4. Итни эмаклашга ўргатиш.
Итнинг эмаклаши хизматни олиб бориш вақтида қўлланилади. Хизматчи ит ўргатувчининг имоси бўйича у билан биргаликда ёки ўзи эмаклаб келиши лозим.
Шартли қўзғатувчилар: “Эмакла” буйруғи, ўнг қўл билан бажарила-диган имо-ишора ва ўргатувчининг эмаклаш ҳаракати.
Шартсиз қўзғатувчилар: итнинг бўйин тасмасини олдинга тортиб, яғрин қисмига босиш, ширинлик бериш ва сийпалаш.
Бу кўникма пассив ҳимоя ва озуқа реакциясида ишлаб чиқилади.
Ўргатиш усули ва техникаси.
“Эмакла” деган буйруққа шартли рефлексни ишлаб чиқиш учун текис, бегона нарсалардан ҳоли майдонча топилади. Ўргатувчи “ёт” деган буйруқни бериб, итни ўзига нисбатан чап тарафига ётқизади. Шундан сўнг у итнинг тасмасини ўнг қўли билан бўйинбоғига яқинроқ жойидан ушлаб ва чап қўлини итнинг яғринига секин қўйиб, “эмакла” буйруғини беради ҳамда ўзи олдинга ҳаракат қилишни бошлайди ва итни тасмаси билан тортади (32 - расм ).
32 - расм. Ўргатувчининг ит билан биргаликда эмаклаши.
Бошида ит туришга ҳаракат қилади. Бундай ҳолларда ўргатувчи “эмакла” деган буйруқни бериб, итни яғринига секин босади ва кўтарилишига қўймайди. Агарда ит кўтарилмасдан эмаклашни давом эттирса, ўргатувчи “эмакла”, “яхши” деган буйруқни айтиб, ширинлик беради ва сийпалайди. Эмаклаш итни тез чарчатади, шунинг учун биринчи дарсларда бир-икки метрдан зиёд эмаклатиш мақсадга мувофиқ эмас. Итда “эмакла” деган буйруққа шартли рефлекс ишлаб чиқилса, у 10-12 метргача масофани эмаклаб, шартсиз рефлексларнинг таъсирисиз усулни бажаради.
Имо-ишорага шартли рефлексни ишлаб чиқиш қуйидагича амалга оширилади. Ўргатувчи итга қараган ҳолда ундан орқаси билан тисарилади, ўнг қўлини тиззадан пастга туширади ва панжани силкитиб “эмакла” деган буйруқни қайта-қайта такрорлайди. Агар ит бир неча қадам эмакласа, унга бирданига ширинлик бериб тақдирлаш лозим. Ёки қуйидаги усулдан ҳам фойдаланиш мумкин: панжани силкитиш билан биргаликда чап қўлидаги бўйин тасмасини ўзига қаратиб тортиш. Бу машқни ширинлик бериш билан ҳам амалга ошириш мумкин, буниг учун қўл панжасида ширинликни ушлаб, уни силкитиш лозим. Кейинчалик аста-секин эмаклаш масофасини узайтириш мумкин.
Шартли рефлекс ишлаб чиқилгандан кейин ўргатувчи ит билан биргаликда эмаклаб уни буйруқ ёки имо-ишора билан бошқаради. Шу билан биргаликда итни ётган, ўтирган, ҳаракат қилган вақтида ҳам уни эмаклашга мажбур қилиб туриш керак.
Ўргатувчи ётган ҳолатда итни буйруқ ёки имо-ишора билан бошқаришни пухта эгаллашлиги катта аҳамиятга эга. Агар ит ўргатувчининг биринчи сигнали бўйича ёки у сиз 15-20 м масофани вақти-вақтида дам олиб яна эмаклашни бошласа, унда эмаклаш кўникмаси ишлаб чиқилган деб ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |