Интерактив дарсларни ташкил этиш босқичлари
1. Ориентир. Ўйин иштирокчилари ва экспертларни тайёрлаш босқичи. Ўқув жараёнининг иш режаси ўқитувчи томонидан таклиф этилади. Ўқувчи-талабалар билан ҳамкорликда машғулотнинг мақсад ва вазифалари аниқланади. Ўқув жараёни муаммоси шакллантирилади. Ўқув жараёнида кечадиган иммитация, ўйин қоидалари, умумишнинг бориши айтилади, ўқувчига ўқув жараёни материали пакети тарқатилади.
2. Ўқув жараёнига боришга тайёргарлик. Ўқув материаллари, вазиятлар, инструкция ва бошқа пакет ҳужжатлари билан танишиш. Ўйин қоидалари таблоси тузилади. Унга ўйин сценарийси, ўйин вазифалари, қоидалари, ўйин кетма-кетлиги, олинадиган натижалар акс эттирилади.
Ўйиннинг бориш жараёни акс эттирилади. Ўйин жараёнини ўзгартириш, унга четдан аралашиш ман этилади. Фақатгина жараённи олиш боришгина айрим тузатишларни киритиш мумкин. Ўйин белгиланганда ўқитувчи унга аралашмай, уни кузатиб, бошқариб боради.
Унинг асосий вазифаси муҳокамани ташкил этиш, ўйинни кузатиб туриш, натижаларни, олинаётган фикр-мулоҳазаларни ҳисоблаш, иштирокчиларнинг саволларига жавоб бериш.
3. Ўтказилган ўйин муҳокамаси – Ўтказилган ўйин жараёнини таҳлил этиш, муҳокама этиш, баҳолашдан иборат. Ўқитувчи якуний муҳокамани ўтказади. Муҳокамада иштирокчи ва экспертлар фикр алмашадилар, ўз позицияларини ҳимоя қиладилар, таассуротларни туғилган муаммо ва фикрларни билдирадилар.
Юқоридаги ахборотлардан маълум бўладики, интерактив ҳолатда кечган ишчалик ўйинларида; ўқитувчи-ўқувчи-талаба, ўқитувчи-синф-аудитория, ўқувчи-талаба-синф, ўқувчи-ўқувчи-талаба-талаба, гуруҳ-гуруҳлар орасида ўзаро мулоқотлар бўлиб ўтиши орқали ўқув мазмуни ўзлаштирилади.
Интерактив усулда дарс ўтмоқчи бўлган ўқитувчиларга шуни эслатиш керакки, янгича ишлаш учун фақатгина мақола, адабиётлар ўқишнинг ўзи камлик қилади. Бунинг учун, яъни ўқитувчи ўз фаолиятида интерактив методларни қўллаши учун, у шахсан ўзи ишчанлик ўйинлари, ақлий хужум, мунозара, дебатларда қатнашиб, ўзи тажрибадан ўтказади, бу ишга шахсий ҳиссасини қўшиб боради.
Бунинг учун у интерактив дарсларни ўтказишнинг қуйидаги қоидаларини билиб, ўзлаштириб, амалга киритиши керак:
– Биринчидан, интерактив машғулотларга барча иштирокчилар (ўқувчи-талабалар) жалб этилиши талаб этилади. Бунда шундай интерактив технологиялар танланиши керакки, иш жараёнида барча иштирокчиларнинг иштироки ёки муҳокамаси таъминлансин.
– Иккинчидан, машғулотга иштирок этишни психологик тайёрлаш зарур. Дарсда иштирок этувчилар жараёнга киришиб кетишга тайёр эмаслигини ҳисобга олмоқ керак. Янги ташкил этилаётган интерактив дарсларда улардаги хадиксираш, тортинчоқлик, индамаслик ҳолатлари дарснинг фаол кечиши, ички имкониятларни ишга солишга тўсқинлик қилиши кузатилади.
– Учинчидан, ўқувчи-талабаларни замонавий педагогик технологияларни кўплаб жорий этиш билан толиқтирмаслик. Иштирокчилар имконияти, замонавий технология сифати бир-бирига мос келгани маъқул. Бир гурухда иштирокчилар сони 30 кишидан ошиб кетмаслиги керак. Шундай шароитдагина кичик гуруҳларда ишлаш, фикрни эркин баён этиш, муаммолар ечимини топиш осон кечади.
– Тўртинчидан, машғулот олиб бориладиган хоналарни тайёрлашга алоҳида эътибор бериш керак. Синф ёки аудитория шундай тайёрланиши керакки, кичик ва катта гуруҳ билан ишланганда, улар эркин ҳаракатлансинлар. Бошқача айтганда ўқувчи-талабага қулай муҳит яратилиши керак. Айниқса, ўқувчи-талабаларнинг бир-бири билан мулоқотда бўйин эгиб ўтириши ноқулайлик келтириб чиқаради. Столларни 4-6 кишилик қилиб қўйиш, гуруҳ аъзоларининг бир-бирларига қараб ўтириши, кўриб, фикрлашувга қулай муҳит яратилиши яхши натижалар беради.
– Бешинчидан, ишчанлик ўйинларини олиб боришдан олдиндан унинг регламенти, кетма-кетлигига риоя қилиш керак. Унга қатъий риоя қилишни олдиндан келишиб олган маъқул, Ҳар бир иштирокчи ҳар қандай фикрлаш, нуқтаи назарга чидамли бўлиши, охиригача эшитиши, танқид қилмаслиги керак.
Ҳар бир иштирокчининг сўз эркинлигига ҳурмат билан қараш, шахс ҳурматини сақлаш.
– Олтинчидан, иштирокчиларнинг гуруҳларга бўлинишларига диқкат-эътибор билан қараш. Аввало гуруҳларни шакллантириш эркин, хоҳиш-истаклар асосида кечгани маъқул. Кейинчалик гуруҳларни тасодифий шакллантиришга ўтилгани маъқул.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, интерактив усуллар бирданига кўпгина вазифаларни бажара олишга имкон беради. Энг муҳими у ўқувчи-талабаларнинг коммуникатив билим, тушунча, малакаларини оширади. Уларни ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик, дўстона муносабатларда ишлашини таъминлайди. Айниқса бир-бирларини эшитиш, фикрини баён этиш, ўзаро ҳурматга ундайди.
Бу усулда ишлаш ўқувчи-талабалардаги руҳий ҳолатни, юкламаларни енгиллаштиради. Машуғулот шаклларини, фаолиятларини ўзгартириб туриш асосида муҳим муаммолар ечимини топишга ўрганиб борадилар.
Юқоридагилардан маълум бўладики, ўқитувчи дарс берувчи эмас, балки ўқувчи-талабаларни муаммога йўналтирувчи, тадқиқот фаолияти маслаҳатчиси, ташкилотчиси ва мувофиқлаштирувчисидир. У ўқувчи-талабаларнинг мустақил фикрлаши учун шароит яратади ва уларнинг ташаббусини қўллаб-қувватлайди.
Ўз навбатида, ўқувчи-талабалар ўқитувчи билан биргаликда ўқитиш жараёни ва унинг натижалари учун масъулиятни тақсимлаш орқали ўқиш жараёнининг тўлақонли иштирокчиларига айланади. Демак, интерактив методлар асосида ташкил этилган машғулотларда таълим берувчи, яъни ўқитувчи таълим олувчиларни фаолликка ва мустақил фикрлашга чорлайди. Таълим олувчи бутун дарс жараёнида фаол иштириок этади. Бундай ёндашувнинг фойдали жиҳатлари қуйидагича:
– таълим самараси юқорироқ бўлган ўқиш-ўрганиш;
– таълим олувчининг юқори даражада рағбатлантирилиши;
– илгари орттирилган билимнинг ҳам эътиборга олиниши;
– ўқиш шиддатини таълим олувчининг эҳтиёжига мувофиқлаштирилиши;
– таълим олувчининг ташаббускорлиги ва масъулиятининг қўллаб-қувватланиши;
– амалда бажариш орқали ўрганилиши;
– таълим берувчи билан таълим олувчи ўртасида эркин фикр-мулоҳазаларга шарт-шароит яратилиши.
Do'stlaringiz bilan baham: |