ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
Тошкент Давлат техника университети
Р.Ф. Мингазов, Х.C Исахўжаев, Р.К. Чембаев
ҚОЗОН ҚУРИЛМАЛАРИ
Ўқув қўлланма
ТОШКЕНТ – 2007
Техника фанлари номзоди, доцент С.С.Саидаҳмедовнинг умумий таҳрири остида
Р.Ф.Мингазов, Х. Исахўджаев, Р.К. Чембаев
Қозон қурилмалари. Бакалаврлар учун дарслик.
Дарсликда қозон қурилмаларининг турлари, таснифи, асосий технологик чизмалари ва тавсифлари, сув режимлари, ёрдамчи ускуналари баён қилинган.
Бундан ташқари дарсликда қозон қурилмаларида ишлатиладиган ёқилғи турлари, уларнинг кимёвий таркиблари, ёниш маҳсулотлари, ёнишда кечадиган жараёнлар, қозон қурилмасининг иссиқлик баланси, фойдали иш коэффициенти ҳамда атроф-муҳитга таъсири кўриб чиқилган.
Дарслик “Иссиқлик энергетикаси” йўналишидаги ва шунга яқин бўлган йўналишдаги бакалврлар талабалари учун мўлжалланган.
УДК 621.181
Тақризчилар:
М.А Хошимова, ТДТУ “Иссиқлик энергетика кафедраси доцент.
Ф.А Хошимов, ўзбекистон энергетика ва автоматика илмий- текшириш институтининг группа раҳбари, техника фанлари номзоди.
КИРИШ
Ҳозирда бакалавр кадрлар тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишни замон талабларига жавоб берадиган даражада ташкил этиш, талабалар билим савияси ва салоҳиятининг сифатига қўйиладиган зарур талабларни белгилаб берувчи давлат таълим стандартларига асосланган дарслик ва ўқув-услубий қўлланмаларнинг янги авлодларини яратиш вазифалари замон талабидир.
Энергетика давлат аҳамиятига эга бўлган соҳалардан биридир. Бугунги кунда энергетика тизимида бир қанча ишлар амалга оширилди. 1997 йил 25 апрелда Ўзбекистон Республикасининг «Энергиядан оқилона фойдаланиш» Қонуни чиқди. Бу қонуннинг ижросини нафақат аҳолининг коммунал-хизматларида, балки республикамиздаги катта-кичик энергетик ва ноэнергетик корхоналарида ҳам амалга ошириш мақсадга мувофиқ. Чунки ҳар бир корхона, ҳоҳ у истеъмолчи бўлсин, ҳоҳ у ишлаб чиқарувчи бўлсин энергиядан фойдаланади. Энергия сўзи кенг маънодаги тушунча; булар ёқилғи, электр, иссиқлик ва механик энергиялардир, уни тежаб-тергаб ишлатиш эса бугуннинг талабидир.
Бизга маълумки, республикамизда бир қанча турли кўринишдаги электр энергия ишлаб чиқарувчи станциялар мавжуд. Буларнинг асосий қисмини эса иссиқлик электр станциялари ташкил этади. Иссиқлик электр станцияларида электр энергия ишлаб чиқариш учун турли жараёнли ишлар амалга оширилади. Бу жараёнлар қурилма ва ускуналарда кечиб, уларни амалга ошишида қозон қурилмалари асосий ўринни эгаллайди. Қозон қурилмасидаги жараёнларнинг тўғри ва оқилона кечиши энергияни тежалишига олиб келади. Бу ерда нафақат ёқилғи энергияси, балки иссиқлик энергияси ҳам тежалади. Қозон қурилмасининг тузилиши ва таркибий қисмларини билмай, чуқур ўрганмай туриб, бу ишни энергия исрофисиз амалга ошириш қийин.
Шунинг учун қозон қурилмалари ва ундаги кечадиган жараён ва ҳолатлар тўғрисида замон талабларига жавоб берадиган дарсликни яратиш муҳимдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |