Кузги-қишки айланиш даврининг фарқли хусусиятларига ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланиши учун шароитларнинг секин-аста ёмонлашиб бориши киради, бунда: ёруғланиш ва ҳарорат секин-аста пасайиб, куннинг узунлиги қисқара боради. Бу зараркунанда ва касалликларнинг тез ривожланишига шароит яратади. Бунинг устига, бир томондан қуёш радиатсиясидан яхшироқ фойдаланиш учун яна ҳам эртароқ экиш зарурлиги, иккинчи томондан, маҳсулотнинг етилиши кечроқ бошлангаанлиги, очиқ ердан маҳсулот бошқа чиқмаётган вақтга тўғри келиши ҳам жуда муҳим.
Кузги-қишки айланишда касалликларга, айниқса, бактериоз ва ун шудрингга бардош бера олиш хусусиятига эга бўлган, ҳам ари билан чангланадиган, ҳамда партенокарпик дурагайлардан фойдаланилади.
Кузги-қишки айланиш даврида янги мева маҳсулотини октабрни иккинчи ярмида олиш учун, бодрингни тўғридан тўғри уруғ билан иссиқхона тупроғига августда экиб етиштириш яхшироқ деб топилган. Уруғни қишки иссиқхоналарга экишнинг энг мақбул муддати: Қорақалпоғистонда – август бошида, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида – 10-15 августда, Фарғона водийсида – 15-20 августда, Қашқадарё вилоятида – август охирида. Бунда гетерозис дурагайдан бир даврда 10-12 кг/м2 маҳсулот олинади.
Юқори маҳсулотли нав ва дурагайларнинг қимматбаҳо танқис уруғини иқтисод қилиш учун бодринг кўчат қилиб экилади. Бунда албатта 8×8×8 см ва 10×10×10 см ҳажмли озиқали кубикдан фойдаланилади. Уруғни кубикка экиш муддати худди тупроққа экиш билан бир хил. Кўчат доимий жойига 20-25 кунлигида, 2-3 барг чиқарганда ўтказилади. Кўчатларни ўтқазиш муддати 10-20 сентабр.
Кузги-қишки айланишда бодринг ўсимликларини асосий жойлаштириш шакли қўшқаторли лентасимон. Ари билан чангланадиган калта мевали навлар см шаклда ёки 1 м2 майдонга 3-3,5 та ўсимлик жойлаштирилади. Ари билан чангланадиган дурагайлар қаторда бироз сийракроқ – 40-50 см масофада экилади, 1 м2 даги ўсимликларнинг қалинлиги 2,5-3 тага тўғри келади ва улар см шаклда жойлаштирилади. Ари билан чангланадиган дурагайларни етиштиришда ҳар 5-6 қатордан сўнг бир қатор чангловчи нав ёки дурагайлар экилади ёки иссиқхонага 10-15% чангловчи ўсимликлар экилади.
Узун мевали партенокарпик дурагайлар катта озиқланиш майдонида етиштирилади. Ангар иссиқхоналарда улар кенг қаторли усулда жойлаштирилади, бунда қатор оралар эни 1-1,2 м, қатордаги ўсимликлар ораси 45-50 см масофада, яъни 1 м2 га 2 тадан ўсимлик жойлаштирилади. Гуруҳси эни 6,4 м бўлган блокли иссиқхоналарга 6 та қатор жойлаштирилади.
Қўшқаторли лентасимон усулда жойлаштиришда эни 160 см ва баландлиги 30 см бўлган эгатлар маҳсулот қилинади. Бу эгатларга уруғни экиш ва кўчатларни ўтқазиш икки қаторда олиб борилади, уларнинг ораси 60 см. Ленталар орасидаги жўяклардан суғориш учун фойдаланилади. Уруғ экиш ёки кўчатларни ўтқазишдан олдин намлаш учун тупроқ суғорилади. Суғоришдан олдин кўчатни ўтқазиш учун чуқурлар (уялар) очиб чиқилади ва уларга сув қуйилади. Суғорилган жўяклар селгигандан сўнг уруғ экилади ёки кўчатлар ўтказилади. Уруғлар 2-3 см чуқурликка экилади. Кўчатларни ўтқазишда тувакчаларининг 3/4 қисми тупроққа кўмилади. Кўчатлар экилгандан сўнг эгатлар орқали суғорилади.
Кузги-қишки айланишдаги бодринг ўсимлиги тик канопга (шпалерга) боғлаб ўстирилади. Кўчат ўтказилгандан сўнг 3-4 кун ўтгач ёки уруғидан униб чиққан ўсимликда 3-4 та чин барги чиққач, каноп билан эгатлар бўйлаб горизонтал тортилган симга 2,2-2,5 м баландликда боғлаб қўйилади. Канопнинг пастки қисми ўсимликка, тупроқ юзасидан 10-12 см баландликда эркин ҳалқа қилиб боғлаб қўйилади. Кейинчалик ҳафтасига бир мартадан ўсимлик канопга чирмаштириб қўйилади, бунда поя учи бўш қўйилади.
Иссиқхоналарда бодринг етиштиришда олиб бориладиган муҳим тадбирлардан бири – ўсимликларга шакл беришдир. У юқорида изоҳланган усулда ўтказилади.
Ўсимликни парваришлашда уни қари барглардан тозалаб туриш зарур тадбирлардан ҳисобланади. Қари барглар – касаллик манбайидир. Шунинг учун уларни ўткир пичоқ ёки ток қайчи билан банди қолдирилмай кесиб ташланади. Қуриган барг, бужмайган тугунчалар ва мўйловларни мунтазам равишда олиб туриш зарур.
Иссиқхонада ўсаётган бодрингни чанглатиш учун асаларидан (500 м2 майдондаги иссиқхонага бир қути) фойдаланилади. Асалари қутиси ташқаридан ариларнинг учиб келиши тўхтаганда, ноябр ойида ўрнатилади. Асалари бўлмаганда сунъий чангланади, бунда чанглатувчи навлар билан ари билан чангланадиган навларнинг она гуллари чангланади. Бироқ бу тадбир кўп меҳнат талаб қилади. Партенокарпик навлар учун чанглатгич нафақат керак эмас, балки зарарлидир.
Бодрингдан кузги-қишки даврда юқори маҳсулот олиш учун ҳарорат, намлик, минерал ва ҳаводан озиқланиш тартиботларини ўз вақтида таъминлаш орқали эришиш мумкин.
Ноябр-декабрда ҳаво ва тупроқ ҳарорати бирмунча пасаяди (+20-22°С гача). Ҳавонинг нисбий намлиги маҳсулотга киргунча 70-75%, маҳсулотга кирганда – 75-80% бўлиши керак.
Ўзбекистон иссиқхоналарида нисбатан зич тупроқдан фойдаланилади, шунинг учун суғориш, одатда, эгатлар орқали амалга оширилади. Агар ёмғирлатиб суғориш қўлланилса, нам томчилари баргларда узоқ сақланмаслиги учун у эрталаб ўтказилади.
Эгатлар орқали суғориш август, сентабр ва октабр ойининг биринчи ярмида ҳар 3-4 кунда ўтказилади, бунда суғориш меъёри 10-12 л/м2, сўнг ҳар 5-6 кунда 5-6 л/м2 ни ташкил этади. Ёмғирлатиб суғориш тез-тез, бироқ кам меъёрда ўтказилади. Айрим ҳолларда бир-икки марта тупроқ аралашмаси 1-2 см қалинликда сочилади. Ўсимликни озиқлантириш икки ҳафтада бир марта ўтказилади. Мавсум охирида суғориш ва озиқлантириш чекланади. Ҳаво намлиги 70-75 фоизга пасайтирилади.
Қиш мавсумида +22-24°С иситилган сув билан суғорилади. Озиқлантириш суғориш билан бир вақтда тупроқ таҳлилига асосан ўтказилади. Агрокимё хизмати бўлмаса, озиқлантириш ҳар 1,5-2 ҳафтада амалга оширилади. Уларни солиш меъёри (10 л сувга) қуйидагича: мева туггунича – 10 г аммиакли селитра, 15 г хлорли калий ва 40 г суперфосфат, мева тугаётган даврда – шунга мувофиқ равишда 30, 15, 60 г солинади. Ёруғликнинг таъминланиши ёмонлашиши билан азотли ўғитлар миқдори камайтирилади, калий миқдори кўпайтирилади. Тупроқ доим юмшатилган ҳолда сақланади. Бунинг учун тупроқ вақт-вақти билан юмшатиб турилади. Юмшатиш билан бирга қатордаги бегона ўтлар йўқотилади.
Замонавий иссиқхоналарда ўсимлик карбонат ангидрид гази билан озиқлантирилади. Бодрингни етиштираётганда ҳаво таркибида CO2 контсентратсияси 0,1-0,2% бўлиши мақбул ҳисобланади. Агар ҳавони карбонат ангидрид гази билан тўйинтирувчи ускуналар бўлмаса, гўнг 4-5 м3 ҳажмли ўрага солиниб, ундан фойдаланилади.
Ноябр-декабр ойларида қисқа кунларнинг бошланиши ва ёруғлик камайган сари бодринг ўсимлиги нимжонлашиб касалликларга чалинабошлайди. Бу вақтда асосий эътибор ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилишга қаратилиши лозим.
Уруғ экилганидан икки ва кўчат ўтказилгандан сўнг бир ой ўтгач, октабр охири – ноябр бошларида барраларни биринчи терими ўтказилади. Ёруғ кунларни мавжудлигига кўра гуллашдан то теримгача 12-15 кун, декабрда эса 20-22 кун ўтайди.
Кузги-қишки айланишда меваларнинг катталиги қишки-баҳоргига қараганда майдароқ бўлади. Узун мевали навларнинг мевалари ҳафтада икки, кичик мевалиларни эса – уч марта терилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |