- ахборот тўлалиги тамойили
- плюрализм - кўпфикрлилик тамойили
- ахборот хавфсизлиги тамойили
- гедонизм* ва:
- Мустақиллик ғояларига содиқлик ва миллий манфаатларни ҳимоя қилиш тамойилидир.
Бу муносабат, талаб ва тамойиллар у ёки бу кўринишда олимлар тадқиқотларида учраб туради. Лекин жумладан, Е.Прохоров уларни алоҳида мустақил тамойил сифатида қўллаган эмас. Айниқса, тобора ривожланиб бораётган демократик ёндашувлар, глобализм шароитида бу талаблар замонавий журналистика амалиётининг муҳим тамойиллари шаклида илк бор таклиф этилмоқда, дея оламиз. Ва биз уларни ҳам ривожланган демократия, ҳам демократия энди қарор топаётган давлатлар ОАВ учун бирдек муҳим ва зарур деб ҳисоблаймиз.
* Е.Прохоров Введение в теорию журналистики. Москва, 2002.
Е.Прохоров журналистика ва айниқса журналист ўз фаолиятида қўллаши лозим, деб ҳисоблаган: а) объективлик (ҳаққонийлик, ҳақиқатгўйлик), б) халқчиллик, в) оммавийлик, г) партиявийлик, д) ватанпарварлик, е) демократик ва ё) инсонпарварлик тамойилларидир.
Е.Прохоров бўйича, дастлабки тамойил:
– объективлик (ҳаққонийлик, ҳақиқатгўйлик) тамойилидир. Бу тамойилнинг биринчи бўлиб кўрсатилиши бежиз эмас. Бир мисол келтирмоқчи эдик. Айрим доиралар ўзларининг тор, худбин манфаатлари йўлида, вақт ўтиши билан барибир қайта кўриб чиқилиб бекор қилинадиган “ҳақиқатлари”ни халққа, жаҳон афкор оммасига тарқатишга, улар онгига сингдиришга ҳаракат қилади. Совет Иттифоқи Коммунистик партияси 70 йил мобайнида шу иш билан шуғулланди. Қудратли тарғибот-ташвиқот аппаратига эга бўлган бу ижтимоий-сиёсий тизим нима билан тугаганлиги барчага маълум.
У ёки бу хабар ёки шарҳда воқеа ҳаётда қандай рўй берган бўлса худди шундай талқин этилаётганлиги, яъни ҳақиқатлиги, объективлиги - журналистнинг позицияси, унинг нуқтаи назарига боғлиқ, бунинг замирида эса ижтимоий, сиёсий манфаат ётади. Мутлақ тоза темир табиатда учрамаганидек, мутлақ ҳақиқат билан мутлоқ объективлик ҳам йўқ ва унга эришиб ҳам бўлмайди. Лекин шундай талаблар, ёндашувлар, тавсиялар борки, уларга риоя қилингандагина журналист ҳақиқатга, объективликка яқинлашиши ва муҳими, ўз виждони олдида тоза бўлиши мумкин.
Ҳақгўйлик - ҳаётдаги факт*ни халққа иложи борича тоза холда, тўғри ва аниқ етказиш, - у бизга ёки кимгадир, маъқулми, йўқми, ундан қатъи назар, - қандай бўлса худди шундай ифодалашни талаб қилади.
* Факт - factum – лотинча “қилинган”, “амалга оширилган”,-деган маънони англатади.
Журналист ўз кўзи билан кўрган, муҳим масала юзасидан баёнот берилаётган, воқеа содир бўлаётган пайтда ўзи қатнашган, ёки катта аҳамиятга молик ҳужжат билан шахсан танишган -- ўзи ўқиган бўлса ва уни ўз материалида холисона етказса, бу “биринчи қўл”дан олинган маълумот бўлиб ҳисобланади. (булар – катта воқеа, ҳодиса, фармон, фармойиш, қарор, қонун, буйруқ ёки б. ҳужжатлардир. (Ҳужжат - документ – лотинча “гувоҳлик берувчи” деган маънони англатади).
Журналист ўзи кўрмаган, воқеа-ҳодисанинг ўзи шоҳиди бўлмаган, лекин ишончли ахборот манбасидан - “иккинчи қўл”дан олинган маълумот ҳам ўзига хос факт бўла олади. Лекин бунда манбани кўрсатиш лозим.
Учинчи манба, у - факт эмас, журналистикада у “фактоид” деб юритилади. Бу турли тўғри-нотўғри гап-сўзлар, миш-мишлар, асосан тахминлардир. Уларни тасдиқловчи ҳужжат йўқ. Бундай пайтда гапингизни асословчи қўшимча фикрлар, тасдиқлар келтириб бўлмайди, унда журналист: “менинг тахминим бўйича”, “Мен хабар топган маълумотларга қараганда” деб, албатта қайд этиб ўтиши лозим.
Одатда профессионал журналистикада воқеа, ҳодиса тўғрисида маълумот берилганда, журналист: “ўзим кўрганман”, “ўз қулоғим билан эшитганман” ёки “менинг тахминим бўйича” деб албатта айтиб ўтиши керак.
Жаҳон ОАВ контенти - матни билан шуғулланаётган тадқиқотчилар бугун жаҳонда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар тўғрисида тоза холдаги соф ахборот тобора йўқолиб бораётганлигини ва умуман, объектив ахборот даври тугаб унинг ўрнини қандайдир кучлар, доираларнинг мақсадлари сингдирилган шарҳ даври кириб келаётганини таъкидламоқдалар.*
Халқаро шарҳловчига касб юзасидан халқ билан, буюк шахслар билан мулоқотда бўлиш, миллионлар билан муносабатга киришиш, улар билан тўғридан-тўғри алоқада бўлиш бахти, имконияти берилган, ишонч билдирилган, агар у буни суистеъмол қилиб, бирёқламалик қилса, ҳақиқатни бузса, ёлғон гапирса, у холда халқнинг ундан кўнгли қолади, унга бўлган ишонч йўқолади, тарқатаётган ахборотига шубҳа пайдо бўлади. Бу журналистнинг бошига қўнган омад қушининг учиб кетиши билан баробардир.
Ҳақиқат, ҳаққонийлик, ҳақиқатгўйлик каби профессионал журналистиканинг бош тамойилига ҳар бир ижодкор ўзича ёндашади.
Воқеа-ҳодисаларга плюралистик нуқтаи назаридан туриб ёндашиш, холис, объектив баҳо бериш шарҳловчилар фаолиятида тарихий хатоликларга йўл қўйишнинг олдини олади.
Е.Прохоров тадқиқоти бўйича халқаро журналистиканинг муҳим тамойиллардан яна бири – бу, Ватанпарварлик тамойилидир.
Ватанпарвар – патриот юнонча “patriоs” сўзидан олинган. Журналист, ОАВ фаолияти мобайнида албатта халқда, айниқса, ёшларда ватанпарварлик ҳиссини тарбиялаши лозим. Фикр жоиз бўлса, шуни алоҳида таъқидламоқчи эдик-ки, бу ҳисни Аллоҳ инсон жисмига жон билан, руҳ билан бирга киритган бўлса керак. “Аввал – ватан, кейин -- жон!” деган ҳадис бежиз айтилган эмас. Сабаби, ўз ватанини, киндик қони тўқилган, туғилиб ўсган жойини севмайдиган инсонни дунёда учратиш қийин. Ҳатто турли шароитларда (урушда, қамал пайтида, асрлик азобида, гаровга олинганда, ватанида жонига катта хавф туғилганда, қаттиқ алданган холларда ҳам), турли сабаблар билан ватанидан ажралиб, ватангадога айланганлар ҳаётда учраб туради, лекин ана шу холларда ҳам ватанини севмайдиган, ундан безадиган, унга ёмонлик раво кўрадиганларни топиш қийин.
Шуни таъкидлашимиз жоизки, бошқа давлат, бошқа мамлакатни ватан деб айтиш, миллийликни йўқотиш, унга барҳам бериш собиқ совет империясининг бош ғояси, мафкураси, тарғибот-ташвиқотининг асосий талабларидан бири эди.
Мустақилликка эришгач, ватанпарварлик сўзи ўзининг асл луғавий маъносини касб эта бошлади. Бу ҳиссиётга бугун сўзнинг ибтидосидаги маъно-мазмун юкланмоқда. Қадриятлар ҳам дастлабки чин маъносига қайтмоқда.
Журналист ватанга муҳаббат, Она-диёрга содоқат, унинг манфаатлари йўлида хормай-толмай хизмат қилмоқ, миллий маданиятимизни сақлаш, тилимиз, урф-одатимиз, миллий менталитетимиз, миллий табиатимиз, характеримизни қатъи туриб ҳимоя қилиш, такомиллаштириш, тараққий эттириш, ҳаёт тарзимизни сақлаш, турмуш шароитимизни яхшилаш, тарихий обидаларимизни асраш-авайлаш руҳида фаолият кўрсатиши лозим.
Яна бир гап. Ватанни севмоқ, ҳақиқатдан ҳам иймондандир! Аммо ватанни севмоқ, уни кўкларга кўтариб мақтамоқ нисбатан осон, у одатда кўп нарса талаб ҳам қилмайди. Шу сабабли, тўғри Сен ватанинг билан фахрлан, у ҳақиқатдан ҳам барча соҳада ғурурланадиган диёр бўлсин. Ўзбекистон аслида шундай бўлиб ҳам келган. Унинг жаҳонга устоз бўладиган тенгсиз олимлари, диний уламолари, елкаси ер кўрмаган жасур ва қаҳрамон ўғлонлари, жаҳонга донги кетган давлат ва жамоат арбоблари, энг муҳими меҳнаткаш, заҳматкаш, саботли, матонатли халқи бор. Лекин нега бугун шу халқнинг Нобель, Оскар ёки Пулитцер мукофотлари совриндорлари йўқ? Шу сабабли, ватанинг билан фахрланиш ўз йўли билан, бугунги куннинг талаби, бу - ватанинг Сен билан фахрлансин. Хўш, бунинг учун сен нима қилдинг?
Ватанпарварлик тамойилининг охирги пайтда оммавий (глобал) тус олиб кенг тарқалаётган зидди мавжуд. У ҳам бўлса, космополитизм (“бутун жаҳон ватаним маним!”) деган тамойилидир.
Мамлакатнинг миллий ўзлиги билан космополитизм ўртасидаги кураш глобалашган ахборот асри мафкураларининг асосий жангоҳгига айланиб бормоқда.
Оммавий ахборот воситалари, оммавий коммуникация воситалари, телевидение, Голливуд фильмлари, Интернет - глобализм жараёни таъсирида ўзбек, қозоқ, рус эмас, (оврўпалик, америкалик деган - миллатлар йиғиндисидан иборат) жаҳон фуқароси сиймоси шаклланмоқда. Шундай шароитда биз қандай қилиб ўзимизга хослигимизни, миллий идентивлигимизни сақлаб қолишимиз мумкин. Нобель мукофоти лауреати, турк ёзувчиси Ўрхун Помук шундай деб ёзади: “Инсоният тарихида кўп миллатлар бўлган - улар ўз тили, урф-одати, маданиятини сақлаб қола олмаганлиги сабабли тарихда из қолдирмай, йўқолиб кетишган”*.
Масала ана шундай жиддий ва унинг ечимини топмоқ жамиятнинг бугунги кундаги муҳим вазифаларидан биридир.
* Ўрхон Помук “Чёрная книга”(Қора китоб) Москва, 1995.
Байналмилаллик - интернационализм тамойили ҳақида ҳам қисқача тўхтаб ўтайлик. 70 йил бош шиор бўлиб келган миллатлар ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳамкорлик, байналмилаллик, бағрикенгликнинг жаҳон бўйлаб инқирози кузатилмоқда.
Англия бош вазири Девид Кэмерон, Франция президенти Николя Саркози, Германия канцлери Ангела Меркель хоним (2012 йил ўрталарида) чуқур умидсизлик ҳислари билан, бир хил, у ҳам бўлса: “Шарқ билан Ғарб маданияти, уларнинг турмуш тарзи, христианлар билан мусулмонлар динига мансуб бўлган миллатлар бир-бирларига сингиб кета олишмас экан, улар бирлаша, дўстлаша олишмас экан” - деган фикрни (мультикультурализм инқирозини) худди аввалдан ўзаро келишиб олгандек, уч давлат, ҳукумат раҳбари бир пайтда уч нуқтадан: Париждан, Берлиндан, Лондондан туриб ўз баёнотларида изҳор этишди. Вазият ҳақиқатдан ҳам шундайми, йўқми - буни тасдиқ ҳам, инкор ҳам этиш қийин. Жаҳонда бир ёки бир нечтагина миллатнинг манфаати устун келаверадими ёки кўпчиликнинг манфаатини кўзлайдиган - бағрикенглик, бойналмилаллик, инсонпарварлик руҳи ўрин эгаллайдими - буни халқаро муносабатлар ривожининг истиқболи белгилайди, улуғ ва холис ҳакам - вақт кўрсатади.
Айтгандек, уч давлат раҳбари билдирган бу фикр янгилик эмас эди. Машҳур инглиз ёзувчиси Редьярд Киплинг бу фикрни аллақачон айтган ва шу пайтдан буён бу қалтис фикр қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келар эди ёки бугунги глобаллашув ва умумжаҳон миграцияси кенг авж олган бир пайтда мазкур ёндашув яна бир бор ўз долзарблигини намаён этмоқда-ми?
Европани курраи заминнинг жанубидаги камбағал мамлакатлардан келаётган ватанида ишсиз ва даромадсиз қолган ёш мигрантлар босмоқда. Америка эса бутун дунёдан энг қобилиятли мутахассисларини турли йўллар билан (олий ўқув юртларида ўқитиш, малака ошириш, шунингдек, грантлар ёрдамида) ўзига чақириб олмоқда. Россияни Кавказда, бошқа собиқ совет республикаларида, Вьетнам ва Хитойда иш топа олмаган мигрантлар эгалламоқда. Европа мамлакатларида, Шимолий Америкада, Россияда демография масалалари кескин тус олаяпти. Таниқли олимлардан бири ўз асарининг номини: “Столкновение цивилизаций” (“Тамаддунлар тўқнашуви” С.Хантингтон) деб номласа, иккинчиси эса китобини “Смерть Запада” (“Ғарб инқирози” П.Бьюкенен) деб номлаяпти. Бу нима? Оддий ташвиш, тахминми? Ёки бугунги куннинг реал таҳдидими? Ёки содир бўлиши муқаррар бўлган келажак башоратми?!
Фақат Россиянинг ўзида шу кунда расман 13 миллион мигрант ишлаяпти*. Бу мамлакат аҳолисининг қарийб 10 фоизига тенг келади.
* Россия телевидениеси “Первий канал” 2012 й. октябрь
Бу мураккаб мавзуда хулоса чиқаришга очиғи ожизмиз, лекин кўпчилик диққатини қаратишга мажбурмиз, деб ҳисоблаймиз.
Тамойиллардан яна бири собиқ совет даврида бош тамойил сифатида талқин этилган – партиявийлик тамойилидир.
Партиявийлик тамойили билан инсонпарварлик тамойили ўртасида катта тарихий тафовут мавжуд. Партиявийлик тамойили собиқ совет даврида журналистиканинг бош тамойили бўлиб ҳисобланар эди. “Аввал – ватан, кейин – жон” деган муқаддас тушунча советлар даврида “аввал – давлат, кейин – жон” деб бузиб тарғиб қилинди. Совет давлати, сиёсий тузум, коммунистик партия деганда, инсон, шахс, алоҳида бир киши ҳеч қандай қадр-қимматга эга бўлмай қолганди. Алоҳида бир инсон қадр-қимматини эътиборга олмаган коммунистик партиянинг сохта ғоялари учун миллион-миллион кишилар жонини фидо қилдилар. Муқаддас дин ғоялари пароканда қилинди. Бундай ғоянинг устунлиги 70 йил давом этди.
Ва, ниҳоят, Аллоҳ иноъм этган инсон ҳаёти – барча нарсанинг бош мезонидир, - деган умуминсоний шиор ўз ўрнини эгалламоқда. Ва бу ғояларни тарғиб қилиш журналистнинг муқаддас бурчидир.
Тамойиллар журналистлар фаолиятида ниҳоятда зарур бўлиб, улар ижодкорга йўналишни белгилаб олишда сўзсиз ёрдам беради. Ва ҳаётда содир бўлаётган воқеа, ҳодисаларни объектив ёритишда жуда қўл келади. Айни бир пайтда, бизнинг фикримизча, бугунги тобора мураккаблашиб бораётган ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда журналистика амалиёти учун бу тамойилларнинг ўзи етарли эмас, - деган хулосага келамиз. Жаҳонда бир пайтда ҳам авторитар, ҳам монархик, ҳам диктаторлик сиёсий тузумлари ҳукм сураётган ва кечаги яккаҳокимлик тузумидан демократик ривожланиш йўлига ўтаётган бугунги кунда журналистика ва журналист, фикримизча, яна қуйидаги 5 тамойилга жавоб бериши лозим, деб ҳисоблаймиз.
Хўш, ҳаёт, бугунги амалиёт тақозо қилаётган яна қандай тамойиллар бор? Келинг, уларни бирма-бир кўриб чиқайлик.
Улардан бири ва бизнингча жуда муҳими:
- ахборот тўлалиги, унинг батафсиллиги тамойилидир.
Журналист барча томонни эшитмоғи, олға сурилган илғор фикрларни таҳлил қилмоғи, ақл тарозусига солиб, мушоҳада қилиб, хулосалар чиқариб сўнгра ёзмоғи, ўз фикрини билдирмоғи керак.
Ахборот, шарҳ бўлиб ўтган воқеа-ҳодиса тўғрисида аудиторияда қанчалик холис, объектив таассурот қолдиради? Агар содир бўлган бир воқеанинг ўзи тўғрисида (дейлик, Ливиядаги, Мисрдаги, Суриядаги, Шимолий Кореядаги ёки Россиядаги 1911-1912 й.й. воқеалар) бир пайтда (Би-Би-Си, Си-Эн-Эн, “Америка овози”, “Озодлик”, Евроньюс, Ал-Жазира, “Время”, РБК, “Вести”, “5 инчи (Санкт-Петурбург) канал” ва бошқа ОАВда берилган ахборотларни кузатадиган бўлсангиз, уларда турлича, кўпинча бир-бирини инкор этувчи талқин, шарҳларга дуч келасиз. Бу хол ўз навбатида дастлабки, ахборот беришда журналист, ОАВ ўз зиммасидаги масъулиятни қанчалик адо этаяпти, деган саволни келтириб чиқаради.
2000-йилларнинг бошларида Россия ва нафақат Россия, бошқа давлатлар ОАВда пайдо бўлаётган ахборотларда, назаримизда, воқеа-ҳодиса тўғрисидаги маълумотнинг тўлалиги мезонининг бузилиш холлари кузатилди. Бунга ақида НАТО билан Россия ҳарбийлари ўртасидаги қарама-қаршиликни мисол қилиб келтириш мумкин. Ахборотнинг тўла бўлмаслиги ёки шарҳловчи воқеа-ҳодиса тўғрисида фақат ўзига (ОАВ эгаси, муассис, маълум бир доира, давлат манфаатларига) маъқул бўлган факт ва далилларни келтириб, маъқул бўлмаганларини тушириб қолдириши, уларни яшириш, яъни, воқеа-ҳодисани тўла кўрсатмаслик ёки атайлаб бузиб кўрсатиш ахборий урушу жанжалларга сабаб бўлаяпти.
Яна бир гапни алоҳида таъкидлаб ўтишни лозим, деб ҳисоблаймиз. Бугун, ХХ1 асрнинг иккинчи ўн йиллигида бир воқеа-ҳодиса тўғрисида турли манбалардан: расмий доиралардан, давлат ОАВ ва давлат расмий сиёсатига мухолифатда бўлган ўнг ва сўл кучларга қарашли газеталар, радио ва телевидение каналлари, умуман ҳеч кимга бўйинсинмайдиган Интернетдан осонгина маълумот олиш имконияти бўлганда, ахборотни беркитиб ёки уни бузиб талқин қилиш мумкин эмас. Сабаби, журналистканинг бош мезони - ахборотнинг тўлалигига, унинг объективлиги ва холислигига жиддий эътибор бериш.
Айрим ОАВ, журналистлар воқеа, ҳодисаларга оид бир-иккита факт тўплаб, интервью олиб, унга ўз шарҳларини қўшиб, воқеа ҳақида маълумот берувчи журналистик материал тайёрладик, деб жаҳон афкор оммасини содир бўлган муҳим воқеа тўғрисидаги ҳақиқатдан чалғитишмоқда. Шуни таъкидлаш жоизки, воқеа ҳақида тўла, батафсил маълумотга эга бўлмай туриб, тўғри хулоса чиқаришга, объективликка, ҳаққонийликка эришиб бўлмайди. Бундай материалларда воқеанинг муҳим, принципиал томонлари, факт ва рақамлари, воқеанинг ривожланиш тенденциялари кўпчилик диққат-эътиборидан четда қолиб кетмоқда. Пировардида, газетхон, радиотингловчи, телетомошабин тасаввурида воқеа-ҳодиса, реал ҳаёт ҳақида нотўғри тасаввур ҳосил бўлаяпти. Шу ва бошқа сабабларга асосланган холда ахборот тўлалиги, унинг батафсиллиги тамойили журналистиканинг, журналистларнинг бугунги кундаги муҳим тамойили, муҳим талабларидан бири, деб ҳисоблашга асос беради.
Тафсилотларига тўхтамай шуни айтмоқчи эдикки, 2009 йилдаги қисқа муддатли Россия - Грузия уруши иккала томон ОАВда ҳам бирёқлама ёритилган, журналистик материалларда ҳар бир томоннинг фақат ўз манфаатларига хизмат қиладиган факт ва рақамлари келтирилган, яъни уларда бугунги кунда долзарб бўлган ахборот тўлалиги мезони бузилган.
Ер куррасини ойдек равшан кўрсатаётган космик телевидение ишлаб турган, бутун жаҳонни ўраб олган Интернет сурункасига ахборот тарқатаётган, мухбирлар уруш кетаётган жанг майдонларидан тўғридан-тўғри эфирга чиқиб, репортажлар олиб бораётган, аҳоли миграцияси чўққига чиққан ва яна қизиғи, маҳаллада юз бераётган кичик бир воқеа бутун дунёга шу оннинг ўзида ошкор бўлаётган, қарийб барча давлатлар демократик тузум, фуқаролик жамиятлари қуришни (бу - қанчалик тўғри ёки нотўғри эканлигини вақт кўрсатади) мақсад қилиб қўйган бир даврда ёлғон гапириш, ахборотни яшириш анча қийин, иложсиз бир хол бўлиб қолди.
Фикримизча, ахборот тўлалиги талаби камида халқаро журналистлар ҳамжамияти томонидан барча учун бир бўлган халқаро қонун-қоидаларда ўз аксини топмоғи лозим.
Кузнецов Г.В., Цвик В.Л., Юровский А.Я. раҳбарлигида 2002 йил чоп этилган “Телевизион журналистика” дарслигида “Ахборот тўлалиги” тамойили «Тележурналистиканинг ахлоқ-одоб принциплари» қаторида санаб ўтилади. Шуни алоҳида такидлаш жоизки, ахлоқ-одоб принциплари қанчалик муҳим ва уларга риоя қилиш қанчалик зарур бўлмасин, ахборот тўлалиги принципи бизнингча, журналистик ижоднинг асосий, фундаментал масалаларига тааллуқли масаладир. Бу тамойилга риоя қилиш воқеа-ҳодисанинг журналсит томонидан бузиб қўрсатилишини, тенденциоз (бирёқлама) ёритишнинг олдини олади. Воқеа-ҳодисанинг икир-чикирларигача кириб бориш, айниқса, унинг ҳал қилувчи, муҳим қисмларини тушириб қолмай, уни одиллик, холислик, ҳаққонийлик тамойиллари асосида ёритилишини таъминлайди. Шу сабабли, бу тамойилни биз Мустақиллик ғояларига содиқлик, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш, Ахборот ҳавфсизлиги ва Гедонизм каби Халқаро журналистиканинг замонавий тамойиллари қаторига қўшишни анча тўғри бўлади, деб ҳисоблаймиз.
Бу тамойил хусусидаги фикр-мулоҳазаларга якун ясаб, шуни айтиш керакки, ахборот тўлалиги тамойилига риоя қилиш воқеа-ҳодисанинг бирёқлама талқинига йўл қўймади. Қанчадан-қанча жанжаллар, ахборот хуружларию урушларининг олди олинган, бўлган воқеа-ҳодиса тўғрисидаги ҳақиқий факт ва маълумотларнинг даҳлсизлиги таъминланган бўлар эди.
Яна бир муҳим тамойиллардан бири - плюрализм-кўпфикрлилик тамойилидир. Жамоатчиликнинг фикри ҳали шаклланиб улгурмаган мураккаб мавзулардаги, баҳсли журналистик материалларда, бу тамойилга асосан, бир-бирини инкор қилувчи бўлса ҳам, камида иккита фикрни бериш тавсия этилади. Хулосани эса шу мавзуни кўтараётган ОАВ вакили, журналист эмас, газетхон, радиотингловчи, телетомошабиннинг ўзи чиқариб олсин. Бу демак, таҳририят, журналист фикри берилмайди, деган гап эмас. Муҳаррир, таҳририят, журналист фикри алоҳида ажратиб, айтиб берилиши керак.
Кўпфикрлилик ҳақиқатга эришиш, воқеа, ҳодиса ҳақида объектив фикр ҳосил қилиш, хулоса чиқариш йўлида воқеа-ҳодиса иштирокчилари томонидан турли, ҳатто бир-бирини инкор қилувчи фикрларни ифода этиш тамойилидир. Сабаби, воқеа талқинидан манфаатдор бўлганлар у ҳақида ижобий (позитив) фикр билдирса, унга қарши бўлганлар сўзсиз салбий (негатив) фикр билдиришади. Хулосани мухбир, шарҳловчи эмас, ҳатто воқеани ўз кўзи билан кўрган, унинг таъсирида бўлган шу воқеанинг иштирокчиси ҳам эмас, балки воқеа ҳақида маълумот олаётган кўпмиллионли холис аудиториянинг ўзи чиқарсин.
Е.Прохоров тамойиллари тизимида бўлмаган тамойиллардан яна бири – бу, гедонизм тамойилидир.
Гедонизм - ҳаётнинг бош мазмуни, олий мақсади - эзгулик, яхшилик қилиш, деб ўргатувчи ахлоқий таълимот. Яхшилик қилиш – муқаддас китобларда қайд қилинишича, - инсонни ўзидан ҳақли равишда мамнун бўлишга, ғурурланишга, қониқиш ҳиссини ҳосил қилишга, пировард натижада роҳатланишга, ёмонлик қилиш эса руҳий қийналишга, азоб чекишга олиб боради. Юнон тилидан олинган гедонизм терминининг асл маъноси, ана шундай – “роҳатланиш” демакдир.
Бу тамойил инсон руҳиятига асосан экран, тасвирий қатор, жонли рамз, образлар орқали эстетик таъсир этадиган электрон ОАВга, визуал журналистикага кўпроқ тааллуқлидир. Бу тамойилдан босма ОАВда расм-суратли, гламур – ялтироқ, безакли “сариқ матбуот” фойдаланмоқда. Кўп ўнйилликлар мобайнида фақат факт, рақам, қуруқ ва совуқ мантиқдан чарчаган аудиторияга ахборот беришда ОАВ энди руҳий, ҳиссий, эстетик таъсир қилиш имкониятларидан фойдаланишга кўчмоқда.
Гедонизм - аудиториянинг кўнглини олиб туриб, кўнгилхушлик қилиб туриб, унга янгилик, ахборот, фойдали маълумот бериш дегани. Ёки, бошқача айтганда, берилаётган ахборот, маълумот шундай мазмун ва шаклда бўлсинки, у аудиториянинг кўнглига тегмасин, энсасини қотирмасин, маълумотинг фойда келтирсин, аудитория ундан мамнун бўлсин. Акс холда ахборотингнинг фойдаси, самараси бўлмайди, дейилади.
Гедонизмни ҳозир биз ОАВнинг барча шакл ва жанрларида, айниқса ТВда кўрамиз. Ахборот жанрларида бу - инфотейнмент – ахборот билан томоша қоришиқда бўлиши даркор ёки истеъмолчига етказмоқчи бўлган маълумотни журналист “қуймоққа ўраб, қаймоққа ботириб бериши керак” (Абдулла Қаҳҳор ўхшатиши), - деган маънони билдиради. Бу айниқса, аудиовизуал журналистика амалиётида яққол ўз ифодасини топмоқда. “Прожектор перисхилтон”, “Вечерний Ургант” Россия ТВсининг “Первый канал”и, «Профи-Лактика» «Россия-1», РТР каналлари. Бу тамойил талаблари асосида тайёрланган (у нозик мавзу ва масалаларга тааллуқли бўлганлиги учун) журналистик асар сифатига алоҳида эътибор берилиб, ахлоқ-одоб масалаларига эҳтиёт бўлиш керак.
Гедонизм тамойилининг янги варианти пайдо бўлди. У илмий тилда – “Infotainment” – деб аталмоқда.
а) “Infotainment” (Инфотейнмент) атамаси - инглизчадаги (information (ахборот), “entertainment” эса (томоша ёки хушхабар эшитиб кўнгил ёзиш, хордиқ чиқариш) - деганидир. Инфотейнмент* – ахбортни қабул қилиш жараёни осон кечиши учун маълумотни томоша билан қоришиқда бериш керак, - деган маънони билдиради.
* Бу ҳақда қуйироқда Инфотайнментга махсус бағишланган бўлимда, алоҳида тўхталиб ўтилмоқда.
Навбатдаги тамойил – бу, ахборот хавфсизлиги тамойилидир.
Ижтимоий-сиёсий тузуми, дини, маданияти ва урф-одати турлича бўлган давлатлар ўртасида (Америка - Эрон, Америка - Венесуэла, Америка – Шимолий Корея, Исроил - Фаластин ва б.) ахборот қарама-қаршилиги авж олган, тамаддунлар ўртасидаги конфликт тобора яққол намоён бўлаётган, нолегал миграция авжига чиққан бир пайтда ахборот хавфсизлигини журналистик фаолиятнинг алоҳида бир тамойили даражасига кўтарилиши лозимлигини тақозо этмоқда.
Е.Прохоров ахборот хавфсизлиги масаласига журналистик тамойил нуқтаи назаридан тўхтаб ўтмаган.
Бу тамойилга мисол келтирмоқчи эдик.
Кичик Осиё давлатларидан бирининг катта обрў эътиборга эга бўлган, кўпчилик жуда ҳурмат-иззат қиладиган машҳур артисти телевидениедаги тўғридан-тўғри трансляция пайтида, илгари бир давлат ҳудудида бўлган, бу давлат парчалангандан кейин бошқа, қўшни давлат ҳудудига ўтиб қолган машҳур диний-тарихий-маданий ёдгорликни таърифлаб туриб, ўзга давлат ҳудудига расман ўтиб кетганига қарамай, у бу маданий ёдгорликни бизнинг миллий фахримиз, бизнинг миллий ифтихоримиз ва биз уни кўз қорачиғимиздек асраймиз, дейди ва уни асраш, авайлаш, қайта таъмирлаш ҳақида халққа мурожаат қилиб, илҳом билан тўлқинланиб гапиради.
Мазкур телевидение дастурини иккала қўшни давлат халқи бирдек томоша қилаётган бўлади. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар таранг бўлиб турган бир пайтда, телевидениедаги бу оташин нутқ қўшниларининг сабр косасини тўлдириб юборади. Санъаткорнинг телевидениедаги чиқиши тугаши билан миллий маданий ёдгорлигининг, ноёб асори атиқасининг “ўғирланиши”га чидай олмаган, миллий ғурури ҳақоратланди, деб ҳисоблаган халқ кўчага чиқади. Айниқса ёшлар кўчада дуч келган қўшни давлат миллати вакилларини уриб, майиб қилиб, машиналарни ағдариб, киоска дўконларни ёндириб, ушбу ёдгорликнинг “бошқа давлат” ҳудудига ўтиб қолишига йўл қўйиб берган ўз ҳукуматига қарши норозилигини билдирадилар.
Тўсатдан содир бўлган бу можарони ва унга қўшилиб кетган аҳолини тинчлантиришга милиция, армия қўшинлари, махсус хизмат қисмлари ташланади. Отишмалар бўлиб, қанча одам қурбон бўлади, қанчаси жароҳатланади. Бир қанча идора-ю дўконлар ёниб кетади.
Бунинг олдини олиш мумкин эдими?
Авваламбор, биринчидан, давлатлар билан тинч-тотув яшаш тўғрисидаги битимларда, айниқса, ўзаро бахсда, рақобатда, конфликтда бўлган давлатлар ўртасида бир-бирининг иззат-нафсига тегадиган мавзуларни (умумхалқ аудиториясига эга) телевидение экрани, радио тўлқинлари орқали бундай шаклда муҳокамага олиб чиқмаслик тўғрисида алоҳида банд бўлиши, битим муҳокама қилиниб, парламентлар томонидан ратификация қилиниши ва бу битим мазмуни барча ОАВга етказилиши ва уларнинг бажарилиши назорат остига олиниши керак.
Аммо кўпмиллионли аудиторияга эга бўлган радио ва телевидениедаги “жонли эфир”да бунинг масаласи анча оғир, лекин унда ҳам бундай холларнинг олдини олиш имкониятлари мавжуддир. Бунинг учун кўпчилик хорижий давлатлар радио ва телевидениелари амалиётида кенг қўлланилаётган махсус техникадан фойдаланмоқ зарур. Унда студияда айтилган гап, фикр шу фикр айтилиши билан эфирга чиқмай, балки 6-8 сониядан кейин эфирда янграйди. Бу атайлаб қилинади ва уни амалга оширадиган махсус мосламалар мавжуд. Агар кўрсатувга таклиф қилинган шахс бу кўпмиллионли минбардан ўзининг қандайдир ғализ мақсадларида фойдаланишга ҳаракат қилса, унинг навбатдаги фикри тугаган қайсидир гапидан кейин эфир режиссёри техника ёрдамида зудлик билан сўзловчини эфирдан узиш имкониятига эга бўлади. Телетомошабин буни телевидение режиссёри баҳс пайтида эфирга кетаётган тасвирни бир кадрдан навбатдаги бошқа бир кадрга олиб қўйиш йўли билан амалга оширади. Муҳими, оммавий ахборот воситаси ёки муаллиф, эфир режиссёри бир кишининг айби билан содир бўлган оғир тартибсизликларда, жамиятда барқарорликни издан чиқаришда айбланмайди.
Ёки 2012 йил 17-19 сетябрь кунлари Ливияда содир бўлган воқеаларда ахборот хавфсизлиги талаблари ишлаб чиқилмаганлиги ва муҳими, ана шу ахборот хавфсизлиги керакли миқъёсда таъминланмагани учун Ливияда АҚШнинг фавқулодда ва мухтор элчиси исъёнчилар томонидан фожеона ўлдирилди. Бундай юқори лавозимдаги масъул шахснинг ўлдирилиши сўнгги йилларда жаҳонда биринчи бор содир бўлмоқда. Афғонистон, Туркия ва бошқа араб мамлакатларида, бутун ислом дунёсида, мусулмонлар истиқомат қилаётган Европа мамлакатларида Америка ва Исроил давлатлари байроқлари намойишкорона ёндирилиб, АҚШ элчихоналарини қамал ва вайрон қилишгача бориб етди. Воқеа эса мусулмонларнинг муқаддас ҳиссига қўпол равишда тегишдан, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳи алайҳи вассалламнинг тасвирини нотўғри, бузиб чизишдан, уни ҳақорат қилишдан ва у тўғрисидаги фильмни суратга олишдан ва энг қалтиси, ана шу кадрларни Интернетга чиқиб кетишидан ва бундан бутун дунё мусулмонларининг воқиф бўлишидан, ғазабга келишидан бошланди.
Қора мотам либосидаги АҚШ Президенти Барак Обама билан бошига қора рўмол ўраб олган АҚШ Давлат котиби Хиллари Клинтон хоним Триполидан самолётда келтирилган АҚШ элчисининг жасадини Вашингтон аэропортида кутиб олишди. Бутун Америка мотамда эди. Марказий разведка бошқармаси агентлари, НАТО ва Американинг Ливиядаги қўшинлари бу воқеанинг олдини олиша олмади, ожизлик қилишди. Тўғри, фожеа содир бўлиб ўтгандан сўнг ақл ўргатувчилар кўпаяди. Лекин, айрим мантиқий асосланган фикрларга фожеа содир бўлишини кутмай қулоқ осиш, чора кўриш ҳам лозим эди. Жанг майдонида ҳал қилиниши мушкил бўлган масалаларнинг балким, ахборот майдонида ечими мавжуддир. Ахборот ҳавсизлиги тамойили ана шундай муҳим ва ечилиши долзарб бўлган масалалардан биридир.
Яна бир мисол. Евроньюс* телеканалининг хабар беришича, (Евроньюс телеканали 2013 йил 26 январь. Эфир вақти – 15.30) Венесуэла телеканалларидан бирида берилган битта ахборот 50 кишининг қурбон ва юздан ортиқ кишининг ярадор бўлишига олиб келган. Эфирга бериб юборилган ахборотда, мамлакат қамоқхоналарининг бирида яширин ҳолда ўқ отиш қуроллари йиғилаётганлиги ҳақида гап боради. Венесуэла ҳукумати бунга қарши қамоқхона атрофига ҳарбий қисмларни ташлайди. Лекин, ахборот ташқарига чиқиб кетган ва кўпчилик бундан хабардор бўлган эди. Қамоқдаги махбусларга ҳарбий қўшинлар ташланганидан хабар топган қамалганларнинг бола чақалари, ака-укалари, қариндош-уруғлари зудлик билан қамоқхона атрофига етиб келишади. Тўс-тўполонга улар ҳам аралашиб кетишади. Натижа 50 киши ҳалок бўлади, юздан ортиқ киши ярадор бўлади*.
* Евроньюс телеканали 2013 йил 26 январь. Эфир вақти – 15.30
Биз албатта, ОАВ ёки ахборот устидан назорат қилишга, ахборот цензурасига қаршимиз, лекин жамият осойишталигини издан чиқарувчи, айниқса тўқнашувларга, бунинг натижасида қон тўкилишига олиб келувчи ахборотларнинг тарқалишига, аҳоли эҳтирослари жунбушга келган ўткир, қалтис вазиятларда ахборотни оммалаштиришда маълум тартиб-қоида бўлиши ва юқорида келтирилган воқеаларнинг олдини олиш, аҳоли осойишталаигини, жамиятдаги ижтимоий барқарорликни сақлаш тартиблари бўлишлиги ҳақида айтмоқчи эдик.
Айниқса, ижтимоий-сиёсий тузуми, маданияти, тамаддуни турли бўлган давлатлар ўртасида ахборот қарама-қаршилиги авж олган бир пайтда ахборот хавфсизлиги журналистик фаолиятнинг мустақил тамойили даражасига кўтарилиши лозимлигини давр тақозо этмоқда.
2. Жаҳонда кечаётган воқеалардан воқиф бўлар экансиз, ҳар доим ҳам тезда унинг бирор мамлакат ёхуд жаҳон тарихидаги аҳамияти ҳақида тасаввурга эга бўлиш осон эмас. Бунинг учун аввало, дунёда кечаётган воқеа ҳодисалардан мунтазам хабардор бўлиш, улар моҳиятига етишга доимо ҳаракат қилиш, ҳодисалардаги ҳамма ҳам кўришга қодир бўлмаган ўзаро боғлиқ нарсаларни англаш зарур. Шу боис ҳам биз кўпинча жаҳондаги янгиликлар билан танишар эканмиз, шарҳловчилар талқинига эътибор қаратамиз. Бу ўринда уларнинг билимдонлиги, зийраклиги, маҳорати ҳар биримизда ва умуман жамиятда маълум воқеага нисбатан жамоатчилик фикрининг шаклланишига кўмаклашишини кузатамиз.
Шунинг учун назариётчилар шарҳ ёзиш бўйича қуйидаги қоидаларга амал қилишини айтишади.
1. Шарҳловчи фактларни рўй-рост ва тўлиқлигича ўқувчиларга тақдим этиши лозим. Шарҳни ярим ҳақиқатга асосланиб ёзиш мумкин эмас. Шарҳловчи ҳеч қачон ўқувчини била туриб янглиштирмаслиги, вазиятни нотўғри талқин этмаслиги ёки бирор кишини ноқулай вазиятга қўймаслиги керак.
2. Шарҳловчи маълумотларнинг моҳиятига ва уларнинг яхшиликка хизмат қилишига асосланган ҳолда тасдиқланган фактлардан холисона хулоса чиқариши лозим.
3. Шарҳловчи ҳеч қачон ўзининг шахсий манфаатлари йўлида ёки махсус бирон-бир фойдани кўзлаб ўз таъсирини ўтказмаслиги, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига хизмат қилишдан қочиши лозим.
4. Шарҳловчи ўзининг ҳақ эканлигини англаши лозим.
5. Шарҳловчи ўз фикр-мулоҳазаларини мунтазам равишда ҳамма учун тушунарли тарзда етказиб бериши ва зарур бўлган жойда тузатишлар киритишдан тортинмаслиги керак.
6. Шарҳловчи кучли эътиқодга эга бўлиши ва ҳаётнинг демократик тамойилларига қатъий ишониши зарур. У бировнинг виждони ва эътиқодини ҳақоратлайдиган ҳар қандай нарсани шарҳлашдан ўзини сақлаши керак. Кўпинча газета саҳифалари битта фикрни илгари сурадилар. Шуни унутмаслик керакки, ҳар қандай умумтўғри фикрлар аввало, индивидуал (якка) шахсий фикрлар мажмуасидан пайдо бўлади. Шунинг учун ҳар қандай бошқача фикр эътибордан четда қолмаслиги керак.
7. Шарҳловчи касбий дахлсизликнинг олий мезонларига риоя қилиши, ўзининг ҳамкасбларини қўллаб-қувватлаши лозим.
Шарҳ жанри концепцияси - ҳар бир шарҳнинг мавзуси ва мақсадидан, ўз олдига қўйган конкрет сиёсий, геосиёсий, иқтисодий, ҳарбий, хавфсизлик масалалари, муаммолари, вазифаларидан келиб чиқади.
Шарҳлаш деганда, журналистни уни ўраб турган атроф-муҳитга бўлган муносабати ва ана шу атроф-муҳитни, бу демак, ҳаётни маълум бир мақсадга мувофиқ равишда ўзгартиришга қаратилган ҳужжатли-публицистик асарлар яратиш жараёни тушинилади.
Халқаро ва мамлакат ҳаётини таҳлил қилади ва унга ўз муносабатини билдиради, содир бўлган/бўлаётган воқеа-ҳодисаларга шу соҳа бўйича ихтисослашган мутахассис сифатида баҳо беради.
Шарҳловчи – шарҳ муаллифи, бошқа таҳлилий материаллар тайёрлаш мақсадида воқеа-ҳодиса рўй берган жойга бориб, воқеа-ҳодиса билан яқиндан танишиб, унинг “ичига кириб” содир бўлган/бўлаётган сиёсий актуал воқеа-ҳодисалар ҳақидаги фикрларни, муҳитни, вазиятни ўрганиб, муҳим фикр, факт ва хабарларни тўплаб, уни мушоҳада қилиб, унга ўзининг нуқтаи назарини сингдириб, ана шу воқеа-ҳодисаларни газета, радио, телевидение ва Интернетда мунтазам суратда ёритиб турадиган сиёсий, адабий-публицистик фаолиятдир.
Шарҳловчи жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ривожланишини, тараққиётини фаоллаштиради. Шу сабабдан ҳам шарҳловчилар тайёрлаётган, ОАВ томонидан тарқатилаётган матералларнинг мавзуси, мазмун-моҳияти, уларнинг йўналиши, шарҳловчиларнинг сиёсий-ижтимоий позицияси, нуқтаи назари ниҳоятда муҳим роль ўйнайди.
Шарҳловчи билиши керак бўлган мавзулар:
- қуролсизланиш масаласи, (АҚШ билан Россия Федерацияси Ер куррасини бир неча маротаба йўқ қилиб юборадиган миқдордаги қирғин қуролларини ушлаб турибди) ядро қуролига, унинг ишлаб чиқариш технологиясини тарқатиш билан боғлиқ бўлган масалаларга қарши чиқиш;
- экология масалалари: ер куррасида ҳаво ҳароратининг кўтарилиши, атроф-муҳитнинг ифлосланишига қарши, экологик тоза мева-чева, сабзавот, полиз ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш, уларнинг сифатини кўтариш, шунингдек, демография, миграция, глобаллашув масалалари;
- Марказий Осиёда сув муаммоси, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудларидан ўтадиган трансчегаравий дарёлар сувларидан фойдаланиш ва унга айрим қудратли давлатларнинг минтақада ўз таъсирини кучайтиришга қаратилган сиёсатига ҳамкорликда қарши туриш масалалари;
- Орол денгизи муаммолари;
- ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-технологик тараққиёт масалалари,
- янги иш жойларини ташкил қилиш, аҳоли турмуш шароитини кўтариш ва б. масалалар бугунги кундаги ўз ечимини кутаётган, ҳудудда ижтимоий-сиёсий барқарорликка хавф солиб, безовталик келтириб чиқараётган жиддий масалалардандир.
Дунё афкор оммаси ҳар куни Би-Би-Си, «Свобода», «Голос Америки», Си-Эн-Эн, Рейтер, Ассойшиэйтед Пресс, Франс Пресс, Синхуа, ИТАР-ТАСС билан Эн-Эйч-Кэй, Евроньюс, “Первый канал”, «Аль-Жазира», Голливуд каби, Европа Иттифоқи билан бирга ҳисоблаганда, бори-йўғи 10 га яқин давлат ахборот агентликлари, телеканаллари ва киностудияларининг маҳсулотларини ўқийди, эшитади, кўради, уларни машоҳада қилади. Ва дунёда содир бўлган воқеа-ҳодисалар ҳақида олган ана шу ахбороти, маълумоти ва уларнинг талқини асосида ҳукм чиқаради.
Қайд қилиш лозим, жаҳон афкор оммасининг чор-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан фикри, нуқтаи назарини бугун асосан юқорида қайд қилинган ахборот манбалари шакллантирмоқда. Бу ахборотларни ягона тўғри, холис ва у барча халқ, давлат ва миллатларнинг манфаатларини ҳимоя қилади, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Бу ерда жаҳон халқларининг ҳар бирининг миллий ўзига хослиги, қадрияти, маданияти, маънавияти ҳавф остида қолаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқ зарур. Дунёда ахир 200 дан ортиқ мамлакат, давлат мавжуд. Уларни, майли дейлик, 10 таси эмас, 20 тасини чегириб ташлайлик, шунда 180 давлат, халқнинг овози, нуқтаи назари, муносабати қани, уларнинг манфаати ҳимояланганми?
Шарҳловчи радио ва телевидениеда маълум бир аниқ воқеалар соҳасида (шунингдек, ижтимоий, сиёсий, спорт соҳаларида)содир бўлаётган муҳим ва долзарб ходиса, воқеа, фактларни таҳлил қилиб, уларга баҳо бериб, аудиторияга тақдим этмоқда. Муҳаррирлар иерархиясида шарҳловчиликни тажрибали, маълум компетенцияга эга бўлган мутахассис амалга оширади. Баъзи ҳолларда шарҳловчилик вазифасини ўташга штатдан ташқаридаги мутахассислар жалб қилинади.
Долзарблилик қоидалари:
— иш моҳиятидан келиб чиқиб гапириши;
— айни пайтда нима шарт бўлса, шу ҳақда тўхталиши;
— аудитория талаб ва эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда ахборотларни танлаб, тақдим этиши лозим;
Шарҳ ҳажми қоидалари:
— мақсадга эришиш учун қанча керак бўлса, шунча гапириб, аммо ҳамма билган нарса ҳақида гапириш шарт эмас.
Таъсирчан шарҳ қоидалари:
— ҳақиқатни, аниқланган ёки текширилган ахборотни етказиш;
— асослар етарли бўлмаса гапирмаслик керак;
Фикрлаш журналистнинг шахсий-профессионал сифатлари:
- нутқ предметидан эркин фойдаланиш;
- ахборотни баҳолаш ва уларни умумлаштириш усулларида объективлик ва оперативлик;
- “вақтни ҳис қилиш” ва ривожланаётган воқеалар истиқболини кура олиш қобилияти;
- бефарқ бўлмаслик -нутқ предмети ва суҳбатдошга нисбатан қизиқувчанлик;
- коммуникатив компетентлик;
- самимийлик, дўстоналик, ҳиссиётларини бошқара олиш қобилияти.
Шунингдек, таҳлилий мақолага кимки амалда раҳбарлик қилаётган бўлса, ўша кишининг исми-шарифи шарҳнинг охирига қўйилиши мумкин. Таҳририят мақоласига қўйиладиган талаблар қуйидагалардан иборатдир:
А) «Мен» сўзини ишлатманг (худди: «Менимча, асосий катта йўл қурилиши керак»).
Б) Фикрни тўлиқ ифодалаш учун биттадан ортиқ тахририят мақоласи талаб этилади. Битта таҳририят мақоласида жуда кўп нарсани ёритаман деб ҳаракат қилманг. Масалан, глобал молиявий инқироз билан боғлиқ вазиятни шарҳлаш учун «XXI аср» газетаси маълум вақт оралиғи билан қатор шарҳларни эълон қилди. «Инқироз» (2008 йил 9 октябрь), «Таназзул тиргаклигига ким даъвогар?» (2009 йил 15 январь), «Глобал ишсизлик» (2009 йил 12 февраль), «Ўргимчак тўри» (2009 йил 23 апрель) мақолаларида гарчи умумий бир мавзу кўтарилган бўлса-да, вазиятни турли томондан туриб шарҳлашга эришилган. Зеро, глобал иқтисодий ва молиявий инқироз, унинг келиб чиқиш сабаблари, унинг давлатлар ва глобал иқтисодиётга таъсири, бу масаладаги қарашлар ва башоратларни батафсил ёритиш учун битта шарҳ камлик қилади.
В) Кўпчилик ҳолларда, гарчи у кескин воқеа, долзарб муаммо бўлса ҳам сабр тоқатли бўлинг. Агар матн ичига киритилган нарсалар инқирозга ёки ўта шов-шувли нарсага оид бўлса ўқувчи толиқиб қолиши мумкин.
Г) Мақола муаллифи битта ёки ундан ортиқ қарши фикр тақдим этиши, кейин эса фактлар асосида унинг нотўғрилигини исботлаши, норозилик туғдирган битта фикрни олиб, текширув ўтказиши лозим. Нимани назарда тутаётганингизни исботлаш учун фактлардан фойдаланинг. Масалан, сиз бундай ёзишингиз мумкин: «Ўзбекистон Давлат аграр университети илмий ходими Йўлдошев Дониёрнинг янги ишлаб чиқилган ўқит пахта ҳосилдорлигини оширади деган фикрига кўпчилик олимлар шубҳа билан қарамоқдалар. Шунинг учун тегишли текширувлар ўтказилмагунча бу ўқитдан доимий равишда фойдаланиш кечиктирилади».
1. Шу билан бирга асосий фикрни ижобий мисол ва изланишлар билан қўллаб-қувватлашингиз керак.
2. Мисоллардан, кўпроқ ўз тажрибаларингиздан, кузатишингизлардан ва дўстларингиз ва яқинларингизнинг тажрибаларидан фойдаланинг. Масалан:
«Яқинда бир дўстим хайдовчилик ҳуқуқини берувчи гувоҳнома сотиб олганини айтиб ўзича мақтанди. Кейин эшитишимга қараганда, киракашлик қилиб юрган ўша ўртоқим автоҳолокат содир этиб, умуртқа поқонаси қаттиқ шикастланибди».
Do'stlaringiz bilan baham: |