Ўтувчан айланиш давр. Ўсимликлар ўтувчан айланиш даврда – куз, қиш ва ёзда ўсади. Улар олдинига нисбатан ёруғ даврда, кейин ёруғлик етарли бўлмаганда, кейинчалик эса яхши ва меъёрдан ортиқ ёруғликда ўсади.
Ўтувчан айланиш даври учун узун мевали партенокарпик ва нисбатан кичик мевали ари билан чангланадиган нав ва дурагайлар мос келади.
Бодрингни ўтувчан айланиш даврида етиштириш учун уруғни экиш ва кўчатларни асосий жойга ўтқазиш муддатлари жуда муҳим. Илғор хўжаликларнинг тажрибаларидан маълум бўлишича, озиқ кубикларга уруғни энг мақбул экиш муддати сентабр охири – октабр боши, кўчатларни ўтқазиш эса – октабр охири-ноябр боши ҳисобланади. Ўтқазиш учун 20-25 кунлик кўчатлардан фойдаланилади.
Маҳсулотнинг етилиб чиқиши ноябр охири-декабр бошига тўғри келади ва июн ойигача давом этади.
Кўчатларни ўтқазиш қишки-баҳорги айланишдаги каби олиб борилади. Ўсимликларнинг бошқа айланишларга қараганда узоқ давр ўсиши ҳисобга олиниб улар ўтувчан айланишда катта озиқланиш майдонига зичлигини камайтириб ўтказилади.
Сектсиясининг эни 6,4 м ли блокли иссиқхоналарга ари билан чангланадиган, нисбатан кичик мевали дурагайларни олти қатор ўтказилиб, эгатлар ораси 106 см масофада олинади, узун мевали партенокарпик дурагайлар эса, 4 қатор ўтказилиб, қаторлар ораси 160 см қилинади. Қатордаги ўсимликлар ораси 50-60 см қолдирилади. Бошқа давлатларнинг тажрибаси шуни кўрсатаяптики, ўсимликларга 0,6-0,8 м2 озиқланиш майдони (1 м2 1,2-1,5 ўсимлик) берилганда маҳсулотдорлик камаймаганлиги маълум бўлган.
Ўтувчан айланишда ўсимликларга шакл бериш тахминан қишки-баҳорги айланишга ўхшаш. Асосий пояда мевалар ён поялар билан навбатлаб (ҳар бир бўғиндан кейин), 8-10 тагача мева қолдирилади. Ёритилганлик паст даврда (декабр-феврал ярмигача) партенокарпик ўсимликларда бир вақтда шаклланаётган мевалар сони 8-12 донадан ошиб кетмаслиги керак. Ёруғлик ортиб борган сари ўсимликка бериладиган маҳсулот миқдори оширилиб 17-18 та мевага етказилади.
Маҳсулотга кирган даврда энг юқори ёруғликда ҳарорат ҳаво очиқ кунлари +22-26°С, булутли кунда +20-22°С, кечаси ҳаво очиқ кунлардан сўнг +18-20°С, булутли кунлардан сўнг эса +16-18°С бўлиши керак. Тупроқнинг ҳарорати 20°С дан пастга тушмаслиги керак. Баҳор ва ёзда иссиқхоналарнинг исиб кетишига йўл қўймаслик ва уларнинг олдини олиш чораларини кўриш лозим.
Ҳаво ва тупроқ намлиги ёритилганлик даражасига қараб тегишли меъёрларда ушлаб турилади. Бунда феврал ўрталаригача тупроқ намлиги 75-80% НВ даражада сақланади. Суғориш эрталаб ўтказилади. Ҳавонинг нисбий намлиги 75-80% атрофида сақланади.
Ўсимликларни озиқлантириш агрокимё таҳлиллари натижаларига кўра олиб борилади. Агар таҳлил қилинмаса, унда қўшимча озиқлантириш ёруғлик етишмаганда ҳар 18-20 кунда, юқори бўлганда ҳар 10-12 кунда ўтказилади. Озиқлантириш экиннинг ўсув даври тугашига бир ой қолганда озиқлантириш тўхтатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |