Заминда жамики қутлуг сўзлардан
Вишнушарман ажратди асл мағзини
Ва яратди дилларга фароғат берган
«Панчатантра» номли беш китобни.
Жануб ўлкасида Маҳиларопя деган шаҳар бор эди. У ерда дунёнинг барча билимларидан хабардор бўлган шоҳ Амарашакти умр кечирар эди. Кўпдан-кўп шоҳларнинг тожларини безаган лаълу жавоҳирлар унинг пойини нурафшон қилиб турарди. Унинг билмаган ҳунари қолмади, ҳаммасида мислсиз ягона бўлди. Подшоҳнинг ҳаддан зиёда тентак уч фарзанди бор эди: Васушакти, Уграшакти, Ананташакти. Подшоҳ ўз ўғилларида илму ҳунарга рағбат йўқлигини кўриб вазиру вузароларини чақириб уларга айтади: «Маълумингизким, фарзандларим илму донишдан юзларини ўгирдилар. Ўғилларимга қарасам, хатто ғанимлар йўқлиги ҳам мени қувонтирмай қўяди. Ростдан ҳам, тўғри айтилган экан:
Дунёга келмагану тарк этган зиёнсиздир,
Онадан туғма тентак барчани абгор қилур.
Яна:
Кимга керак сути йўқ сигир?
Нодону жоҳил ўғил қандай наф берсин?
Ишқилиб, бир йўлини топингким, уларга ақл кирсин!
Шунда вазирлар дедилар: «Олампаноҳ! Одамлар илму ҳолнинг ўзини ўрганишга ўн икки йил сарфлайдилар. Уни батамом билиб олганларидан сўнг кишига донолик берувчи қутлуғ билимларни ўрганадилар. Ана шундан кейингина уларнинг ақллари киради».
Вазир Сумати деди: «Олампаноҳ! Умримиз бебақо. Нутқ илмини узоқ йиллар ўрганиш керак. Фарзандларинг қанчалик тез оқил бўлиб етишсалар, шунчалик яхши. Бекорга айтмаганлар:
Илмнинг чеки йўқ, умр эса қисқа,
Билсанг бўлди фақат моҳиятини.
Сув аралашган бўлса сутга ўрдаклар
Ажратиб олурлар сутни бемалол.
Орамизда Вишнушарман деган брахман бор. Кўп илмларда олиму фозил. Шаҳзодаларни тарбиялашни унга топшир. Ҳеч шубха йўқки, уларнинг ақлларини киритиб қўяди.
Подшоҳ буни эшитиб, Вишнушарманни чақиртириб келади ва унга дейди: «Эй муҳтарам зот! Сен шундай қилгинки, менинг фарзандларим жамики илму ҳикматда бошқалардан ўзиб кетсинлар. Мен сенга тилаганингча туҳфалар бераман».
Вишнушарман шунда подшоҳга қараб дебди:
«О, Олампаноҳ! Сенга гапнинг чинини айтай. Мен ўз билимларимни ҳеч қандай туҳфаларга алмаштирмайман. Лекин агар олти ойдан сўнг сенинг ўғилларинг қутлуғ билимлар эгаси бўлиб етишмасалар, мен шу пайтгача орттирган ўз шуҳратимдан воз кечаман. Кўп сўз кимга керак? Майли, менинг арслон янглиғ ўкирганимни жаҳон эшитсин. Мен таъма қилиб айтаётганим йўқ. Мен саксонга кирдим, бебаҳо дунёнинг нафсу ҳавосини еб, Сарасвати ҳунарини адо этайин. Сенга сўзим шу, агар ушбу соатдан эътиборан олти ой ўтиб, сенинг фарзандларинг доно бўлиб етишмасалар, у чоғда олампаноҳ мени маъбудлар измига топшириб қўя қолсинлар - деб жавоб қайтарибди.
Подшоҳ брахманнинг бу ғаройиб сўзларини эшитиб, аркону давлати олдида ўғилларини Вишнушарманга топширибди ва дили таскин топибди. Брахман подшоҳ ўғилларини ўз уйига олиб келибди. Кўп ўтмай у «Дўстларнинг жудо бўлиши», «Дўстлар орттириш», «Қарғалар ва бойқушлар ҳақида», «Эришганни йўқотиш», «Ахмоқона ишлар» номли беш китоб битибди. Уларни шаҳзодаларга ўқитибди. Улар бу китобларни ўқиб донишманд бўлибдилар. Ўша замонлардан бери қутлуғ билимлар хазинаси бўлган ушбу беш китоб «Панчатантра» деб аталиб келинади. Ёшлар ундан ахлоқу одобга ўрганадилар.
«Панчатантра» асари дебочасида ушбу сўзлар битилган:
Кимки машаққат чекиб, қутлуғ илмли бўлди
Маъбудлар шоҳи Шакра нобуд қилолмас уни.
Мана шу сўзлардан кейин «Панчатантра» асарининг ҳикоялари бошланади. Қуйида «Панчатантра» масалидан бир намуна келтирамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |