2-боб. Электр узатиш линияларининг реле ҳимояси ва автоматикаси 2.1. Ток ҳимоялари 2.1.1. Электр узатиш линияларида қўлланиладиган асосий ҳимоялар.
Электр узатиш линияларида асосан қуйидаги ҳимоялар қўлланилади.
1. Ток ҳимоялари. Ток ҳимояси деб ҳимояланаётган объектда ток олдиндан белгиланган маълум қийматлар чегарасидан чиққанда ишлайдиган ҳимояга айтилади. Ток ортганда ишлайдиган ток ҳимоялари максимал ток ҳимояси (МТҲ) (оддий ва йўналтирилган) ҳамда ток отсечкаси (ТО) га бўлинади ва улар электр қурилмаларни ҳимоя қилишда асосий ёки резерв ҳимоя сифатида кенг қўлланилади.
2. Дифференциал ҳимоялар. Дифференциал ҳимоялар бўйлама ва кўндаланг диференциал ҳимояларга бўлинади. Бўйлама дифференциал ҳимоянинг ишлаш принципи ҳимояланаётган объектнинг кириши ва чиқишидаги токларни таққослашга асосланган. Бўйлама дифференциал ҳимоя асосий электр қурилмалар ва узунлиги 20 км гача ҳамда кучланиш 35 кВ ва ундан юқори электр узатиш линияларида қўлланилади. Кўндаланг дифференциал ҳимоя параллел линиялардаги токларни таққослашга асосланган ва узунлиги катта параллел линияларда қўлланилади.
3. Масофа ҳимоялари. Масофа ҳимояларининг ишлаш принципини умуман олганда ҳимоя ўрнатилган нуқтадаги кучланиш ва токнинг нисбати, яъни қисқа туташув нуқтасигача бўлган қаршиликни ўлчашга асосланган. Масофа ҳимоялари, асосан, қишлоқ электр тармоқларида қўлланилади.
2.1.2. Максимал ток ҳимояси
Қисқа туташув ҳосил бўлганлигининг белгиларидан бири токнинг ортишидир. Бу белгидан максимал ток ҳимояларини бажариш учун фойдаланилади. Максимал ток ҳимояси деб фаза токи олдиндан белгиланган маълум қийматдан ортганда ишлайдиган ҳимояга айтилади.
Ток ҳимоялари максимал ток ҳимояси ва ток отсечкасига бўлинади. Улар орасидаги асосий фарқ ҳимоянинг танлаш хусусиятини таъминлашда. МТҲ нинг танлаш хусусияти ҳаяллаш вақтини тўғри танлаш ва ТО нинг танлаш хусусияти эса ишга тушиш токини тўғри танлаш йўли билан амалга оширилади. МТҲ максимал юклама токлари ва двигателларнинг ишга тушиши токларидан, ТО эса ҳимояланаётган объектнинг сўнггидаги максимал қисқа туташув токларидан четлаштирилади.
Б ир томондан манбага уланган электр узатиш линияларида МТҲ асосий ҳимоя бўлиб ҳисобланади ва ҳар бир линиянинг манба томондан ҳисоблаганда бошланишга ўрнатилади.
2.1-расм. Линия МТҲ сининг схемаси
МТҲ максимал ток, вақт ва оралиқ релелар ёрдамида бажарилади. 2.1-расмда 10 кВли линия МТҲ сининг схемаси кўрсатилган. Нормал режимда ТА ток трансформаторининг иккиламчи чўлғамидаги ток максимал ток релелари КА1 ва КА3 нинг ишлаши учун етарли эмас, шунинг учун МТҲ ишламайди. Агар, масалан, W линиянинг К нуқтасида қисқа туташув ҳосил бўлса ТА нинг иккиламчи чўлғамидаги ток кескин ортади. Икки фазали қисқа туташув бўлса КА1 ва КА2 релелардан бири, уч фазали қисқа туташув бўлса иккаласиишлайди ва узларининг КА1.1 ва (ёки) КА2.1 контактларини улайди. Натижада вақт релеси КТ нинг чўлғамидан ток ўтади ва маълум ҳаяллаш вақтидан кейин унинг КТ.1 контакти уланади. Оралиқ реле КL нинг чўлғамидан ток ўтиб унинг КL.1 контакти ҳам дарҳол уланади. Виключател Q нинг асосий контактлари уланган ҳолатда унинг ёрдамчи контакти SQ ҳам ўланган бўлиши сабабли узиш электромагнитини чўлғами YАТ дан ток ўтиб виключателнинг асосий контактларини узади. W линия манбадан ажратилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |