8-МАВЗУ. ИНВЕСТИЦИЯ ФАОЛИЯТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА ИНВЕСТИЦИЯ МУҲИТИНИНГ ЎРНИ
Режа :
1.Инвестиция муҳити тушунчаси.
2.Инвестиция рисклари ва тоифалари.
3.Инвестиция муҳитига таъсир этувчи омиллар.
4.Инвестиция муҳитини аниқлашнинг жаҳон тажрибаси.
Таянч сўз ва иборалар Инвестиция муҳити,Сиёсий омиллар, Иқтисодий омиллар, Ижтимоий омиллар,Инвестиция рисклари ва тоифалари.
8.1.Инвестиция муҳити тушунчаси.
Инвестиция муҳити – бу моддий ва номоддий сармояларни иқтисодиётга киритиш учун оддий ва содда тартибларнинг амал қилиши, қулай бўлиши ва манфаатларга тўлиқ жавоб беришидир. Ушбу шарт-шароитлар иқтисодиётнинг таркибий ўзгаришига хизмат қилади.
“Инвестиция муҳити” тушунчаси вазиятнинг қулайлик даражасини белгилаб беради, у ёки бу мамлакатда, хусусан, минтақа, тармоқ ва хар бир корхонада вужудга келиб, инвестицияларга нисбатан қўлланади ҳамда ишлаб чиқариш ва умуман иқтисодиётни ривожлантиришга жалб қилиниши мумкин бўлади.
“Инвестиция муҳити” ва “инвестиция иқлими” синоним тушунчалар сифатида ишлатилади. Бу хусусида иқтисодчи олимлардан Д. Ғозибеков ва Т. Қоралиевлар томонидан қуйидаги фикрлар билдирилган: «Инвестиция иқлими жуда кенг маънода ишлатиладиган тушунча бўлиб, инвестор томонидан ҳисобга олинадиган барча муаммо ва масалаларни мужассамлаштиради.
Инвестор томонидан маълум бир мамлакатга капитал ажратишнинг қулай ва ноқулай томонлари белгиланади, шу билан бир қаторда, ўз капиталини киритмоқчи бўлган мамлакат мафкураси, сиёсати, иқтисодиёти ва маданиятига катта аҳамият берилади».Инвестиция муҳити инвес-тиция ресурсларини жойлаштириш учун умумий мезон бўлиб, биринчи навбатда, капитал маблағларнинг даромадлилигини таъминлаб беради.
Содда қилиб айтганда, инвестиция муҳити инвестиция муносабатларини амалга ошириш мумкин бўлган имкониятлар ва қулайликлар мажмуасини ўзида акс эттирган воқеликдир. Инвестиция муҳитини яхшилашдан мақсад инвестиция салоҳиятини ошириш учун зарур ва мақбул шарт-шароитларни яратиш, инвестиция фаолиятини жадаллаштириш ва пировардида, иқтисодиётни юксалтириш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш имконини яратишдан иборат.Инвестиция муҳитининг ҳолатини инвестиция фаолиятини амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлиги ва жозибадорлигини аниқлайдиган иқтисодий, ижтимоий, ташкилий, ҳуқуқий, сиёсий, экологик ва бошқа шарт-шароитларнинг умумлаштирувчи хусусиятлари белгилаб беради.
Инвестиция муҳити деганда мамлакат иқтисодиёти ёки унинг маълум бир ҳудудига киритиладиган инвестицияларнинг самарадорлигини ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ташкилий-ҳуқуқий, экологик, маданий ва бошқа шарт-шароитлар мажмуаси тушунилади. У муайян ҳудудга инвестиция-лар киритишнинг мақсадга мувофиқлиги ва жозибадорлигини белгилайдиган шарт-шароитларнинг мавжуд ижобий ва салбий томонларини англатади.
Do'stlaringiz bilan baham: |