Фарғона водийси ёдгорлик ресурслари
Водий тарихи. Археологияси, илм фани ва маданияти. Ҳунармандчилик ва савдогарлик.
Фарғона вилоятидаги меъморий ёдгорликлар.
Қўқон шаҳри бўйича:
Ўрда - Худоёрхон саройи. 19 - асрнинг иккинчи ярмида қурилган. 4 гектар майдонни эгаллаган. Дарвозахона пештоқига "Арки олий Саййид Муҳаммад Худоёрхон" деб битилган. 100 га яқин хоналар бор. Асосан ғиштдан қурилиб зеб берилган.
Жоме масжиди ва минораси. 19 - аср бошларида Қўқон хони Умархон қурдирган. Унда хонақоҳ ва 98 ёғоч устунли айвон мавжуд. Масжид 97,5 х 25,5 метрга тенг. Унинг ёнидаги минора 22 метр баландликда.
Камол қози мадрасаси. 19 - аср ўрталарида қурилган. Унда дарсхона, ҳужралар ва айвонли масжид бўлган.
Миён ҳазрат (Миён Аҳмад) мадрасаси. 18 - аср охирида қурилган. Мадрасани хон ҳузурида маслаҳатчи лавозимида ишлаган Миён Аҳмад исмли киши қурдирган. Унда дарвозахона, ҳужра (дарсхона)лар, масжид, ховли ва миноралар бор. Муқимий шу мадрасада таълим олган.
Даҳмаи Шоҳон ва Модарихон даҳмалари. Бу иккала ёдгорлик ҳам 19 - асрга оид. Даҳмаи Шоҳон ҳазираси - Қўқон хонларининг қабристонидир. У қубба - пештоқли кириш йўлак, икки устунли масжид ва айвондан иборат. Модарихон "Хон онаси" ҳазирасида эса хонзода аёллар кўмилган. Мажмуада пештоқ, гумбаз ва икки минора сақланиб қолган.
Норбўтабий мадрасаси. 18 - асрнинг иккинчи ярмида қурилган. У бир қаватли ҳовлили бинодан иборат, тархи тўртбурчак. (52 м. х 72 м.). Тўрт бурчагида миноралар ишланган. Унда масжид ва дарсхона бор.
Гиштли масжид. Маҳалла масжиди бўлиб, 20 - аср бошларида қурилган. Хонақоҳ ва айвондан иборат. Ихчам тархли ва гўзал қилиб безатилган.
Шунингдек, Мулкобод масжиди (20 - аср), Аюббой, Олимхон хожи, Абдурраҳмон қози, Саъдихон қози номли 20 - аср бошларида қурилган уйлар ҳам алоҳида тарихий қимматга эга.
Бувайда тумани бўйича:
Подшоҳ Пирим мажмуи. Унинг ўзагини Шоҳ Жалил даҳмаси ташкил этади. Шоҳ Жалил авлиё сифатида тан олинган. Мажмуа икки ҳовлидан иборат: 15 - асрга оид пештоқли - гумбазли дарвозахона ва 20 - асрга оид очиқ масжид. 15 - 16 асрга оид қабр ва даҳмалар.
Бўстонбува мақбараси. Бу ерда Шоҳ Жалилнинг отаси дафн этилган. Обида 15 - 16 - асрларга тегишли эканлиги аниқланган.
Биби Бувайда даҳмаси. Бу аёллар даҳмасидир. Унда шоҳ Жалилнинг онаси ва хотини кўмилган. Гумбазли икки хонадан иборат. Бувайда тумани шу ном билан сақланиб қолган.
Шунингдек, Риштон туманидаги Жаҳонобод масжиди, Хўжа Илғор масжиди, Қорихона хонақоҳи. Олтиариқ туманидаги Халфа Тилло мажмуи (буларнинг бари 20 - аср бошларига оид); Марғилондаги Пир Сиддиқ мажмуи, Хўжа мағиз мақбараси (буларнинг иккаласи 18 - асрга оид), Чақар масжиди (20 - аср), Саййид Аҳмадхўжа мадрасаси (19 - аср охири), Туронбозор масжиди (19 - аср) ҳам тарихий аҳамиятга эгадир.
Андижон вилоятидаги меъморий ёдгорликлар.
Андижон шаҳри бўйича:
Жоме мажмуи. У мадраса, масжид ва минорадан иборат. Мадраса 19 - аср охирларида катта ва ҳашаматли қилиб қурилган. Дарсхоналари ва ҳужралари бор. Икки қаватли. Тархи П шаклида. Масжид Фарғонадаги энг йирик обида ҳисобланади. Миноранинг баландлиги 32 метр.
Шунингдек, тумандаги савдогар Аҳмадбек ҳожи томонидан қурдирилган уй, Пахтаобод туманидаги Отақўзи мадрасаси (буларнинг иккаласи ҳам 20 - аср бошларида қурилган), Наманган шаҳридаги Мулло Қирғиз мадрасаси (20 - аср), Ота Валихонтўра масжиди (20 - аср), Мавлонбува мажмуи (19 - аср), Хўжа Амин қабри (18 - аср), Наманган туманидаги Сирли масжид (19 - аср), Юсуфбой Хожи уйи (20 - аср), Косонсой туманидаги жоме масжид (18 - аср), Юсуфхон Эшон мажмуи ( 18 - аср), Тўрақўрғон туманидаги Гойибназар мадрасаси (19 - аср ), Чуст туманидаги Лутфулло Мавлоно мажмуи ( 20 - аср ), Поп туманидаги Чодак мадрасаси, Бой Ҳамадоний мақбараси (19 аср) ҳам алоҳида тарихий, эстетик ва туристик эътиборга лойиқ.
Водийда Мустақиллик йилларда Аҳмад ал - Фарғоний, Бурҳонуддин ал - Марғиноний юбилейлари муносабати билан ўрнатилган ёдгорликлар, Андижондаги Бобур Мирзо хотирасига атаб қурдирилган обидалар туризм марказлари сифатида қад ростлаб турибди.
Do'stlaringiz bilan baham: |