Унитар корхона -Ўзига бириктириб қўйилган мол-мулкка нисбатан мулкдор томонидан мулк ҳуқуқи берилмаган тижоратчи ташкилот унитар корхона ҳисобланади.
Унитар корхонанинг мол-мулки бўлинмасдир ва у қўшилган ҳиссалар (улушлар, пайлар) бўйича, шу жумладан корхона ходимлари ўртасида ҳам, тақсимланиши мумкин эмас.
Унитар корхонанинг мол-мулки унга хўжалик юритиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқи асосида тегишлидир.
Унитар корхонанинг фирма номида унинг мол-мулкининг эгаси кўрсатилган бўлиши керак.
Унитар корхонани бошқариш органи унинг раҳбари бўлиб, бу раҳбар мулкдор томонидан ёки мулкдор вакил қилган орган томонидан тайинланади ҳамда уларга ҳисоб беради.
Унитар корхона ўз мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли бутун мол-мулк билан жавоб беради.
Унитар корхона ўз мол-мулки эгасининг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайди
Ишлаб чиқариш кооперативлари -Фуқароларнинг шахсий иштирок этиш ҳамда аъзоларнинг (иштирокчиларнинг) мулк билан қўшиладиган пай бадалларини бирлаштириш асосида биргаликда ишлаб чиқариш ёки бошқа хўжалик фаолиятини олиб бориш учун аъзолик негизидаги ихтиёрий бирлашмаси ишлаб чиқариш кооперативи ҳисобланади. Қонунда ва ишлаб чиқариш кооперативининг таъсис ҳужжатларида унинг фаолиятида аъзолик асосида юридик шахслар ҳам иштирок этиши назарда тутилиши мумкин.
Ишлаб чиқариш кооперативининг аъзолари кооперативнинг мажбуриятлари бўйича қонунда ва кооператив уставида назарда тутилган миқдорларда ва тартибда субсидиар жавобгар бўладилар.
Кооперативнинг фирма номи кооперативнинг номини, шунингдек «ишлаб чиқариш кооперативи» деган сўзларни ўз ичига олган бўлиши лозим.
Матлубот кооперативи -Иштирокчиларнинг моддий (мулкий) эҳтиёжларини қондириш мақсадида фуқароларнинг аъзоликка асосланган ихтиёрий бирлашмаси матлубот кооперативи ҳисобланиб, бу бирлашув унинг аъзолари томонидан ўз мулкий (пай) бадалларини қўшиш йўли билан амалга оширилади.
Матлубот кооперативининг уставида мол-мулкига доир қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:
-кооператив аъзолари қўшадиган пай бадалларининг миқдори тўғрисидаги;
-кооператив аъзолари пай бадалларининг таркиби ва уларни қўшиш тартиби ҳамда уларнинг бадални қўшиш мажбуриятини бузганлик учун жавобгарлиги тўғрисидаги;
-кооперативни бошқариш органларининг таркиби ҳамда ваколатлари ва улар -кооператив кўрган зарарларни кооператив аъзолари томонидан тўлаш тартиби тўғрисидаги.
Матлубот кооперативининг номида унинг фаолиятининг асосий мақсади кўрсатилиши, шунингдек «кооперативи» сўзи ёки «матлубот уюшмаси» ёхуд «матлубот жамияти» деган сўзлар бўлиши керак.
Матлубот кооперативининг аъзолари кўрилган зарарни йиллик баланс тасдиқланганидан кейин уч ой мобайнида қўшимча бадаллар тўлаш йўли билан қоплашлари шарт. Ушбу бурч бажарилмаган тақдирда кооператив кредиторларнинг талабларига мувофиқ суд томонидан тугатилиши мумкин.