Кредит тизимининг бош банки сифатида Марказий банк мамлакатда пул-кредит сиёсати хамда эмиссия жараёнларини олиб боради.
Банклар пайдо бўлиши ва ривожланишининг бошланғич босқичларида саноати ривожланган мамлакатларда тижорат банклар томонидан капиталларни йиғиш мақсадида муомалага банкноталар чиқарилган. Банклар ишининг ривожланиши натижасида банкноталарни муомалага чиқариш йирик тижорат банклар қўлига ўта бориб, кейинчалик бу банк Марказий банк деб аталган. Марказий банк- мамлакат кредит тизимини бошқариб туриши билан бир қаторда барча банклар фаолиятини хам назорат қилувчи кредит институти сифатида намоён бўлди.
Марказий банк ўз фаолиятида мустақил бўлиши билан бир қаторда у давлат банки сифатида қуйидаги асосий функцияларни бажаради:
банкноталар (нақд пуллар) эмиссиясини амалга ошириш;
давлатнинг олтин - валюта захираларини сақлаш;
пул-кредит сиёсати инструментлари ёрдамида иқтисодни мувофиқлаштириш;
кредит институтлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
давлат банки сифатида фаолият кўрсатиш;
тўлов-хисоб муносабатларини ташкил қилишни белгилаб бериш;
валюта курсини мувофиқлаштириш.
Жахоннинг барча мамлакатларида банкноталар(нақд пуллар)ни муомалага чиқариш Марказий банкларнинг асосий функцияларидан бири хисобланиб, бу борада улар монопол хуқуқга эгадирлар. Кредит пуллар Марказий банк томонидан қонунда белгиланган тартибда муомалага чиқарилиши билан бир қаторда, уларнинг банкга қайтиб келиб тушишини таъминловчи чораларни хам ишлаб чиқишлари зарур.
Давлатнинг олтин - валюта захираларини бошқариш функцияси. Марказий банк давлатнинг олтин, қимматбахо метал ва валюта захираларини бошқаради. Баъзи давлатларда олтин захиралар Молия вазирлиги ихтиёрида бўлиб, Марказий банк олтин билан боғлиқ операцияларни олиб боради. Марказий банклар мамлакат валюта захираларини ўзида жамлаб улар халқаро хисоб-китобларни амалга ошириш, тўлов баланси дефицитини қоплаш ва мамлакат миллий валютаси курсининг барқарорлигини таъминлаш учун ишлатилади.
Марказий банк орқали давлатнинг иқтисодий сиёсати, яъни пул-кредит сиёсати олиб борилади. Пул-кредит сиёсати – бу Марказий банкнинг муомаладаги пул массаси, кредит хажми, фоиз ставкалари даражаси ва бошқа пул муомаласи кўрсаткичларини ўзгартириш билан боғлиқ бўлган чора-тадбирлар йиғиндисидан ташкил топади. Пул-кредит сиёсатининг асосий мақсади валюта курси ва фоиз ставкаларини оқилона ўрнатиш асосида миллий валюта барқарорлигини таъминлаш, инфляция суръатларини камайтириш, кредитдан фойдаланишнинг самарадорлигини ошириш хамда иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлашдан иборат.
Марказий банк пул -кредит сиёсатини “тор” ва “кенг” маънода олиб бориши мумкин. “Тор” сиёсатда валюта бозорида инвестиция, хисоб ставкаси ва қисқа муддатли кредитлар бўйича фоиз ставкаларига таъсир қилувчи бошқа инструментлар ёрдамида валюта курсини мақбуллилигига эришиш тушунилади. “Кенг” сиёсатда муомаладаги пул массасига таъсир қилиш орқали инфляцияга қарши кураш олиб бориш тушинилади. Пул-кредит сиёсатининг халқаро жихатлари валюта курси, валюта резервлари ва тўлов баланси каби масалаларнинг ечимига қаратилган бўлади. Марказий банк рухсат этилган дастаклар ёрдамида пул муомаласини бошқариб боради. Марказий банк пул-кредит сиёсатининг асосий дастакларлари бўлиб қуйидагилар хисобланади:
минимал мажбурий захира меъёрларини ўрнатиш;
фоиз (дисконт) сиёсати;
тижорат банкларини қайта молиялаштириш, очиқ бозор сиёсати;
таргетрлаш ва бошқалар.
Инфляция суръатларини камайтириш, муомаладаги пул массасининг хажми ва банкларнинг ликвидлилигини мувофиқлаштириш ва тушуриш мақсадида Марказий банк тижорат банклари учун мажбурий захира меъёрини ўрнатиб бериш сиёсатини амалга оширади. Ўрнатиладиган мажбурий захира меъёри - бу тижорат банклари ресурсларининг Марказий банкда мажбурий сақланиши зарур бўлган қисмидир. Мажбурий захира меъёрининг миқдори тижорат банкларининг ресурсларига нисбатан фоизда белгиланиб, бу мажбурий захира бевосита банкларнинг кредитлаш имкониятини маълум даражада чегаралайди. Марказий банк томонидан мажбурий захира меъёрининг баланд белгиланиши муомаладаги пул массасининг камайишига олиб келса, захира меъёрининг паст белгиланиши пул массасининг ошишига олиб келади.
ХУЛОСА
Аксарият ривожланган мамлакатларда Марказий банк пул-кредит сиёсатини юргазувчи асосий орган бўлиб саналади. Марказий банк фаолиятида пул-кредит ва валюта сиёсати бирламчи бўлиб ҳисобланади. Демак, Марказий банкнинг валюта сиёсати пул-кредит сиёсатининг асосий классик воситаларидан (инструментларидан) бири бўлиб, мамлакатнинг валюта муносабатларини тартибга солувчи ва амалга оширувчи тадбирларининг мажмуидир. Марказий банк томонидан амалга ошириладиган валюта сиёсати мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги шаклларида намоён бўлади:
дисконт сиёсати;
девиз сиёсати.
Дисконт (фоиз ставкаси) сиёсати - Марказий банк ҳисоб ставкасини ўзгартириш йўли билан миллий валюта курсига таъсир этиш мақсадида амалга оширадиган валюта сиёсати шаклидир. Ҳисоб ставкасининг ошиши, пулларни янада «қимматлироқ», унинг пасайиши эса уларни янада «арзонроқ» қилади. Ўз навбатида давлат томонидан кўрилган бундай чоралар инвестиция, тўлов мажбуриятлари ҳаракатига бевосита таъсир кўрсатади ва шунга мувофиқ валюта курсларининг ўзгаришига олиб келади
Девиз сиёсати Марказий банк томонидан хорижий валюта (девиз)ни олди-соттиси орқали миллий валюта курсига таъсир ўтказиш методидир. Марказий банк миллий валюта курсини ошириш учун чет эл валютасини айирбошлайди ва аксинча, миллий валюта курсини тушириш мақсадида эса чет эл валютасини сотиб олади. Девиз сиёсатининг миллий валюта курсига таъсир этишнинг қуйидаги инструментлари мавжуд. Булар:
валюта интервенцияси;
девальвация;
ревальвация;
валюта резервларини диверсификация қилиш.
Марказий банк девиз сиёсатининг тарқалган шакли сифатида валюта интервенциясини қайд этиш мумкин. Марказий банкнинг миллий валюта курсига таъсир этиш мақсадида валюта бозорида чет эл валюталарини сотиб олиш ёки аксинча сотишга валюта интервенцияси дейилади. Бозорга катта миқдорда валюта ташлаш миллий валютага бўлган талаб ва таклифга, пировардида валюта курсига таъсир қилади. Ҳозирги даврда валюта интервенциясидан кўзланган асосий мақсад валюта курсининг қисқа вақт оралиғида кутилмаганда юзага келадиган кескин тебранишларига барҳам бериш ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |