2. Итни ётишга ўргатиш.
Ит ётқизиш усулини бажариши маскировка мақсадида ёки от устида махсус эгарда транспортировка қилиш учун керак.
Шартли қўзғатувчилар: “Ёт” деган оғзаки буйруқ ва елка чизиғидан озроқ юқорироқдан ва олдинга узатилган ўнг қўлнинг кескин туширилиши. Шартсиз қўзғатувчилар: ит яғринига босиш, олдинги оёқларини олдинга тортиш билан биргаликда, тасмани силташ, ширинлик бериш.
Шартли рефлекслар пассив ҳимояланиш ва овқат реакциясига қарши ишлаб чиқилади. Ётқизишни, “ўтир” деган буйруқнинг шартли рефлексини ишлаб чиқилгандан кейин бажариш мумкин.
Ўргатиш усули ва техникаси.
Итни ётқизиш учун қуйидаги усуллардан фойдаланиш мумкин:
а) “силташ”, “чалиш” – ит иккала олдинги оёғини олдинга чўзиши учун уларнинг орқа тарафидан секин олдинга қаратиб уриш билан бирга яғринга босиш;
б) иккала оёғини олдинга тортиб яғринга босиш.
в) бўйин тасмасини пастга ва олдинга тортиб яғринга босиш.
г) ширинликни қўллаш: ўнг қўлдаги ширинликни итга кўрсатиб, қўлни ширинлик билан олдинга ва пастга ҳаракатлантириб “ёт” деган буйруқни қайтариш.
Охирги иккита усулни, оёқларга қўлни тегизишга қўймайдиган, ҳаддан ташқари жахлдор итларни ўргатишда қўлланилади.
Биринчи ва иккинчи усулларда машқлар қуйидагича олиб борилади:
Ўргатувчи итни чап оёғи олдига ўтқизиб, унга қараб юзи билан бурилади ва ёнига ўтиради ёки чап тиззасига туради. Итнинг лақабини айтиб, “ёт” деган буйруқни беради, шундан сўнг чап қўли билан унинг яғринига босади ҳамда бир вақтнинг ўзида ўнг қўли билан итнинг олд оёқларини олдинга “чалади” ёки тортади. Ит ётгандан кейин, уни “яхши” деган сўз билан тақдирлаш, уни силаб ширинлик бериш лозим. Итни ётган ҳолатда 5-10 сония ушланади, кейин унга ширинлик берилади ва эркин қўйиб юборилади. Агарда ит ётгандан кейин бирданига туришга ҳаракат қилса, “ёт” деган буйруқ жиддий оҳангда берилади ва унинг яғринига босилади. Бир оз танаффусдан кейин машқ қайта такрорланади (28 -, 29 - расмлар).
Агарда ётқизиш тасма ёрдамида амалга оширилса, бўйинбоқнинг халқаси пастга қаратилиши лозим.
- расм. Итни ётқизиш. Биринчи ҳаракат.
. 29 – расм. Итни ётқизиш. Иккинчи ҳаракат.
Шартли рефлекс ишлаб чиқилиши билан итга нисбатан қўйиладиган талаблар оширилади: ётган ҳолатда кераклигича сақланилиши ва ўргатувчи билан ит орасидаги масофа узоқлаштирилади.
. Агарда ит бирламчи “ёт” буйруғига асосан ётиб, шу ҳолатда ўргатувчи икки қадам узоқлашишига қарамасдан 15-20 сония сақланса, унда ишорали шартли рефлексини ишлаб чиқишга ўтилади. Бунинг учун итни ўтқазиб ва ундан бир-икки қадам узоқлашиб, ит тарафга ўгирилиш керак. Ўргатувчининг чап қўли билан тасма тортилади, ўнг қўли олдинга ва юқорига бош баландлигигача кўтарилади, кўтарилган ўнг қўл туширилиши вақтида, бўйин тасмаси тортилиб “ёт” деган буйруқ айтилади ва ит ётишга мажбурланади (30 - расм).
30 - расм. Итни ётқизиш ишораси.
Бунда ўргатувчи бўйин тасмасини пастга тортиш учун аввал энкайиши керак. Ит ётиши билан унга ширинлик берилиб “яхши” деган буйруқ билан сийлаб, сийпалаш керак. Имо-ишора билан итни ётқизиш бир неча марта қайта бажарилади.
Имо-ишора шартли рефлексини ишлаб чиқишда уни ўргатиш билан параллел ҳолда мураккаблаштириш зарур, яъни:
а) Итнинг ётган ҳолатда ушлаб турилиши икки-уч дақиқага
кўпайтирилади;
б) Ўргатувчи ва ит орасидаги масофа узоқлаштирилади;
в) Итни ҳар хил ҳолатдан ётқизишга интилинади.
Мураккаблаштириш тамойилинининг кетма-кетлигини сақлаган ҳолда, у дастлаб ўтқазиш буйруғидан бажарилади, лекин бунда албатта ит танасини тўғри ушлашига эътибор бериш лозим. Ит шу ҳолатда ушлаб турилгандан кейин, унга албатта ширинлик берилади. Ит ҳар хил кетма-кет бажариладиган ҳаракатдан кейин аввалги жойидан жилмасдан, ҳамма вақт тўғри ҳолатни сақлашини талаб қилиш керак. Итнинг масофадан бошқарилиши алоҳида буйруқ ва имо-ишора билан амалга оширилади.
Ўргатиш даврининг якунида барча керак бўлган кўникмаларни ит сўзсиз бажаришига эришмоқ лозим. Агар ит 25-30 м масофадан берилган буйруққа итоатлик билан ётса ва бу ҳолатда 5 дақиқа сақланса, кўникма ишлаб чиқилган бўлиб ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |