Қуриб кетсин мен туғилган кун,
«Ўғил ҳомила!» деб қувонган тун ҳам!
Зулматга айлансин ўшал кун,
Тангри ҳам тополмасин уни,
Ёруғлиқни кўрмасин асло…
Нега нобуд бўлмадим она қорнида,
Туғилибоқ ўлмадим нега!..
Дўсти уни юпатмоқчи бўлади:
Биз сенга сўз айтсак, оғир олмагин,
Айтмаслигимизнинг ҳам иложи йўқ-да.
Сен кўпларга насиҳатлар қилардинг,
Ожизларни қўллардинг доим.
Қоқинганлар сўзларингдан ўнгланарди,
Тизларидан қувват кетганларга дармон бўлардинг.
Энди ўз бошингга тушганда – чидамаяпсан,
Ўзингга навбат келганда – ваҳимага тушдинг.
Тақводан эмасми – сенинг умидинг,
Таваккул – йўлингдир хатодан холи.
Эслаб кўр, бегуноҳ ҳалок бўлурми?
Тақводорлар қачон қириб ташланар?
Гувоҳман, ёвузлик, зулм экканлар,
Зулмдан ҳалокат топурлар охир…
Мен бўлсам Тангрига юзни бурардим,
Унга топширардим ўз тақдиримни,
Ақлимиз етмайди унинг ишига,
Улуғ режаларга, мўжизаларга.
Удир ёмғир билан ерни суғорган,
Экинлар ундирган экинзорларда.
Удир мазлумларни юксак кўтарган,
Ғамгинлар топадур ундан саодат…
Кимга идрок берса, ўша хушбахтдир,
Азобин рад этма қодир Тангрининг,
Ўзи яралагай, ўзи боғлагай,
Ўзининг қўлида тиғ ҳам, малҳам ҳам…
Аммо азоблар оғушида қолган банда бу сўзларни тинглашга ҳоли йўқ, у тангрига илтижо қилади:
Жонимдан тўйдим мен! Боқий эмасман.
Ўз ҳолимга қўйгин, кунларим – қисқа.
Инсон ким бўптики, улуғлаб уни,
Унга қаратасан мунча эътибор?
Уни текширасан ҳар тонгда қўймай,
Ҳар онда имтиҳон этасан уни.
Мендан назарингни қачон узасан,
Тупугим ютишга қўйсанг-чи ахир.
Хўп, мен гуноҳкорман, сенга не зарар,
Инсонлар устидан назоратчисан.
Нега олмоқдасан мени нишонга,
Малол келмоқдами борлиғим сенга?
Айбимни кечирсанг не бўлгай ахир,
Эътибор қилмасанг хатоларимга.
Тупроққа қоришиб ётибман-ку, кўр,
Эртага қидирсанг – ғойибман буткул.
Дўстлари бири қўйиб бири унга панду насиҳат қилишади. Тангри билан талашма, исён қилма, Тангри адолатли, у бировни беҳуда жазоламайди, сабр қил, дейишади. Аммо достон қаҳрамони ўз билганидан қолмайди:
Тўғри, мен биламан шундайлигини,
Лекин банда ўзин қандай оқласин?
Тангри-ла талашиб нима ютарди,
Минглаб фарёдига жавоб оларми?
Тангри ҳаким эрур, қудрат эгаси,
Қарши тураолгай ва соғ қолгай ким?..
Мен ҳақ бўлганда ҳам, недир жавобим,
Фақат ялинурман қазоват сўраб.
Мен фарёд чексаму жавоб эшитсам,
Ишонмайман, мени эшитмайди у!
Айбсиз бандасини жазолаб ҳадсиз,
Кундан-кун поралаб жисму жонини.
Бир нафас тинишга қўймайди сира,
Дарду аламларга кўмиб бандасин.
Тўғри, қудратли у, қудрати чексиз,
Қазоватда лекин, ким унга не дер?..
Мазлуму золимнинг фарқи йўқ унга,
Ҳалок этаверар ҳар иккисини.
Ер юзи золимлар ихтиёрида,
Бегуноҳ азобда, Тангри бепарво…
Сизлар билганлардан мен ҳам хабардор,
Аммо сиз барчангиз яроқсиз табиб,
Жим бўлсангиз тамом, шудир яхшироқ,
Донишмандлик эрур жим турганингиз.
Тангри ҳаққи ёлғон сўзлаш дурустми?
Ёлғон билан оқлаш керакми уни?..
Сиз тек туринг энди, мен гапираман,
Нима бўлса бўлди, жоним қўлимда!
Ўлим рўпарамда, умид қилмайман,
Лекин баҳс қиламан ўз тақдиримдан,
Шунинг ўзи менга тасалли, таскин,
Мунофиқ эмасман Тангри олдида…
Достон тўлиғича 40 боб, 1025 байтдан иборат бўлиб, унда 20 боб давомида 9 марта бош қаҳрамон гапиради, 9 боб давомида ҳар бир дўсти уч мартадан гапиради, 6 боб давомида Элиуй сўзлайди ва охирида 4 боб давомида ғойибдан Тангри овози келади. Буларнинг мукаммал таржимаси албатта алоҳида китобга айланар эди. Биз фақат айрим парчалар асосида достон мазмуни ҳақида умумий тасаввур беришга ҳаракат қилдик.
Do'stlaringiz bilan baham: |