1.3. ПСИХОЛОГИК ТАДҚИҚОТЛАР МЕТОДЛАРИНИ
ТАНЛАШНИ АСОСЛАШ
Психология болалик даврида шахс хусусиятлари ва психик тараққиёт даражасини аниқлаш учун турли экспериментал психологик методлардан фойдаланади. Психологик тадқиқотларда фойдаланиладиган методикалар у ёки бу фаолият жараёнида шахс психик хусусиятларининг намоён бўлишини аниқлашдан иборат.
Болалар психологиясида экспериментал методикаларни ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш психологлар ва педагогларнинг асосий вазифасидир. Экспериментал топшириқлар мажмуи бола психик тараққиётини, ақлий даражасини, унинг мактабда ўқишга тайёрлигини аниқлашга мўлжалланган. Жумладан, мактабда ўқишга тайёрликни билдирувчи белгилар қуйидагилар:
а) психик жараёнларнинг ихтиёрийлиги;
б) ақлий иш қобилиятининг етарлича давомийлиги;
в) янги билим ва малакаларни мақсадга йўналтирилган равишда ўзлаштириш имконияти;
г) борлиқни билишга қизиқишнинг мавжудлиги;
д) теварак атрофдаги воқеа ва ҳодисаларни фарқлай олиш ва умумлаштира олиши;
е) фикрлай олиш ва бошқалар;
Юқорида қайд этилган белгиларниннг мавжудлиги педагоглар ва психологлар томонидан ўқув жараёнида турли дидактик восита ва усуллар ёрдамида амалга оширилади.
Экспериментал тадқиқот шароитида юқоридаги белгиларнинг мавжудлиги сўзли, предметли ва психометрик методикалар ёрдамида амалга оширилади. Ҳар бир конкрет ҳолда олинган маълумотларни сифатий таҳлил қилиш ва уларни бошқа методлардан олинган натижалар билан боғлаш зарур.
Психологик диагностикада методикаларнинг ишончлилиги муҳим ҳисобланади. Соддароқ қилиб айтганда, бу тушунча «тестда олинган натижа нечоғлик тўғрилигини кўрсатади». (А.Анастази). Ҳар қандай методиканинг, тестнинг ишончлилиги ўрганилаётган психологик хусусиятларининг уларда акс этиши нуқтаи назаридан тўғри қўллашни характерлайдиган маълумотлар мажмуи сифатида қаралмоғи керак (Л.Ф.Бурлачук, С.М.Мороз, 1989). Шундай қилиб, мақсадга мувофиқ танланган методика ва тестлар психик фаолият кўринишларини тўлиқ ва ҳар томонлама ўрганиш имконини беради.
Болалар устида психологик тадқиқотлар ўтказиш тажрибаси шундан далолат берадики, қўлланилаётган психодиагностика методикаларини шартли равишда у ёки бу психик жараёнларни ўрганиш методикаларига ажратиш мумкин. (Л.И.Поперечная 1978; Л.А.Венгер, В.В.Холмовская 1978; З.И.Калмикова, 1982; В.М.Блейхер, И.В.Крук, 1986). Масалан, бола хотираси ҳақида фақат бир метод асосида хулоса чиқариш мумкин эмас, бунинг учун методикалар мажмуини қўллаш керак. Шу билан бир вақтда, ҳар бир экспериментал методикалар ўзининг асосий йўналишидан ташқари (яъни шахснинг маълум хусусиятини ўрганишдан ташқари) психиканинг бошқа хусусиятларининг ҳолати ҳақида баъзи маълумотлар беради. Масалан: болага берилган 10 та сўзни қандай ёдлашига қараб, фақат унинг хотираси ҳақидагина эмас, балки ихтиёрий диққати, ҳаракатларининг мақсадга йўналтирилганлиги, уларнинг сабаблари ҳақида ҳам билса бўлади.
Тарбиячи-тадқиқотчи тадқиқот учун у ёки бу методикани танлаганида кўрсатмани салгина ўзгартирганда методиканинг йўналиши ўзгариб кетишини назарда тутиши керак. Топшириқни бажаришга киришишдан олдин бола унга бўлган кўрсатмани тўғри тушунганлигига ишонч ҳосил қилиш керак. Бажарилаётган топшириқнинг муваффақияти кўп ҳолларда шунга боғлиқ бўлади.
Психологик педагогик тадқиқотнинг сифати экспериментда қўлланиладиган методикалар сонига боғлиқ бўлади. Лекин боғча ва мактаб ёшидаги болаларда тадқиқот ўтказганда уларнинг тез чарчашини ҳисобга олиш зарур. Шунинг учун бир тадқиқот ўтказганда, тадқиқот вазифаларига боғлиқ равишда танланган 5-7 методикадан фойдаланиш тавсия этилади. Бир неча босқичда ўтказиладиган тадқиқотларда кўпроқ методикалардан ҳам фойдаланиш мумкин. Экспериментал тадқиқот усулларини яхши эгаллаш ҳам муҳимдир. Тадқиқотчи тажриба вақтида бола билан қанчалик яхши муносабатда бўлса, бола топшириқни шунчалик яхши бажаради.
Тадқиқот ўтказиш учун экспериментал методикаларни танлашда қуйидагиларни эътиборга олиш зарур:
а) тадқиқот мақсади – психик тараққиёт даражасини аниқлаш, унинг ёшига, маълумотига мослиги, шахс хусусиятларини аниқлаш;
б) синалувчининг ёши ва унинг ҳаёт тажрибаси, унинг таълим ва тарбияси амалга оширилаётган шароит;
в) боланинг экспериментал тадқиқотга мослашиши, мулоқотга киришиши, вербал алоқа ўрнатиш ҳусусиятлари.
Танланган экспериментал психологик методикаларни болага қийинлиги ўсиб бориш даражасида бериш керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |