиган ташкилот муассаса ҳисобланади.
Муассаса ўз мажбуриятлари бўйича ихтиёридаги пул маблағлари билан жавоб беради. Бу маблағлар етарли бўлмаса, тегишли мол-мулкнинг эгаси унинг мажбуриятлари юзасидан субсидиар жавобгар бўлади.
Юридик шахслар бирлашмалари-Тижорат ташкилотлари ўзларининг тадбиркорлик фаолиятларини мувофиқлаштириш, шунингдек муштарак мулкий манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида нотижорат ташкилотлар ҳисобланувчи уюшмалар (иттифоқлар) ва ўзга бирлашмаларига бирлашишлари мумкин. Агар иштирокчиларнинг қарорига мувофиқ уюшмага (иттифоққа) ва ўзга бирлашмага тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш вазифаси юклатилса, бундай уюшма (иттифоқ) ва ўзга бирлашма хўжалик ширкати ёки жамиятига айлантирилиши керак ёхуд тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун хўжалик жамиятлари тузиши ёки уларда иштирок этиши мумкин.
Нотижорат ташкилотлари ўз фаолиятларини мувофиқлаштириш, шунингдек муштарак манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида уюшмалар (иттифоқлар) шаклида бирлашмалар тузишлари мумкин.
Уюшма (иттифоқ) ва ўзга бирлашмалар юридик шахс ҳисобланади.
Уюшма (иттифоқ) ва ўзга бирлашмаларнинг аъзолари ўз мустақилликларини ва юридик шахс ҳуқуқларини сақлаб қоладилар.
Уюшма (иттифоқ) ва ўзга бирлашмалар ўз аъзоларининг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.
Уюшма (иттифоқ) ва ўзга бирлашмаларнинг аъзолари уларнинг мажбуриятлари бўйича уюшма (иттифоқ) ва ўзга бирлашмаларнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда ва тартибда субсидиар жавобгар бўладилар.
Уюшма (иттифоқ) ва ўзга бирлашмаларнинг номи уларнинг асосий фаолиятини кўрсатиши, унга «уюшмаси», «иттифоқи» сўзлари ёки бирлашма турини кўрсатадиган бошқа сўз киритилган бўлиши керак.