эътиборни воқеанинг муҳимлигига, аудиторияда у қандай акс-садо чиқара олишига, репортаждаги дастлабки фикр, биринчи абзацга кўпроқ эътибор берар эди. У шогирдларининг материалларини ҳатто таҳрир ҳам қилмас эди. Нима сабабдан, деб сўраганларга: “мен ходимларимга ишонаман” деб жавоб беради. Раҳбарлик лавозимида узоқ бўлишига қарамай у фақат бир-икки ходиминигина ишдан бўшатди, холос. Радиостанциянинг машҳур журналисти Андрей Бабицкий кўп ичар, ишни ташлаб қўйган пайтлари ҳам бўлар эди. “Нега уни ушлаб турибсан, бўшатиб юбормайсанми уни”, – деганларга Савик: “Андрей ҳарбий журналист, ишламай олаётган пули эса бу ҳарбий нафақа, қалтис вазият туғилганда эса уни ўрнини босадиган одам топилмайди”, - деб жавоб берарди. У иш берувчининг манфаатини қаттиқ туриб ҳимоя қилар эди. У ўзига ёмонлик қилганларга ҳам яхшилик билан жавоб берар эди. Савик тобора машҳур бўлиб борди. Уни энди кўчада тез тез танишар, йўловчилар орқасига қарашиб: “ана, қара Савик Шустер кетаяпти”, – дейишадиган бўлди. Машҳур сиёсатчи, артистлар энди унинг телевизион дастурида чиқишга интила бошладилар. Бу билан улар нафақат машҳур тележурналист билан юзма-юз сўзлашиш бахтига муяссар бўлишар эди, балким, бу суҳбат ўзларининг рейтинги, обрў-эътиборини оширишга, мухлисларини орттиришга хизмат қилишини ҳам яхши билишар эди.
Савик Шустер Россиянинг НТВ телеканали билан ҳам яхши муносабатда бўлиб, бу каналда у футбол шарҳига бағишланган “Третий тайм” (“Учинчи тайм”) номли кўрсатувини олиб борди. Унинг бу шарҳлари кўпинча спорт мавзуси чегарасидан четга чиқиб, сиёсий ток-шоу шаклига айланиб кетар эди. Шунда Савик Шустернинг бевосита раҳбарларидан Владимир Калистратов Шустернинг кўрсатувини ёпиб қўяди. Шунда Россиянинг Давлат Думаси НТВ каналнинг шу пайтдаги бош раҳбари Гусинскийга махсус мурожаат қабул қилиб, кўрсатувни зудлик билан тиклашни талаб қилишади. Бу таклиф Думада овозга қўйилганда эса қарийб барча – 300 депутат “Савик Шустер кўрсатуви тиклансин!” деб овоз беради, фақат биргина депутат овоз беришда иштирок этмайди.
“Газпром”нинг НТВ га молиявий эътирозлари билан боғлиқ жанжал бошланади. Шунда 1 май куни бошқа кишилар қўлига ўтган НТВ каналида Савик Шустернинг футбол шарҳи пайдо бўлади. Шунда: “НТВ да ўзининг юзини экранда кўрмаса тураолмайдиган шахслар пайдо бўлди” – деган гина, андуҳ, қочиримлар пайдо бўлади. 5 май куни Шустерни “Свобода” радиостанциясининг марказий офиси жойлашган Прагага чақириб: Агар шундай хатти-ҳаракатлар яна бир бор қайтарилса, уни Москвадан чақириб олишиб, ишдан бўшатишлари ҳақида огоҳлантирадилар. Савик бошқа бундай қилмаслиги ҳақида сўз беради. Аммо, икки кундан сўнг – 7 май куни эса уни “Свобода” радиостанцияси офисига киритмайдилар ҳам. 11 май куни у ишдан бўшаганлиги ҳақидаги огоҳлантириш қоғозини олади. Контракт шартларига қарамай 10 май кунидан унга иш ҳақи ёзиш тўхтатилади. Унинг Италияда рафиқаси, икки нафар фарзанди яшар эди. Яшаш учун маблағсиз қолган Савик Шустер яна НТВ канали билан ҳамкорлигини давом эттиришга мажбур бўлади.
Савик Шустернинг ток-шоулари Ғарб журналистикаси анъаналарини ўзида ифода этган ёрқин телевизион томошалар эди. У россияликларни ўзига четдан, Ғарб демократияси кўзи билан қараш имконини берарди. Лекин Шустер қанчалик катта маҳоратга эга бўлмасин, у рус амалдорларини кўнглидаги гапларини, фикрларини ўз кўрсатувларида очиқ, ошкора айттира олишга сира муваффақ бўлгани йўқ. У 2004 йилнинг июлига қадар НТВ каналида “Свобода слова” (“Сўз эркинлиги”) телевизион шоусини олиб борди. Бу дастурнинг сўнгги кўрсатуви 9 июл куни эфирга берилди. Дастлаб у футбол шарҳловчиси сифатида элга танилган эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |