Трипитака. “Трипитака” буддизмнинг муқаддас таълимоти битилган китоб. Трипитака санскрит тилида “уч сават” деган маънони англатади. Демак, китобни “Уч муққаддас китоб” деб таржима қилиш мумкин. Буддизм оламида Трипитака асарининг бир неча версиялари мавжуд. Уларга Трипитакадаги турли матнларнинг жуда катта ҳажми киритилган. Улар орасида пали тилидаги Тхеравада варианти машҳур. Китоб уч қисмдан иборат, улар: Виная-питака, Сутта-питака ва Абхидхамма-питака.
Виная-питака буддавийлар жамиятидаги таркидунёчилик қилган сангҳиларнинг ҳаёт тарзи ҳақидаги матнлар тўплами. Унинг биринчи қисмида роҳибларнинг жамоа таркибида яшаш тарзи қандай бўлиши лозимлиги ҳақидаги 500 та қоида жамланган. Унинг мазмунида Будданинг уйғунликни сақлаш борасида қилган ишлари ҳақида сўзловчи ҳикоятлар ҳам келтирилган.
Сутта питака Будда ёки унинг шогирдлари яратган 10 000 сутра, яъни қоидалар баёни жамланган китоб, шунингдек, унга Будда ҳаёти ҳақидаги жатакалар ҳам киритилган.
Трипитаканинг санаб ўтилган икки қисмида руҳий озодликка эришишининг амалий қоидалари келтирилган бўлса, учинчи "сават" таълимотнинг асосларини ўргатади.
Абхидхамма-питака китобига киритилган матнларнинг муаллифи Будданинг ўзи, дейилади. Лекин, бошқа буддистлар бу матнлар Ашока даврида яратилган, деб ҳисоблайдилар.
Трипитака анча вақтгача халқ оғзаки ижоди шаклида мавжуд бўлган, яъни қадимий анъаналарга кўра барча уни ёддан билган. Милоддан аввалги 80-йилларда матнлар йўқолиб кетмаслигини таъминлаш мақсадида уларни баргларга ёза бошлаганлар. Биринчи матнлар Шри Ланка роҳиблари томонидан пальма баргларига ёзилган. Айрим матнларнинг ёзилиш даври ҳақида аниқ маълумот йўқ.
Буддизм Ҳиндистондан четга чиқиб кетганидан кейин Трипитаканинг бир қанча нусхалари, жумладан, япон ва хитойча нусхалари яратилган. Айрим маълумотларга кўра, айни шу нусхалар кейинчалик санскрит тилига ҳам ўгирилган, дейилади. Бу нусхаларнинг қай бири тибетликлар томонидан, қай бири Ҳиндистон ҳудудида яратилганини аниқлаш жуда қийин. Трипитака матнларига асрлар давомида ўзгаришлар киритилгани боис, биринчи Трипитака матнлари буддизмни ўрганишда асосий манба бўлиб қолаверади. Трипитака матнларини ўрганиш асосида Ҳиндистондаги милодий 1 аср инсонларининг маданий, иқтисодий ва ижтимоий хаёти ҳақида маълумотлар олиш мумкин.
Трипитаканинг буддизм тарқаган мамлакатлардаги нусхалари ҳақида ҳам турли маълумотлар мавжуд. Жумладан, рус тадқиқотчиси А.А. Маслов фикрига кўра, бугунги кунда Трипитаканинг энг тўлиқ матни 1922-1933 йилларда нашр этилган японлар яратган нусха ҳисобланади. 1968 йилда қайта нашри бўлган 55 томлик китоб («Тайсё синсю Дайдзокё», яъни «Тайсё даври Трипитакаси») деб номланади. Бошқа манбаларга кўра, Тайсё Трипитакани яна қайта ишлаб 85 томлик қилиб (2920 та матн ва 12 томлик тасвирлар) нашр эттирган, деган маълумотлар бор. Ушбу нашр хитойча вариантининг электрон нусхаси ҳам бор, дейилади.
Хитойда ҳам Трипитака нусхаларини хитой тилида яратиш бошланган. Масалан, хитой тилидаги Трипитака 1982 йилда “Хитойнинг катта трипитакаси” номи билан нашр эттирилган. 1997 йилда эса 106 томлик қилиб яна қайта нашр эттирилган. Хитойда 4200 матнни жамлаган 220 томлик Трипитакани яратиш режалаштирилган. Шунингдек, бу асарнинг тибетча, манчжурча ва мўғул тилларидаги нусхалари ҳам бор.
Қадимий Ҳиндистонда бунёдга келган буддавийлар таълимотининг асл нусхаси XIII асрга келиб йўқоган. Ҳозирда пали, тибет, хитой, корейс ва япон тиллари ва буддизм тарқаган бошқа худудлар тилидаги бир қанча нусхалари сақланиб қолган.
Do'stlaringiz bilan baham: |