Биринчи босқич 20 йилларнинг бошидан 30 йилларнинг ўртасигача бўлган даврни ўз ичига олади. Бу даврда педагогика ва психотехникада тест методлари кенг тарқалди. Бунга боғлиқ равишда педагогия - бола ҳақидаги фан ривожлана бошланди. Унинг предмети - болалар ҳаётини ўрганиш, ирсиятнинг ролини аниқлаш, жисмоний ва маънавий тараққиёт қонунларини аниқлаш, болалар психикасида касаллик кўринишларини ўрганишдан иборат (К.Н.Корнилов, 1917).
Бу даврда психологик диагностиканинг ривожланишида М.С.Бернштейн, Л.С.Виготский, П.П.Блонский, С.Г.Геллерштейн, Н.Д.Левитов, Г.И.Россолимо, П.И.Шпильрейн, А.М.Шуберт ва бошқалар катта ҳисса қўшдилар. Олимлар томонидан илгари сурилган қатор илғор фикрлар кейинчалик ривожлантирилмади, чунки 1936 йилдан кейин бу соҳадаги барча тадқиқотлар тўхтатилди ва психодиагностиканинг кейинги ривожланишига жиддий тўсиқ юзага келди.
Машҳур рус психологи Л.С.Виготский шахс психик тараққиёти хусусиятларини ўрганишга муҳим ҳисса қўшди. Унинг таълимоти инсонга хос бўлган психик жараёнлар ва инсон онгининг тарихий ривожланишига бағишланди. Унинг фикрича, болалар психик тараққиёти инсоният маданиятини ўзлаштириши натижасида рўй беради. Бунда шахс шаклланишида таълим ва тарбия жараёнлари етакчи роль ўйнайди.
Психодиагностиканинг ривожланишидаги иккинчи босқич 50-60 йилларга тўғри келади. Бу даврда ақлий тараққиётни ўрганишга катта эътибор берилди. Жумладан, А.А.Люблинская тадқиқотларида нутқ ва унинг функцияларининг ривожланиш хусусиятлари ўрганилган. А.Р.Лурия раҳбарлигида фаолиятни бошқаришда нутқнинг роли ўрганилди. А.Н.Леонтъев ва А.В.Запорожец раҳбарлигида асосий психик жараёнларнинг ривожланишида фаолиятнинг роли ўрганилган. Д.Б.Эльконин раҳбарлигида нутқнинг ривожланиши ва боғча даврида ўйиннинг етакчи фаолият тури сифатидаги роли аниқланди. Бу тадқиқотлардан олинган натижалар болалар учун таълим ва тарбия дастурларини тузишда асос бўлиб ҳизмат қилади.
Рус психологлари томонидан ишлаб чиқилган ақлий тараққиётни сифатий таҳлил қилиш тамойили қатор вазифаларни ҳал қилишда ўз маҳсулдорлигини намоён қилди ва кўпгина тадқиқотларда ўз аксини топди (З.И.Калмикова, 1975, 1982; Г.А.Варданян, 1979; Л.А.Венгер, 1974; К.М.Гуревич, 1980; В.И.Войтко, Ю.З.Гильбух, 1981; Д.Б.Эльконин, 1982; В.В.Столин, А.Г.Шмелев, 1987; Л.Ф.Бурлачук, С.М.Морозов, 1989 ва бошқалар).
Психологик диагностикага кичик амалий йўналиш хос бўлиб, у ёки бу ҳодисаларни билишга ва тавсифлашга қаратилган. Б.Г.Ананьев (1968) психологик диагностикани психологик тадқиқотларга қаратилган йўналиш, деб таърифлаб, унинг мақсади, психофизиологик функциялар, жараёнлар ва шахс хусусиятлари ривожланиш даражасини аниқлаш, турли қўзғатувчилар таъсир қилганда инсон ҳолатини билиш, инсоннинг меҳнат қобилиятини, лаёқатини аниқлашдан иборат.
К.К.Платонов (1974) психологик диагностикани психик ҳодисаларнинг хосса ва хусусиятларини ўрганиш ҳақидаги фан, деб ҳисоблаган. К.Н.Гуревич (1974) инсонларни психологик ва психофизиологик белгилари бўйича ажратиш ва тавсифлаш методлари ҳақидаги фан деб ҳисоблайди. В.В.Столин ва А.Г.Шмелев (1984) психодиагностикани психологик диагноз қўйиш ҳақидаги фан деб ҳисоблайди. Диагноз (ташхиз) – синалувчининг алоҳида кўрсаткич ва характеристикаларини чуқур таҳлил қилиш асосида унинг хусусияти ва ҳолати ҳақидаги хулосадир. Шу билан бирга психодиагностик тадқиқот, экспериментал тадқиқотдан тубдан фарқ қилади. Психодиагностик тадқиқотда аниқ индивид ёки индивидлар гуруҳи ҳақида маълумот олинади, экспериментал тадқиқотда назарий фараз текширилади. Шунинг ҳисобига психодиагностика махсус методик тамойилларга бўйсунади.
Лекин психологик диагностикага турлича таъриф беришларига қарамасдан, унинг асосий тушунчаси «психологик диагноз» тушунчаси бўлиб қолади. Ҳаётда биз касалхоналарда турли касалликларга диагноз (ташҳиз) қўйишларига ўрганиб қолганмиз. Бунда ташҳизнинг тўғрилиги текширишнинг турли клиник методлардан фойдаланишга боғлиқ бўлади. Қатор ҳолларда бундай диагностика мураккаб аппаратурали тест методларидан фойдалангандан кейингина мумкин бўлади. Экспериментал диагностикада ҳам тадқиқотчи турли методлар, аппаратурали тестлар қўллайди. Олинган маълумотлар асосида психолог синалувчини хулқ-атвори, фаолияти ҳақида хулоса чиқаради, яъни шахсга психологик диагноз қўяди.
Психологик диагноз қўйишнинг умумий шароитларига алоқадор асосий мезонларни ажратиб кўрсатиш мумкин:
психологик диагноз инсонга хос бўлган махсус ҳодиса ва хусусиятларни очиб бериши керак;
ҳар қандай диагноз олинган натижаларни баён қилиши билан чегараланмаслиги, у ёки бу белгининг вужудга келиш сабаби, оқибати, кейинги ривожланиши ҳам қўшилиши керак.
Психологик диагноз тадқиқот шароитида инсон хулқ-атворини характерлайдиган баён қилган материал асосида тушунтирилиши керак. Психологик диагноз синалувчининг шахсий ҳаёт ва психик фаолияти ҳақида экспериментал тадқиқот йўли билан маълумотлар асосида қўйилади. Тадқиқотчи психик фаолият натижалари ҳақида маълумот олиш учун турли психодиагностик методлардан фойдаланади (Н.А.Менчинская, 1966; З.И.Кальмикова, 1968; С.Я.Рубинштейн, 1970; Б.В.Зейгарник, 1976; В.М.Блейхер, 1976; Л.Ф.Бурлачук, 1979; М.К.Гуревич, 1984 ва бошқалар).
Республикамизда психодиагностиканинг ривожланишида М.Г.Давлетшин, Б.Р.Қодиров, Ғ.Б.Шоумаров, Э.Ғ.Ғозиев, В.А.Токарева, Р.З.Гайнутдинов, В.М.Каримова, Р.И.Суннатова, Ш.Р.Баратов, А.Жаббаров, Ш.А.Дўстмуҳаммедова, Э.Н.Саттаров, Г.Тўлаганова каби олимлар ўз ҳиссаларини қўшганлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |