Тасдиқловчи қисмда ҳужжат учун юридик хуқуқ берувчи маълумотлар жойлашади. Масалан: моддий жавобгар шахснинг исми-шарифи, имзоси, раҳбарнинг исми-шарифи, имзоси, корхона, ташкилотнинг муҳри.
Машина ичидаги ахборот таъминоти асосан 2 қисмдан иборат:
1. Маълумотлар базаси; 2. Маълумотлар базасини бошқариш тизими.
Маълумотлар базаси машинадан ташқаридаги ахборот таъминотининг тизимлари ёрдамида ҳосил қилинади. Маълумот базаси деганда, соф ахборот ишлари учун, яъни ўзаро боғланган катта ҳажмдаги ахборотни сақлаш, ўзгартириш ва ишлатиш учун махсус тизим тушунилади. Масалан: корхонанинг маълумотлар базасида ишчи ва хизматчиларнинг штат жадвали ҳақидаги, моддий бойликлар, келтирилган хом-ашё ва бутлаш қисмлари, омборлардаги эхтиёт қисмлар, тайёр маҳсулот, дирекциянинг буйруқ ҳамда фармойишлар ва бошқалар ҳақидаги барча ахборот сакланиши мумкин.
Инсоният томонидан катта миқдордаги билимнинг тўпланиши, турли хил ахборотларни сақлаш масаласини хал қилишни талаб этади. Бунда ахборотларни сақлаш ягона мақсад ҳисобланмайди, балки у керакли маълумотлардан керакли вақтда фойдалана олиш, турли ҳужжатларни қайта ишлашга мўлжалланган.
Ҳозирги кунда бир қанча маълумотлар базасини бошқариш тизимлари яратилган: REBUS, KARAT, SUBD+, DBASE, FОXBASE, FОXРRО, ACCESS, SQL, ORACLE, INTERBASE ва бошқалар.
Бу тизимлар қуйидаги вазифаларни бажаради:
1. Маълумотлар базасида жойлашган маълумотларни кўриш;
2. Маълумотлар базасига янги ёзувларни киритиш;
3. Маълумотлар базасининг ёзувларини таҳрирлаш;
4. Маълумотлар базасидан тегишли ҳисоботларни олиш;
5. Маълумотлар базасининг ёзувларидан нусха олиш ва бошқалар.
§ 1.3. Ахборот технологиялар ва уларнинг дастурий таъминоти
Шахсий компьютер маълумотларни қайта ишловчи универсал қурилма ҳисобланиб, тельефон, магнитафон ёки телевизордан фарқли ўлароқ, олдиндан берилган функцияларга асосан ихтиёрий ҳажмда маълумотларни қайта ишлаш имконига эга. Бунинг учун, яъни маълумотни қайта ишлаш учун тушунарли ва аниқ бир тилда буйруқлар кетма-кетлигини (дастурни) тузиш керак. Тузилган аниқ бир дастурга асосан компьютернинг бажарадиган вазифасини ўзгартириш мумкин. Масалан, компьютердаги дастурларни ўзгартириш орқали ҳисобчи ёки конструктор, стажист ёки аграномнинг автоматлаштирилган ишчи ўрнини ташкил этиш ҳамда ҳужжатларини таҳрирлаш ёки турли хил ўйинларни ўйнаш мумкин. Компьютерда дастурни бажарилиши давомида маълумотларни киритиш ва чиқариш учун турли хил қурилмалардан фойдаланиш мумкин. Шунинг учун компьютердан унумли фойдаланиш учун зарур дастур таъминотларининг вазифа-ларини ва хусусиятларини билиш зарур.
Замонавий ахборот технологияларининг гуркираб ривожланиши ва уни қўллаш соҳасининг кенгайиши дастурий таъминотнинг (ДТ) жадал ривожланишига олиб келди. Шуни таъкидлаш керакки, 1990 йилда жаҳон жамиятида дастурий таъминотга 100 млн. АҚШ долларидан зиёд маблағ сарфланди. Бунда дастурий таъминот ривожланиши йўналиши шуни кўрсатадики, харажатлар тенденцияси йилига 20% ўсиб бормоқда.
Ахборот тизимларининг дастурий таъминоти (ДТ) деганда, ҳисоблаш техникаси воситалари билан маълумотларни қайта ишлаш тизимини яратиш ва улардан фойдаланиш учун дастурий ва ҳужжатли воситаларни жамлаш тушунилади.
Дастурий таъминот томонидан бажариладиган функцияларга боғлиқ холда, уни икки гуруҳга бўлиш мумкин:
1. тизимли дастурий таъминот; 2. амалий дастурий таъминот.
Тизимли дастурий таъминот компьютерда ахборотни қайта ишлаш жараёнини ташкил этади ва амалий дастурлар учун меъёрдаги иш муҳитини таъминлайди.
Амалий дастурий таъминот фойдаланувчининг аниқ вазифаларини хал этиш ва умуман ахборот тизимининг ҳисоблаш жараёнини ташкил этиш учун мўлжалланган.
Тизимли дастурий таъминот таркибига қуйидагилар киради:
- операцион тизимлар; - сервис дастурлар; - дастурлаш тиллари трансляторлари; - техник хизмат дастурлари.
Операцион тизимлар (ОТ) ахборотни қайта ишлаш жараёнини бошқариш ва аппарат воситалари билан фойдаланувчилар ўртасидаги ўзаро алоқани таъминлайди.
ОТ нинг вазифаларидан бири ахборотнинг кириш-чиқиш жараёнини автоматлаштириш, фойдаланувчи хал этайдиган амалий вазифаларни бажаришни бошқаришдир. ОТ керакли ахборотни ЭҲМ хотирасига киритади ва унинг бажарилишини кузатади, тўғри ҳисоблашларга халақит берувчи вазиятларни таҳлил этади, қийинчиликлар пайдо бўлганда нима қилиш зарурлиги ҳақида кўрсатма беради.
Сервис дастурий таъминоти - фойдаланувчига компьютер билан ишлашда қўшимча хизматлар тақдим этувчи ва операцион тизимлар имкониятларини оширувчи дастурий маҳсулотлар жамғармасидан иборат.
Функционал имкониятларга кўра, сервис воситаларини қуйидаги воситаларга бўлиш мумкин:
- фойдаланувчи интерфейсини яхшиловчилар;
- маълумотларни бузилиш ва қоидасиз киришларидан ҳимоя қилув-
чилар;
- маълумотни кайта ишловчилар;
- диск ва тезкор хотира қурилмаси ўртасида маълумот алмашувини тезлаштирувчилар;
- вирусга қарши воситалар.
ОТ нинг созловчиси бўлган қобиқлар операцион қобиқлар деб аталади. Утилитлар ва автоном дастурлар тор ихтисослашган бўлиб, ҳар бири ўз вазифасини бажаради. Бироқ, утилитлар автоном дастурлардан фарқли равишда тегишли қобиқлар муҳитида бажаради. Қобиқ фойдаланувчига сифат жиҳатдан янги интерфейс тақдим этади, ОТ фойдаланувчисини операция ва буйрукларни икир-чикиригача билишдан озод этади.
Утилитлар фойдаланувчига қўшимча хизматларни, асосан, дисклар ва файлли тизимлар бўйича хизмат кўрсатиш кўринишида тақдим этади. Утилитлар қуйидаги вазифаларни бажаришга мўлжал-ланган:
- дискларга хизмат кўрсатиш;
- файл ва каталогларга хизмат кўрсатиш (худди қобиқлар каби);
- архивни яратиш ва янгилаш;
- турли режим ва форматларда матнли ва бошқа файлларни босиш;
- компьютерни вирусдан ҳимоя қилиш.
Вирусга қарши ҳимояли дастурий воситалар вирусларни топиш ва даволашни таъминлайди.
Компьютер вируслари ва улардан сақланиш. Ҳозирги кунда 120000 дан ортиқ компьютер вируслари мавжуд бўлиб, улар компьютерда маълумотларнинг ишончли сақланишига хавф солади ва компьютер ишлаши жараёнида турли муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлади. Шу сабабли компьютер вируслари, уларнинг турлари, етказган зарарлари ҳамда улардан ҳимояланиш учун кўриладиган чоралар билан таниш бўлиш муҳимдир.
Компьютер вируси – бу ўлчами бўйича унча катта бўлмаган, махсус ёзилган дастурдан иборат бўлиб, у ўзини бошқа дастурларга «ёзиб қўйиши», шунингдек, компьютерларда турли нохуш амалларни бажара олиши мумкин. Бундай дастур ишлашни бошлаганда дастлаб бошқарувни вирус олади. Вирус бошқа дастурларни топади ва унга «юқади», шунингдек, қандайдир зарарли амалларни (масалан, файлларни жойлашиш жадвалини бузиш) бажаради. Вирус ўзига тегишли амални бажариб бўлгандан сўнг бошқарувни ўзи жойлашган дастурга узатади. Дастур вируснинг келтирган зарарига қараб ўз ишини давом эттиради ёки умуман ишламайди.
Компьютер вирусларини қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин:
Дискнинг юкланиш секторини бузувчи;
Бажариладиган файллар - *.com, *.exe файлларни бузувчи;
Стелс – кўринмас вируслар;
Макровируслар - ҳужжатларни бузувчи;
Дискни банд қилувчи;
Троян - хотирани банд қилувчи.
Вируслардан сақланиш учун лицензиясиз дастурий таъминотдан фойдаланмаслик, ташқаридан киритиладиган вирусларни олдини олиш, тизимга санкциясиз кирувчи хакерларга имкон бермаслик ва хоказоларга эътиборли бўлиш зарур.
Вируслардан ҳимояланиш учун махсус яратилган вирусга қарши тузилган ревизор дастур таъминотларидан фойдаланилади. Бу дастурлар антивируслар деб юритилади. Бугунги кунда антивирусларнинг кўплаб турлари мавжуд.
Амалий дастурий таъминот. Компьютернинг дастурий таъминоти орасида энг кўп қўлланиладигани амалий дастурий таъминот (АДТ) дир. Бунга асосий сабаб – компьютерлардан инсон фаолиятининг барча соҳаларида кенг фойдаланиши, турли предмет соҳаларида автоматлаштирилган тизимларнинг яратилиши ва қўлланишидир. Амалий дастурий таъминотни қуйидагича таснифлаш мумкин:
1. Муаммога йўналтирилган АДТ; 2. Умумий мақсадли АДТ; 3. Офис АДТ; 4. Кичик нашриёт тизимлари; 5. Мультимедиа дастурий воситалари; 6. Суньий интеллект тизимлари.
Муаммога йўналтирилган АДТ га қуйидагилар киради:
- бухгалтерия учун ДТ; - персонални бошқариш ДТ; - жараёнларни бошқариш ДТ; - банк ахборот тизимлари ва бошқалар.
Умумий мақсадли АДТ – соҳа мутахассиси бўлган фойдаланувчи ахборот технологиясини қўллаганда унинг ишига ёрдам берувчи кўплаб дастурларни ўз ичига олади. Булар:
- компьютерларда маълумотлар базасини ташкил этиш ва сақлашни таъминловчи маълумотлар базасини бошқариш тизимлари (МББТ);
- матнли ҳужжатларни автоматик равишда бичимлаштирувчи, уларни тегишли ҳолатда расмийлаштирувчи ва чоп этувчи матн муҳаррирлари;
- график муҳаррирлар;
- ҳисоблашлар учун қулай муҳитни таъминловчи электрон жадваллар;
- тақдимот қилиш воситалари, яъни тасвирлар ҳосил қилиш, уларни экранда намойиш этиш, слайдлар, анимация, фильмлар тайёрлашга мўлжалланган махсус дастурлар.
Офис АДТ – идора фаолиятини ташкилий бошқаришни таъминловчи дастурларни ўз ичига олади. Уларга қуйидагилар киради:
- режаловчи ёки органайзерлар, яъни иш вақтини режалаштирувчи, учрашувлар баённомаларини, жадвалларни тузувчи, тельефон ва ёзув китобларини олиб борувчи дастурлар;
- таржимон дастурлар, яъни берилган бошланғич матнни кўрсатилган тилга таржима қилишга мўлжалланган дастурлар;
- сканер ёрдамида ўқилган ахборотни таниб олувчи ва матнли ифодага биноан ўзгартирувчи дастурий воситалар;
- тармоқдаги узоқ масофада жойлашган абонент билан фойдаланувчи орасидаги ўзаро мулоқотни ташкил этувчи комму-никацион дастурлар.
Кичик нашриёт тизимлари – «компьютерли нашриёт фаолияти» ахборот технологиясини таъминлайди, матн бичимини олиш ва таҳрирлаш, автоматик равишда бетларга ажратиш, хат бошларини яратиш, рангли графикани матн орасига қўйиш ва ҳоказоларни бажаради.
Мультимедиа дастурий воситалари – дастурий маҳсулотларнинг нисбатан янги синфи ҳисобланади. У маълумотларни қайта ишлаш муҳитининг ўзгариши, лазерли дискларнинг пайдо бўлиши, маълумотларнинг тармоқли технологиясининг ривожланиши натижасида шаклланди.
Сунъий интеллект тизимлари соҳадаги изланишларни тўрт йўна-лишга бўлиш мумкин:
- Ижодий жараёнларни имитация қилувчи тизимлар (ушбу йўналиш компьютерда ўйинлар (шахмат, шашка ва ҳоказо) автоматик таржима қилиш ва бошқаларни амалга оширадиган дастурий таъминотни яратиш билан шуғулланади);
- Билимларга асосланган интеллектуал тизимлар (ушбу йўналишдаги муҳим натижалардан бири эксперт тизимларнинг яратилиши ҳисобланиб, сунъий интеллект тизимларини маълум ва кичик соҳаларнинг эксперти сифатида тан олиниши ва қўлланиши мумкин);
- ЭҲМ ларнинг янги архитектурасини яратиш (бу йўналиш сунъий тафаккур машиналарини (бешинчи авлод ЭҲМ лари) яратиш муаммоларини ўрганади);
- Интеллектуал роботлар (бу йўналиш олдиндан қўйилган манзил ва мақсадга эриша оладиган интеллектуал роботлар авлодини яратиш муаммолари билан шуғулланади).
Do'stlaringiz bilan baham: |