а. Кўриш аъзоси (кўриш анализатори).
Организмда кўриш анализатори ташқи муҳитни кўриш ва аниқлаш имкониятини яратади.
Кўриш анализатори қуйидагилардан ташкил топган:
1. Кўз соққаси. Унда кўзнинг тўрсимон пардаси, яъни кўриш
анализаторининг рецептор аппарати жойлашган;
2. Кўзнинг ҳимоя ва ёрдамчи аъзолари;
3. Анализаторларнинг ўтказувчи йўллари;
4. Бош миянинг марказий қисми.
Кўз соққаси шар (юмалоқ) шаклида бўлиб, орқа томони бир оз қавариқ. Тузилиши бўйича кўз соққаси асосан учта пардадан - фиброз (оқ ва шоҳ пардалардан тузилган), томирли ва тўр пардалар ҳамда нур синдирувчи муҳитлар – кўз суюқликлари, кўз гавҳари, шишасимон тана, томирлар ва нерв толалардан ташкил топган.
Кўзнинг ички пардаси ёки тўр парда жуда мураккаб тузилишга эга бўлиб, кўзнинг ўта муҳим қисми ҳисобланади. Унда нурнинг қитиқловчи таъсири ўзгартирилиб, нерв системасида қўзғалиш жараёнини вужудга келтиради. Тўр парда нурни сезувчи ҳужайра (колбасимон ва таёқчасимон) лардан тузилган. Улар ҳам кўриш рецепторлари сирасига киритилади. Нур таъсири кўриш рецепторларида нерв импульсларини вужудга келтиради, мазкур импульслар кўриш нервлари орқали бош миянинг энса қисмида жойлашган кўриш марказига етказиб беради.
Итларнинг кўриш қобилияти ўзига хослиги билан алоҳида ажралиб туради. Итлар атрофдаги нарсаларни бирданига иккала кўзлари билан кўра олмайдилар, яъни уларнинг ҳар бир кўзи ўзининг алоҳида кўриш майдонига эга бўлади. Итлар теварак атрофдаги нарсаларнинг шаклини яхши фарқлай олсада, уларни рангининг фарқига бормайди, яъни итларда ранг ажратиш сезгиси мужассам эмас. Итлар 250-300м масофадаги жисмларнинг ҳаракатланишини кўра олади. Бундай кўриш қобилиятидан итларни ўргатиш вақтида, айниқса қўл билан кўрсатиб бажариш ишорасини сингдиришда фойдаланса бўлади.
б. Эшитиш аъзолари (акустик анализаторлар).
Ҳайвонларнинг эшитиш аъзолари уч қисмдан: ташқи, ўрта ва ички қулоқлардан иборат.
Ташқи қулоқ – қулоқ супраси ва уни ҳаракатлантирувчи ёрдамчи аъзолардан тузилган.
Ўрта қулоқ – бевосита ташқи қулоқдан кейин жойлашган бўлиб, қулоқ суяги бўшлиғидан ўрин олган. У ноғора парда, тўртта эшитиш суякчалари, мускуллар ва пайлардан ташкил топган. Буларнинг ҳаммаси эшитиш аъзоларининг ёрдамчиси ҳисобланади.
Ички қулоқ - эшитиш аъзонинг энг мураккаб ва муҳим қисмдир. У суяк ҳамда парда лабиринтларидан иборат. Ўз навбатида лабиринт парда бажарадиган функциясига кўра ички қулоқнинг асосий қисми ҳисобланади.
Итларнинг эшитиш аъзоси бир сонияда 16 мингдан 40 минггача бўлган товуш тўлқинларини қабул қила олишга мослашган.
Итларнинг эшитиш қобилияти жуда кучли бўлиб, бу айниқса товуш орқали буйруқ бериб, уларни ўргатиш вақтида қўл келади. Одам томонидан товуш орқали берилган буйруқ итлар учун фақатгина қитиқловчи товушлар сингари қабул қилинади. Итлар овоз чиқариб берилган буйруқнинг товуш кучини ва интонациясини фарқлай олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |