8. Нерв системаси.
Нерв системаси организмнинг муҳим бўлими ҳисобланади. У организмдаги барча тизимларни ишга солади, уларни идора қилади. Организм нерв системаси ёрдамида ташқи муҳит билан доимий алоқада бўлиб туради. Нерв системасининг асосий функцияси - ҳар хил қўзғатувчи таъсирларни қабул қилиш ва аксинча уларга жавоб реакциясини қайтариш. Жавоб реакцияси рефлекслар орқали амалга оширилади.
Нерв системасининг асосини нерв ҳужайралари, яъни нейронлар ташкил қилади. Нейронларнинг тузилиш шакли ва катталиги ғоят хилма хил бўлиб, улар тана қисми ва ўсимталари – аксон ва дендритлардан ташкил топган. Таъсирлардан қўзғалиш ва унинг оқибатида, нерв импулсларини вужудга келтириш ҳамда бу импулсларни бошқа, қўшни ҳужайраларга ўтказиш нейронлар фаолиятининг мазмунини ташкил қилади. Нерв ҳужайраси қитиқловчи таъсирни қабул қилади ва қўзғалиш жараёнида уни фаол равишда қайта ишлайди. Нерв ҳужайралари бириктирувчи тўқималар ёрдамида бирлашиб, тутамларни, яъни нервларни ҳосил қилади.
Умуман олганда нерв системаси икки қисмга бўлинади, яъни марказий нерв системаси – унинг таркибига бош ва орқа мия киради; периферик нерв системаси – бунга марказий нерв системасидан чиқиб атрофдаги аъзоларга тарқаладиган нервлар киради. Нерв ўсимталари рецептор, яъни қабул қилувчи ва эффектор, яъни жавоб қайтарувчи толаларга бўлинади. Марказий ҳамда периферик нерв системасидан ташқари, соматик ва вегетатив нерв системалари ҳам мавжуд.
Соматик нервлар ҳаракат аъзоларига, яъни орқа ва бош миядан чиқиб, тери ҳамда скелет мускулларига боради. Вегетатив нерв системаси эса ички аъзоларни (юрак, қон томирлар, силлиқ мускул тўқималари, тери, безлар ва бошқаларни) таъминлайди. Вегетатив нерв системаси жойлашиши ва функциясига қараб, симпатик ва парасимпатик қисмларга бўлинади.
Марказий нерв системаси.
Орқа ва бош мия – марказий нерв системасига киради. Бош мия калла суягининг бўшлигида жойлашади. У асосан, катта мия, кичик мия ва узунчоқ мияга бўлинади.
Катта мия – иккита ярим шарлардан иборат. Улар оқ ва кулранг моддалардан тузилган. Бош миянинг кулранг моддаси ташқи томонда, оқ моддаси эса ички қисмида бўлади. Катта миянинг кулранг моддаси (пўстлоғи) бутун нерв системасининг энг яхши ривожланган қисми, унга бутун организм бўйсунади, у ҳамма бошқарув ишини бошқаради. Мия пўстлоғида аъзоларнинг сон-саноқсиз марказлари жойлашган. Миянинг оқ моддасида таъсир ўтказувчи бир қанча нерв ўсимтаси бор. Бош миянинг пўстлоқ қисми хилма хил шаклдаги бир нечта ҳужайралардан тузилган ва у олти қаватдан иборат.
Катта ярим шарлар пўстлоғи ва пўстлоқ ости тузилмаларининг муқаррар иштироки билан рефлектор реакциялар, яъни шартли рефлекслар ҳосил бўлади. Демак, шартли рефлекслар пўстлоқ фаолиятининг асосини, яъни олий нерв фаолиятининг мазмунини, моҳиятини ташкил қилади ва организмнинг хулқ-атворини белгилайди. Мия пўстлоғининг фаолияти туфайли организм узлуксиз ўзгариб турадиган ташқи муҳит шарт-шароитларига доимо беками-кўст мослашади, турли таъсирларга қарши эса энг қулай вазиятни эгаллайди.
Бош миянинг пўстлоғида рефлектор марказлари - рефлексларни бошқарувчи марказлар жойлашади. Оралиқ мия – миянинг асосида, ҳидлов миясининг орқа томонида жойлашади. Бу мияга кўриш бўртиги, кулранг дўнглик, эпифиз киради. Кўриш бўртигида ташқи ва ички аъзоларнинг сезги марказлари жойлашади. Барча қўзғалувчи таъсирлар бош миянинг катта ярим шар пўстлоғига етиб боргунча кўриш бўртигидан ўтадилар, бу ерда моддалар алмашинуви, томирлар, иссиқлик ва бошқа марказлар жойлашган.
Ўрта мия оралиқ миянинг орқа томонида жойлашиб, катта мия оёқчаларидан, мия тўрт тепасидан тузилган. Бу миянинг асосини тўрт тепа ҳосил қилади, у кулранг моддадан тузилган. Олд тепа қисми анча яхши ривожланган бўлиб, кўриш аъзолари билан, орқадаги кичик тепачалар эса эшитиш аъзолари билан боғланган.
Кичик мия ёки мияча узунчоқ миянинг устки қисмида жойлашиб, шакли деярли юмалоқсимон. Юзаси кулранг, ички қисми эса оқ модддан иборат. Миячанинг функциясига ҳаракат координацияси ва мускуллар тонусини бошқариш вазифаси киради.
Узунчоқ мия – орқа мияга уланиб кетади. Тузилиши бўйича орқа мияга ўхшаш, ундаги кулранг ва оқ моддаларнинг чегараси аниқ кўринмайди. Бу мияда ҳаётий муҳим марказлар: нафас олиш, кўриш, қусиш, йўталиш ва бошқалар жойлашган. Бундан ташқари, ундан саккиз жуфт бош мия нервлари чиқади. Узунчоқ миядан мувозанат ва эшитиш нервлари, ички аъзоларни ҳаракатлантирувчи нервлар чиқади.
Орқа мия узун, цилиндр шаклида бўлиб, умуртқа каналида жойлашади. У узунчоқ миядан ажралиб, бўйин, кўкрак ва бел ҳамда думғаза бўлимларига, аниқ ифодаланмаган даражада бўлинади. Орқа миянинг иккита йўғонлашган жойи бўлиб, улардан олдинги ва орқа оёқларга нервлар чиқади. Орқа мияда оддий ёки шартсиз рефлекслар ҳосил бўлади, яъни унда ҳаракат, ички аъзолар мускуллари ва сийдик чиқариш марказлари жойлашган.
Do'stlaringiz bilan baham: |