2. Ит ўргатувчининг роли ва унинг ҳатолари.
Хизмат турларининг кўп қирралиги (қоровуллик, соқчилик, қидирув, санитар ва бошқ.) итлардан саломатлик ва муносиб тайёргарликни талаб этади. Бундан ташқари, ит ўргатувчиси берган оғзаки буйруқлар ва ўргатиш усулларининг тўғри тузилиши, тип хусусиятларининг аҳамиятлари ва бошқаларга қаттиқ риоя қилиш лозим.
Ит ўргатувчилар томонидан йўл қўйиладиган хато ва нуқсонлар нафақат ўргатилаётган итларнинг хизмат кўрсатиш сифатини пасайтиради, балки уни бутунлай издан чиқариши ҳам мумкин.
Амалиётда ўргатувчи томонидан тез-тез йўл қўйиладиган нуқсонлар:
1. Ит ўргатувчининг “ўтир!” деган буйруғини ит бажаришдан бош тортиши мумкин қачонки, шартли қўзғатувчи (овоз билан бериладиган буйруқ, тест) га нисбатан шартсиз қўзғатувчи, яъни ўтириш вақтида итнинг белидан қўл билан пастга босиш ҳаракати олдинроқ юз берса ва шу кабилар.
2. Ўргатилаётган итларда у ёки бу усулни кўп маротаба ва узлуксиз такрорлаш.
3. Агарда итга бажариш мумкин бўлмаган талаблар қўйилса, ҳайвон иш жараёнидан бутунлай бош тортади.
4. Мажбурий ва тақиқловчи талабларни нотўғри қўлланганда итлар сусткаш ва камҳаракат бўлиб қолади.
5. Итларнинг тип хусусиятларини ҳисобга олмаган ҳолда, ит ўргатувчиси ҳайвонни мажбурлаш ва тақиқлаш жараёнида ит тизгинидан кучли тортиш, силташ ва бошқа қўзғатувчиларни қўллаши натижасида жониворда қўрқоқлик ҳисси ўйғонади ёки у иш жараёнидан бутунлай бош тортади.
6. Овоз ва кўриш қўзғатувчилари (овоз чиқариб ва қўл билан кўрсатиб бериладиган буйруқлар)нинг бир хиллиги бузилганлиги ва буйруқ бериш жараёни аниқ ижро этилмаганлиги ҳайвон томонидан буйруқнинг бажарилмаслигига олиб келинади.
7. Итнинг жисмоний имкониятлари ва саломатлигини ҳисобга олмаган ҳолда, жонивор мажбурланганда ва ёки унга нисбатан дағал муносабатда бўлинганда ҳайвон буйруқни бажаришдан бутунлай бош тортади.
8. Буйруқларнинг аниқ ижро этилмаслиги ёки уларни маънодош ва ҳамоҳанг сўзларга алмаштириш натижасида.
9. Итга нисбатан ғамхўр ва эътиборли бўлмаслик оқибатида ит ўргатувчиси жониворнинг панжаларини нохосдан босиб олса ёки машқ жараёнида усулларни бажариш вақтида ит тасмаси билан ҳайвоннинг бошига урса, унга кучли оғриқ етказиш мумкин. Бу эса ўз навбатида ҳайвонда қўрқоқлик ёки ит ўргатувчисига нисбатан ишончсизлик ҳиссини уйғотади, яъни итни тўғри ўргатишга салбий таъсир этадиган ноўрин ҳаракатларнинг вужудга келишини чақиради.
10. Ит ҳали буйруқни бажармасидан туриб, уни рағбатлантириш мутлақо мумкин эмас! Масалан, “ёт!” деган буйруқ берилса-ю, аммо ит ўтирса, ит ўргатувчи ҳайвонга бирон-бир ширинлик ҳадя этмаслиги лозим. Агарда бу пайтда итга ширинлик берилса, у ҳолда бундай ҳаракат итда “ёт!” буйруғига нисбатан шартли рефлекснинг нотўғри шаклланишига олиб келади. Итдан берилган буйруққа нисбатан усулни бажаришни дўқ урган ҳолда қайта буйруқ бериб мустаҳкамлаб бориш лозим бўлади. Агар ит уни бажармаса, ит ўргатувчиси бевосита бошқа бир усулни қўллаши, яъни итнинг яғринидан пастга босган ҳолда, жониворни талаб этилган буйруқни ижро этишга мажбур этиш керак.
11. Аниқ, ишлаб чиқилган буйруқларни бошқа бир ўйлаб топилган буйруқларга алмаштирмаслик, масалан “ёт!” деган буйруқ ўрнига “узала туш!” ёки “ёнимга!” деган буйруқ ўрнига “бу ёққа кел!” буйруқларини қўллаш тавсия этилмайди.
Итларни ўргатиш жараёнида тажрибасиз ўргатувчилар томонидан йўл қўйиладиган хатолар услубий ёки техник турларга ажратилади.
Услубий хатолар:
а) итларни ўргатиш системасини ёки алоҳида усулларини нотўғри тузиш;
б) у ёки бу усуллар талабини ит томонидан бажармаслик сабабларини тўғри таҳлил қилмаслик ва уларни бартараф этиш учун муҳим қарор қабул қилинмаслиги;
в) итларнинг олий нерв фаолияти тип хусусиятларини билмаслик ва бундан келиб чиққан ҳолда, унинг ёқимсиз ҳаракатларини ўз вақтида бартараф этишни эплай олмаслик.
Ит ўргатувчисининг нотўғри хатти-ҳаракатлари итда ёқимсиз муносабатларнинг келиб чиқишига замин яратиши мумкин. Масалан, ит бирон-бир молни тўдага қўшиш учун ҳайдаб бораётган бир пайтда анча кучлироқ бўлган қўзғатувчи, яъни буталар орасидан отилиб чиққан товушқон изидан қувлаб кетиши. Ит ўргатувчиси “фу!” буйруғини берар экан, бир вақтнинг ўзида “ёнимга!” деган буйруқни ҳам беҳосдан айтиб юборади. Ит ўргатувчининг олдига чопиб келади ва у жониворни рағбатлантиради. Бу пайтда тақиқловчи буйруқ “фу!” гўёки “ёнимга!” деган буйруқ билан уйғунлашиб кетгандай туюлади. Худди шу жуфтликда мазкур буйруқлар бир неча маротаба такрорланса, “фу!” буйруғи жонивор учун “ёнимга!” буйруғининг аҳамиятини касб этади ва бунинг натижасида тақиқловчи “фу!” буйруғи берилганда ит ўз хўжайини олдига югуриб келадиган бўлиб қолади.
Ҳайвон у ёки бу буйруқни икки маротаба бажарганидан кейин учинчи марта айнан шу буйруқни бажаришдан бош тортиши каби ҳолатлар ҳам бўлиши мумкин.
д) итларда ноўрин хатти-ҳаракатларни бартараф этишда уларни ҳаддан ташқари кучли силташ ҳамда “фу!” буйруғини ортиғидан кўпроқ қўллаш итларнинг чўчиб қолишига олиб келади.
Оғриқли қўзғатувчи билан уйғунлашмаган “фу!” буйруғи ҳайвонда шартли тормозланишнинг сўнишини вужудга келтиради. “Фу!” буйруғини ҳаддан зиёд кўп ишлатиш итларда реакциянинг сусайишига олиб келади. Бу буйруқ оғриқли қўзғатувчи билан ҳамоҳанг қўлланган ҳолда ва зарурат туғилган пайтлардагина қўлланиши мумкин.
е) итда “ёнимда” буйруғига нисбатан шартли рефлексни шакллантиришда жониворни узун арқонда етаклаб юриш тавсия этилмайди, чунки бу ҳол итда фақатгина узун арқонда юриш шартли рефлексини ҳосил бўлишига олиб келади. Биргаликда ёнма-ён ҳаракат қилинганда, итнинг панжаларини нохосдан босиб олиш ҳайвонда оғриққа шартли алоқадорликнинг ҳосил бўлишини ва кейинчалик “ёнимда” деган буйруқ унда оғриқ хосил бўлишини кутишига ва ўргатувчининг ёнида юришга ҳадиксирашига олиб келади.
ж) “Эркин!” буйруғига нисбатан усулларни ишлаб чиқишда ит ўргатувчиси секинлик ва сусткашлик билан ҳаракат қилса, бу ҳам ўз навбатида ҳайвонда сусткашликни уйғотиб, унинг ўзини тутиши ва буйруқларни ижро этишида ўз аксини топмасдан қолмайди. Буйруқнинг аниқ ижро этилмаслиги эса, ҳайвонда шартли рефлексларнинг жадаллик билан шаклланишига тўсқинлик қилади ва шунингдек, ундаги интизомнинг пасайишига олиб келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |