4.1.– расм. Бошқарув учлигидаги мўлжал ориентацияси
Юқоридагилардан кўриниб турибдики бугунги кунда ижтимоий ривожланиш жараёнларига давлат эътибори юксалганлиги бор ҳақиқат. Аммо бу жараёнга жамият эътибори инсоннинг ўзини ўзи ривожлантириш ҳолати қандай? Бу борада мамлакатимизда ва жаҳондаги аҳвол қай ҳолатда? Мазкур масалалар бугунги кунда жуда долзарб муаммо саналади. Президентимиз Мурожаатномада мазкур масалага алоҳида эътибор қаратдилар. Хусусан, улуғ мутафаккир шоиримиз Алишер Навоийнинг “Қуёшлиқ истасанг, касби камол қил”, деган ибораларини келтирдилар. Бу мулоҳазанинг негизида катта тарихий ҳақиқат мужассамдир Заҳириддин Муҳаммад Бобур Алишер Навоийнинг касб-корда ва ҳар бир ишда одамларни комилликка эриштириш одатлари бўлганлигини шарҳлаб, “Бобурнома”да шундай дейди: “Кимки бирор иш билан машғул бўлса, ҳиммат ва мақсади шу ишни камолга етказиш эди. Алишербек кўп ва яхши нарсаларни ихтиро қилган эди. Мободо бирор киши қайсидир ишда бир янгилик яратса, у нарсанинг ривожи ва равнақи учун уни “Алишерий” деб атардилар”( Қаранг: Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобурнома, “Ўқитувчи” нашриёти, 2008 йил, 139-141 бетлар). Президентимиз Мурожаатномада мамлакатимиз фуқароларини асрлар мобайнида миллий амалиётда бўлган тажрибани ўзлаштириш, яъни ҳар касб эгаси ўз ишида комил мутахассис даражасига етишишлари зарурлигига даъват этмоқдалар. Чунки ўтган тўрт йил мобайнида инсон омили устувор давлат сиёсатига айланди.
4.2.-расм. Ижтимоий ривожланиш стратегияси ўзгарди
Таъкидлаш жоизки, бундай мақсадларга эришиш одамлараро муносабатларнинг якдиллик ва ўзаро тотувлик асосига қурилишини тақозо этади. Дунёда эса ХХ аср ўрталаридан бошланиб, ХХI асрда кенг қамровли жараёнга айланган глобаллашув тенденциялари одамлараро ва давлатлараро муносабатларда ички тарқоқлик, бегоналашув ҳолатларини юзага келтирди. Айниқса одамларнинг бирламчи ва мустаҳкам боғлаб турувчи бўғин бўлган оила институти, оилада эр-хотин, ака-ука, опа-сингиллар, яқин қариндошлар ўртасидаги анъанавий меҳр-муҳаббат, садоқат, ўзаро якдиллик муҳити таназзулга юз тутди.
“Биз ўтган тўрт йил давомида жамиятимизда ошкоралик ва очиқлик, сўз эркинлиги муҳитида яшаш ва ишлашга аста-секин ўрганиб боряпмиз”.
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Шу боисдан ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 72 – сессиясида дунёда миллатлараро, динлараро ва одамлараро бағрикенглик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлашни долзарб масала сифатида қўйган эдилар. Ҳозирги кунда бу ташаббус БМТнинг “Барқарор ривожланиш дастури” ҳамда “ХХI учун кун тартиби” дастурларини амалга оширишда, уларнинг ҳаётчанлигини таъминлаш, даставвал, турли ҳудудлардаги ижтимоий жараёнларнинг мутаносиб кечиши, турли томонларнинг ўзаро уйғунлашуви, жамиятдаги ижтимоий қатламлар вакилларининг ҳамжиҳатлилигида, давлатлар, ташкилотлар ва шахсларнинг бир-бирига боғлиқлик даражасининг мустаҳкамлигига бевосита алоқадор эканлиги қайта-қайта таъкидланмоқда.
Америкалик тадқиқотчи М.Портер, “ҳар қандай давлатнинг иқтисодий рақобатбардошлиги ва мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий муҳит барқарорлигининг сифати жамиятдаги турли ижтимоий қатламлар вакилларининг интеллектуал тараққиёт даражаси, касбий фаоллик ҳамда энг муҳими ижтимоий аҳиллик, ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳамкорликдаги фаолиятда адолатлилик ва одамларнинг бир-бирига нечоғли маънавий боғланганлик ҳолатига бевосита боғлиқдир”, дейди25.
Ҳар қандай меҳнатнинг самарадорлиги у қандай соҳа, фаолият бўлмасин маҳаллий ва жаҳон стандартлари талаблари асосида ташкил этилганлигига бевосита боғлиқдир. Дунёда 2,5 мингдан ортиқ фаолият стандартлари бўлишига қарамай, шу пайтга қадар Ўзбекистонда уларнинг атиги 13 фоизи амал қилиб келган. Иш жараёнларининг дунё томонидан эътироф этилган стандартлар асосида ташкил этилмаслиги эса, тараққиёт суръатларининг бир нуқтада депсиниб туравериши, амалга оширилувчи фаолиятнинг амалда ҳеч ким томонидан тан олинмаслигига олиб келади.
“Ёшларимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш – энг устувор йўналишлардан бири бўлиши лозим”.
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Эътиборга лойиқ яна бир жиҳат борки, бу мавжуд илмий – тарихий манбаларда турли ижтимоий муаммолар аксарият ҳолларда позитив асосларда эмас, балки негатив, яъни ижтимоий фойдали бўлмаган мақсадлар асосида бирлашган одамларнинг уюшуви сифатида ўрганилиб, уларнинг ўзаро уюшув шакллари танқид остига олинган. Бундай уюшмалар таркибига жиноятчи тўдалар, талончилар, қиморбозлар, фоҳишалар, ўғрилар, судхўрлар киритилган. Алишер Навоийнинг “Маҳбуб-ул Қулуб” асарида ана шундай ижтимоий зарарли мақсадлар доирасида бирлашган уюшмалар танқид остига олинган, унинг “Мажолис ун-нафоис” асарида ҳам ўндан зиёд эл орасида таниқли бўлган шахснинг ижтимоий зарарли одат ва хусусиятлари танқид қилинади.
Мазкур муҳим ижтимоий муаммо юзасидан хорижий олимлар З.Фрейд, Э.Дюргейм, Э.Фромм ва бошқалар одамларнинг уюшиш даражаси моҳиятини очиқ нуқтаи назаридан яъни хоҳиш (Фрейд), англанган манфаат (Дюркгейм) ва эҳтиёж (Маслоу) асосида бирлашиш сифатида тушунтирганлар.
Ижтимоий ривожланишни таъминлашда Э.Фромм дунёни моддий эмас, маънавий-руҳий тушуниш кўпроқ зарур, деган ёндашувни илгари сурди. Бунинг учун эса, ижтимоий жараёнларни ташкил этишнинг ўзига хослиги, одамларнинг илгари амалда бўлмаган гуруҳларга уюшиши ва ёппасига бир жойдан иккинчи жойга кўчиши, қудратли шаҳарларнинг оз кучли рақибга таслим бўлиши сабабларини тушунишда даставвал аҳолининг нечоғли уюшганлиги, шу даврда юз берган психологик ҳолатлар, шу психологик ҳолатни юзага келтирувчи ижтимоий муҳитни атрофлича ўрганиш зарур, деган ҳулосага келади. Экзистенция – яшашни, айни вақтда яшаётганликни англаш, ўзгараётган ва ўтаётган замонни ўз вужудида доимий ҳис этиб яшашни англатади. Экзистенциал ёндашувнинг сусайиши манфаат олиш даражаси юқори бўлмаган жамоаларга ўзи англамаган ҳолда қўшилиб кетишни кучайтиради. Экзистенция шахснинг ўз-ўзига берадиган баҳоси, ўз-ўзини қадрлаш даражаси ҳамдир. Демак шахснинг ўзини-ўзи баҳолаш даражаси қанча паст бўлса, унинг ижтимоий фойдали бўлмаган ҳолатларга, жамоатларга қўшилиб кетиши шунча юқори бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |