7.3. Ташқи иқтисодий фаолиятда мамлакатларнинг рақобат устунлигидаги муваффақиятлари сири
Тармоқларнинг глобаллашуви ва фирмаларнинг байналмилаллашуви ғайриодатий ҳолга олиб келади. Бир қарашда фирмалар мамлакатлардан кўра муҳимроқ ўрин тутгандек кўрина бошлади. Бироқ ҳақиқий тадқиқот натижалари бундай хулосадан фарқ қилади. Алоҳида тармоқлар ва улар етақчилари сегментларининг бир-икки мамлакатда жамланиши тенденцияси мавжуд. Бунда рақобат устунликлари ўн йиллаб сақланиб қолмоқда. Масалан, турли мамлакатларнинг фирмалари иттифоқ тузишганда рақобат устунлигига эга мамлакатлар фирмалари пировардида бундай иттифоқда сўзсиз етақчиларга айланадилар. Рақобат устунлиги маҳаллий шароитлар билан узвий алоқада яратилади ва сақлаб турилади. Мамлакатларнинг миллий хўжалик тузилиши ва қадриятлар ўлчовидаги, миллий маданият, давлат муассасалари ва тарихидаги фарқ рақобатдаги муваффақиятга жиддий таъсир қилади. Гарчи ташқи иқтисодий фаолиятда рақобатнинг глобаллашуви фирма жойлашган асосий мамлакатнинг ролини камайтириб юбориши керакдек таассурот туғдирса-да, аслида ундай эмас, балки ушбу мамлакатнинг роли камайиб қолмай, ҳатто ортиб ҳам боради. Рақобатчи бўлмаган маҳаллий фирмалар ва тармоқларга ҳомийлик қилиш шаклидаги камдан-кам истиснолардан ташқари, база (асос бўлувчи) мамлакат рақобат позицияларини таъминлашда тобора кўпроқ аҳамият касб этмоқда, чунки у бундай рақобат устунлиги таянадиган тажриба ва технология манбаи ҳисобланади. Мамлакатларнинг конкрет тармоқлардаги устунлиги тўғрисидаги ҳар қандай янги назария шу пайтгача қилинган ишларнинг кўпидан воз кечишни англатадиган шарт-шароитлардан келиб чиқади.
Биринчидан, фирмалар турли стратегияларни танлаб олишлари (танлаб олияптилар ҳам) мумкин. Шундан келиб чиқиб, янги назария баъзи мамлакатларнинг фирмалари нима учун бошқа мамлакатлар фирмаларига қараганда яхшироқ рақобат стратегиясини танлаётганликларини тушунтириб бериши керак.
Иккинчидан, ташқи иқтисодий фаолият (ТИФ)да рақобатдаги етақчилар ўзида савдо ва капитал экспортининг мустаҳкам алоқасини мужассамлаштирган глобал стратегияни тез-тез қўллайдилар. Олдинги назарияларнинг кўпчилиги эса ё савдога ёки капитал экспортига мўлжаллангандилар. Янги назария, мамлакат ҳам униси, ҳам буниси билан шуғулланадиган ва бунда жаҳон бозорида муваффақиятли рақобат қиладиган фирмалар учун базага айланишини тушунтириб бериши керак. Товар экспорти ва капитал экспортининг ҳар иккаласи учун умумий бўлган сабаблари кўп. Миллий база – фирманинг муҳим рақобат устунликлари яратиладиган ва таъминлаб туриладиган мамлакатдир. Айнан шу ерда фирма сиёсати белгилаб олинади, асосий товар яратилади ва уни ишлаб чиқариш технологияси йўлга қўйилади. Одатда (гарчи ҳар доим бўлмаса-да), бу ерда энг мураккаб ишлаб чиқариш амалга оширилади. Бошқа фаолият билан фирмалар кўпинча ўзга мамлакатларда шуғулланадилар.
Миллий базада энг маҳсулдор ишчи ўринлари, энг муҳим технология ва энг малакали ишчи кучи жамланган. Мамлакатда бундай базанинг борлиги саноатнинг бошқа алоқадор тармоқларига катта ижобий таъсир кўрсатади ва мамлакатга бошқа рақобат устунлигини олиб келади. Бундай турдаги базавий мамлакат кўпинча ижобий савдо сальдосига ҳам эга бўлади. Фирмалар мулки кўпинча уларга асос солинган мамлакатда бўлади, акциялар эгаларининг миллий мансублиги иккинчи даражали бўлиб қолади. Стратегияни, бошқарув ишларини ва янги ишланмаларни назорат қилишни сақлаб қолиш эвазига ҳали маҳаллий компания база бўлиб қолади. Гарчи компания хорижий капитал ёки фирмага тегишли бўлса-да, асосий фойда база бўлган мамлакатга тегади. Шунинг учун ҳам нега мамлакат иқтисодиётнинг мураккаб секторлари ва тармоқларида муваффақиятли рақобатлашаётган фирмалар учун базага айланишини тушунтириб бериш мамлакатдаги маҳсулдорлик даражаси ва вақти келиб бу даражани ошириш қобилияти учун ўта муҳимдир.
Янги назария фақат ишлаб чиқариш омиллари асосида устунликларни кўриб чиқишгина эмас, балки нима учун муайян мамлакат фирмалари барча шаклларда аниқ устунликларга эга бўлаётганлигини тушунтириб бериши ҳам керак. Савдо назарияларининг кўпчилиги фақат нархни кўриб чиқади, сифат ва табақалашув (дифференциация) масалаларига эса кўп эътибор бермайди. Янги назария эса бозорлар сегментацияси, товарлар табақалашуви, технологик фарқлар ва миқёс самарасини ҳам қўшган ҳолда рақобатнинг батафсил қиёфасини очиб бериши керак. Янги назария рақобат – ҳаракатдаги ва ривожланиб бораётган жараён эканлигидан келиб чиқиши лозим. Анъанавий назариялар моҳиятан статик эди. Уларда технологиядаги ўзгаришлар экзоген, яъни ушбу назариялар доирасидан ташқарида ҳисобланарди. Бироқ, бир неча ўн йиллар олдин Иозеф Шумпетер тан олганидек, рақобатда мувозанат йўқ; рақобат – мунтазам ўзгариб турадиган манзара бўлиб, унда янги товарлар, маркетингнинг янги йўллари, янги ишлаб чиқариш жараёнлари ва янги бозор сегментлари пайдо бўлади. Бирор тармоқдаги ўзгармайдиган ишлаб чиқариш тараққиёт туфайли жуда тез ортда қолади. Лекин Шумпетер ҳам бошқа тадқиқотчилар каби асосий саволга жавоб бермаганди. Бу савол қуйидагидан иборат: нима учун бир хил мамлакатлар фирмалари бошқа мамлакатларникига қараганда кўпроқ янгиликлар қилади? Назария технологияни такомиллаштириш ва янгилашни биринчи ўринга қўйиши лозим. Биз мамлакатнинг инновация жараёнларидаги ролини изоҳлаб беришимиз керак. Жавоб берилиши лозим бўлган савол қуйидаги кўринишдадир: қандай қилиб мамлакат ўз фирмаларига хорижий рақобатчиларга қараганда технологияни тезроқ янгилашга имкон берадиган шароит яратиб беради? Жавоб шунингдек умуман миллий иқтисодиётни ривожлантиришни изоҳлаб беради, чунки технологияни янгилаш (кенг маънода) иқтисодий ўсишни ҳам келтириб чиқаради.
Ҳар қандай иқтисодий назарияда менежерлар амалий мазмунни кўра олишлари бундай назарияни текшириш учун хизмат қилади. Менежер нуқтаи назарида савдо назариясининг катта қисми, бирор аҳамият касб этиши учун жуда умумийдир. Янги назария жаҳон бозорида муваффақиятли рақобат қилишлари учун фирмаларга ўз стратегиясини қандай режалаштириб олишларини изоҳлаб бериши лозим.
Маълум тармоқлардаги муваффақият сабаби ва бундан фирма ёки умуман мамлакатнинг ТИФдаги сиёсатини белгилашда қандай хулосалар қилиш зарурлиги тўғрисидаги фикрларни малакатдан кўра кичикроқ сиёсий ёки жўғрофий бирликларга нсибатан ҳам қўллаш мумкин. Муваффақиятли рақобатлашаётган фирмалар кўпинча мамлакатнинг маълум шаҳарлари ва туманларида жамланади. Масалан, АҚШда кўчмас мулк билан савдо қилувчи етакчи фирмаларнинг кўпчилиги Даллас (Техас штати) да, нефт ва газ олиш учун ускуналар етказиб берувилар Хьюстон (Техас штати)да, касалхоналарни бошқариш тузилмалари Нешвилл (Тенесси штати) атрофидаги жанубий марказий минтақада, гиламлар тайёрловчилар Долтон (Жоржия штати)да, спорт пойафзаллари тайёрловчилар Орегон штатида жойлашган. Кўриниб турибдики, бу ерларда улар учун қулай шароит мавжуд. Гарчи мазкур ишимиз мамлакатлар миқёсида бўлса-да, саноат тармоқларининг мамлакат у ёки бу минтақасида жамланишини тукшунтириб бериш ҳам муҳимдир. Ҳукумат сиёсати ҳам давлат, ҳам маҳаллий даражада миллий рақобат устунлигини шакллантиришда катта аҳамият касб этади.
Аслида фирмани ўраб олган муҳит вақт ўтиши билан унинг рақобатдаги муваффақиятига қандай таъсир кўрсатади? Агар саволни янада умумийроқ қўядиган бўлсак: нима учун баъзи ташкилотлар муваффақият қозонади, бошқалари эса муваффақиятсизликка учрайди? Атрофдаги муҳитнинг бир қисми – фирманинг жўғрофий жойлашишидир. Бундан тегишли оқибатлар келиб чиқади. Лекин бу билан «атроф-муҳит» тушунчаси чегараланиб қолмайди: масалан, фирма ишчилари ва менежерлари қаерда ўқитилганлиги ёки унинг биринчи ва энг муҳим ҳароидорлари кимлиги ҳам муҳимдир.
ТИФда рақобат устунлиги ва уни қандай яратиш ёки аксинча қўлдан чиқариш ҳақида кўп нарса маълум. Нега фирма тўғри қарор қабул қилиш ҳақида эса кам ўрганилган. ТИФда мамлакатларнинг иқтисодий муваффақиятини ўрганишда оддий ва текис ифодалаш сари мойиллик мавжуд бўлиб, у қоидадан кўплаб истиснолар бўлгани ҳолда фақат ишониш асосида қабул қилинади. Фаннинг ихтисослашуви ортиб бораётганлиги мана шу мойилликни кучайтирмоқда. Аслида тадқиқотларда ҳозиргача қилинган кашфиётлардан ҳам олдинга кетиш мумкин-ку. Билимнинг кўплаб соҳаларидаги олимлар фанлар ваколатлари соҳасидаги анъанавий чегаралар уларнинг имкониятларини чеклаб қўяётганлигини эндигина англамоқда. Мураккаб ва ривожланаётган тизимлар қандай ишлашини тушуниш учун бу чегаралардан ўтиш имкониятларига эга бўлиш керак. Шу мақсадда икки-уч ўзгарувчиларга эга математик моделлар мавжуд маълумотлар билан чекланган статистика асосидаги матнларни ишнинг бошқа турлари билан тўлдириш керак. Икки-учта муҳим кўрсаткичлар билан чекланиб қолмай, балки ўз ичига кўплаб ўзгарувчан катталикларни оладиган назария, турли тармоқларнинг юздан ошиқ тарихларини таҳлил қилиш узоқ муддатли, кўп меҳнат талаб қиладиган ва статистик таҳлилга унчалик мос келавермайдиган ишдир. Албатта, хатоларсиз ва назардан қочиришларсиз иш битмайди, лекин кўринишидан, мамлакатларнинг рақобат устунлигини аниқловчи бир қатор муҳим ўзгарувчиларни чиқариш ва бу ўзагрувчиларни тизимга солишни белгилаб берадиган энг муҳим йўлларни аниқлашга муваффақ бўлинди. Мақсад – миллий ресурсларни оқилона жойлаштириш учун энг мақбул стратегияни танлаб олишда фирмалар ва мамлакатларга ёрдам беришдир. Агар фирма ўз стратегиясини технологияни янгилаш ва яхшилаш, рақобат қилишга тайёр туриш ва ўз «миллий муҳити»ни реал тушуниш ва уни яхшилаш йўлларига асосланиб тузмас экан, охир-оқибатда уни муваффақиятсизлик кутади. Иқтисодиёт тармоқларининг глобаллашуви иқтисодий базадан кўра муҳимроқ деган нуқтаи назарлар, айни пайтда рақобатдан қочишга асосланган стратегиялар ҳам ёлғон тасаввурларга асосланади
Ўз навбатида, мамлакатлар ҳукуматлари тўғри ва тегишли мақсадларни қўйиши керак: юқори маҳсулдорликка эришиш шу жумладандир, чунки миллий ўсиш шунга асосланади. Бу ҳукуматлар ҳақиқатан ҳам маҳсулдорликни белгилаб берадиган нарсаларга, яъни ривожланишни рағбатлантириш, тўла-тўкис ишлаш ва рақобатга интилишлари зарур. Ҳукуматларга кўпинча таклиф қилишадиган субсидиялар, халқаро кооперация бўйича кенг миқёсли дастурлар ёки вақтинчалик «протекционизм»га берилиб кетиш ярамайди. Бу чоралар кўпинча маҳсулдорликни пасайтириб юборади.
Рақобатнинг глобаллашуви кучайиши билан гўё мамлакатларнинг аҳамияти камайиб боради, деган таъкидлар эшитила бошлади. Аслида эса ҳаммаси аксинча, яъни байналмилаллашув ва протекционизм ҳамда бошқа тўсиқларнинг бартараф этилиши рақобатда фақат мамлакатнинг ролини оширди. Миллатларнинг ҳарактери ва маданиятидаги фарқ глобал рақобат туфайли камайиб қолгани йўқ. Бунинг устига рақобатдаги муваффақият улар жуда муҳим ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |