2.2. МТҲ нинг ишга тушиш токи ва схемалари 2.2.1. МТҲ нинг ишга тушиш токи.
МТҲ қисқа туташув юз берганда ишончли ишлаши ва максимал юклама токлари ҳамда электродвигателларнинг ўз юргизиш токлари таъсирида ишламаслиги керак. Бундан ташкари шикастланмаган линиянинг МТҲ си ташқи қисқа туташув нуқтаси узилгандан кейин дастлабки ҳолатига қайтиши, яъни юклама токлари таъсирида ишлашга давом этмаслиги керак.
МТҲ нинг ишга тушиш токи.
Iҳи=Кз Кю Iиш. max /Кқ,
бу ерда Кз =1,1…1,2 - заҳира коэффициенти; Кю -электродвигателларнинг ўз юргизиш токини ҳисобга олувчи коэффициент ҳисобланади, агар электродвигателлар тўғрисида етарли маълумот бўлмаса Кю=2…3 олинади; Кқ = 0,8 - ток релесининг қайтиш коэффициенти; Iиш.max - ишчи максимал ток.
Ток релесининг ишга тушиш токи.
Iрu= Ксх Iҳи /КI ,
бу ерда КI- ток трансформаторларининг трансформация коэффициенти; Ксх - схема коэффициенти, ҳимоянинг ток трансформаторлари юлдуз ёки тўла бўлмаган юлдуз схемаси бўйича уланганда Ксх=1 ва учбурчак ёки реле икки фаза токларининг фарқига уланганда Ксх=1,73 олинади .
2.2.2. МТҲ нинг сезгирлиги
МТҲ нинг сезгирлиги қуйидаги ифодага асосан аниқланади
Кс = Iр.min/Iрu ,
бу ерда Iр.min- минимал қисқа туташув режимида ток релесининг чўлғамидан ўтувчи ток. Схема коэффициенти Ксх=1 бўлса
Кс = Iк.min/Iҳи,
бу ерда Iк.min- қисқа туташув МТҲ ҳимоя зонасининг сўнггида бўлганда ҳосил бўлувчи минимал қисқа туташув токи.
Агар МТҲ асосий ҳимоя бўлса Кс1,5 ёки резерв ҳимоя бўлса Кс1,2 бўлиши керак.
2.2.3. МТҲ нинг схемалари.
МТҲ схемаларининг асосий турлари қўйдагилар:
а) оператив занжирларни таъминлаш усули бўйича:
1) ўзгармас оператив токли;
2) ўзгарувчан оператив токли;
б) реле ишлаш вақтининг токка боғлиқлик характери бўйича:
1) боғлиқ характеристикали;
2) боғлиқ бўлмаган характеристикали;
в) ишлаш усули бўйича :
1) бевосита ишлайдиган;
2) билвосита ишлайдиган;
г) бажарилишда фойдаланилган фазалар сони бўйича :
1) уч фазали;
2) икки фазали;
д) ишга туширувчи (ўлчовчи) релелар сони бўйича :
1) бир релели;
2) икки релели;
3) уч релели.
Уч фазали схемада (2.3-расм) учта ток трансформатори ва учта ток релеси юлдуз схема бўйича уланган. Қисқа туташув юзага келганда, масалан, К нуқтада, қайси фазадан қисқа туташув токлари ўтса ўша фазага ўрнатилган ток релеси ишлайди. Ток релелари КА1, КА2, КА3 лардан қайси бири ишлашидан қатъий, назар қисқа туташув юзага келганда вақт релеси ишга тушиб, маълум вақтдан кейин унинг контактлари уланади. Оралиқ реленинг чўлғами КL дан ток ўтиб КL.1 контакт дарҳол уланади, узиш электромагнити YAT дан ток ўтиб Q виключател узилади. Кўрсаткич реле КН ҳимоянинг ишлаганлигини қайд қилади.
2.3-расм. Ўзгармас оператив токда бажарилган МТҲ нинг уч фазали схемаси
Уч фазали схема қисқа туташувларининг ҳамма турларида ҳам ишлайди. Лекин у мураккаб ва қиммат бўлганлиги сабабли фақатгина нейтрали ерга уланган электр тармоқларида айрим ҳоллардагина ишлатилади.
Икки фазали схема (2.4,а-расм) нейтрали ерга уланмаган электр тармоқларида кенг қўлланилади. Бундан ташқари икки фазали қисқа туташувдан махсус ҳимояга эга бўлган нейтрали ерга уланган электр тармоқларида ҳам қўлланилади.
2.4-расм. Ўзгарувчан оператив токда бажарилган икки фазали бир релели МТҲ нинг схемаси
Икки фазали бир релели схема (2.4,б-расм) фақатгина 6-10 кВ гача бўлган электр тармоқларида ва электродвигателларни ҳимоя қилиш учун ишлатилади.
Назорат саволлари
МТҲ қандай ҳолларда ишлаши ва қандай токлар таъсирида ишламаслиги керак?
МТҲнинг ишга тушиш токини ҳисоблашда нима учун ток релесининг қайтиш коэффициенти ҳисобга олинади?
МТҲнинг сезгирлиги қандай ҳисобланади?
МТҲнинг икки фазали схемаси қандай электр тармоқларида кенг қўлланилади?
МТҲ уч фазали схемасининг камчиликлари нималардан иборат?
Икки фазали бир релели схемани электродвигателларни ҳимоя қилиш учун қўллаш мумкинми?
Кўрсаткич реле нима учун хизмат қилади?
Ҳаяллаш вақти токка боғлиқ бўлмаган характеристикали МТҲ қандай релелар ёрдамида бажарилади?
МТҲ схемасидаги оралиқ реленинг вазифаси нима?
Расмда қандай схемали МТҲ кўрсатилган?
Do'stlaringiz bilan baham: |