Сабзавот ўсимликлари ҳаётидаги даврлар ва фазалар. Ўсимликлар ҳаётида ўсиш ва ривожланиш учта: уруғлик, ўсув (вегетатив), кўпайиш (репродуктив) даврларга бўлинади. Ҳар бир давр, ўз навбатида, учта фенологик фазалардан иборат. Фенологик фазалар – ўсиш ва ривожланиш натижасида ўсимликлар ташқи кўринишидаги ўзгаришлардир. Ўсимликларнинг бир фазадан иккинчисига ўтиши морфологик ўзгаришлар ва организмнинг физиологик ҳолатлари орқали осон кузатилади.
Уруғлик даври зиготанинг шаклланиши билан бошланади ва ниҳоллар пайдо бўлгунча давом этади. Бу даврда ўсимлик фотосинтездан фойдалана олмайди, унинг ҳаёт фаолияти она организмида тўпланган жамғарма озиқ ҳисобига боради. Уруғлик давр эмбрионал, тиним ва ниҳоллаш фазаларига бўлинади.
Эмбрионал фаза – урчиш ва уруғлашдан бошланиб, унинг тўла етилиши билан тугалланади. Бунда ўз ҳолича мустақил ҳаёт кечира оладиган янги организм шаклланади. Бу фазада ўсиш, етилиш жараёнлари жадаллашади ва бўлажак ўсимликнинг барча органлари табақаланади.
Тиним фазаси уруғнинг етилишидан то ниш уришигача давом этади. Бу даврда уруғ таркибидаги намлик камайган, қобиғи зичлашган бўлиб, ўсмайди, хатарли ва ноқулай шароитларга чидамлилиги ортади. Тиним фазаси бир неча-йил давом этиши мумкин.
Ниҳоллаш фазаси ташқи муҳитда зарур иссиқлик, намлик ва ҳаво етарли шароитда, уруғ бўртиб, нишлаб ниҳол чиққанида тугайди. Бу пайтда ниҳол уруғдаги захира озиқ моддалардан тўла фойдаланиб илдизча ва уруғ палла ҳисобига ўзи мустақил ривожланишгача тайёрланади.
Ўсув даври уруғпаллалар очилиб, ниҳолда биринчи чин барг шаклланишидан бошланиб, ғунчалар ва тўпгуллар кўрингунча давом этади. Сабзавот ўсимликлари бу давр турларига кўра биттадан учтагача фазаларни: сўрувчи ва ассимилатсион юзаларнинг ортиб бориши, захира озиқ моддалар кўпайиши, жамғарма органларнинг тиним жараёнларини ўз ичига олади.
Ассимилацион ва сўрувчи юзаларнинг кўпайиш (ўсиш) фазаси – бу бир-йиллик экинларда шу даврнинг биринчи ва ягона фазаси бўлиб, ғунча ва тўпгуллар кўриниши, икки-йилликларда эса жамғарма қисмлар шакллана бошлаши билан чекланади. Бу пайтда фотосинтез жадал боради ва тўпланаётган озиқ моддалар ўсимликнинг ер остки ва устки қисмларининг кўпайишига сарфланади. Бу фазада агротехника тадбирлари бир-йиллик сабзавотларнинг мевалашга киришишини тезлатишга, икки-йиллик ўсимликларда эса захира моддалар тўплайдиган органларнинг шаклланишига қаратилмоғи лозим.
Захира моддалар тўплаш фазаси ўсимликларда органларнинг шаклланиши билан характерланади. У икки-йиллик ва кўп-йиллик сабзавотларда яхши акс этган, шунингдек, бошчалар (салат турида), илдизмевалар (редиска), гултупли (карам турида) маҳсулот қилувчи бир-йиллик экинларда ҳам мавжуддир. Бу пайтларда барча шароитлар, тўпланаётган органик моддалар ўсимликлар маҳсулот қисмларининг шаклланишига қаратилади.
Ўсув қисмларнинг тиним фазаси фақат икки ва кўп-йиллик ўсимликларгагина мансубдир. Бу ўсимликларнинг келаси мавсумий (иккинчи)-йилида жадал ўсиши ва маҳсулдорлиги тиним фазасининг тўла тўкис ўтганлигига боғлиқдир. Шу боисдан ўсимликларни сақлашда шароитида куртакларнинг кўпроқ уйғунлашишига эътибор бериш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |