Энмеркар, тоғлар ҳўйнида
Муҳаддас сигир дунёга келтирган,
Уту фарзанди…
Покиза ибодатлар ўлкасида
Муқаддас сигир сутини эмиб улғайган96.
Кенг халқ оммаси иштирокида ўтказиладиган асотир маросимлардан кўзланган асосий мақсад авомни (яъни, бутун жамоани) ғайбий қудрат билан бевосита алоқадорлигини ҳис-туйғу даражасида таъминлаш эди. Ибтидоий одам тушунчадан кўра эҳтиросга кўпроқ таянган, сўзнинг мантиғи эмас, у уйғотадиган ассоциациялар кўпроқ муҳим бўлган. Шу сабабли ўша даврда кенг жорий этилган асотир маросимлар оддий инсонларга биринчи навбатда эҳтирос орқали, ҳис-туйғу орқали таъсир кўрсатиши ҳисобга олинган. Эркак—аёл орасидаги муносабатлар моддий воқеликдаги барча учун эмоционал жиҳатдан энг таъсирли, энг эҳтиросли (туйғуларга жунбишга келтирувчи) муносабатлар бўлганлигидан ғайбий қудрат эгалари деб ҳисобланган бош санамлар орасидаги айни шу қабил муносабатларга сирли ва улуғвор тус бериб, уларни ибтидоий инсонлар тасаввуридаги илоҳий туйғу билан уйғунлаштириш асосига қурилган диний-хурофий маросимлар ниҳоятда кучли ва оммавий эмоционал таъсир манбаига айланарди97.
Бу хурофотлар илк деҳқончилик жамоалари муҳитида шаклланган бўлиб, далага қўш чиқариш олдидан ўтказиладиган "муқаддас никоҳ маросими", яъни эр ва аёл қиёфасидаги (тасвирларга кўра буқа ва сигир ниқобидаги) икки санамнинг сирли қўшилуви мажозий боғланишлар туфайли экинлар ҳосилдорлигига ижобий таъсир кўрсатувчи сеҳр-жоду маросимлари сифатида қабул қилинган. Балки улар дастлабки даврларда бевосита ишлов беришга ҳозирланган даланинг бошида ўтказилган бўлиши ҳам мумкин98.
Аммо юқорида биз тилга олган даврларга келиб, ушбу маросимлар биринчи навбатда сиёсий мақсадларга, яъни мавжуд сулола ҳукмронлигини ғайбий қудратга боғлаш орқали қонунийлаштириш, мавжуд бошқарув тартибларини улуғлаш, тасдиқлаш ва мустаҳкамлашга хизмат қилишга қаратила бошлаган. Муқаддас никоҳ маросимини катта шаҳарларда қурилган ҳашаматли ибодатхоналарда, минглаб оддий инсонлар (кўпинча дала ишларига деярли алоқаси бўлмаган шаҳар аҳолиси) иштирокида сирли ва улуғвор бир тарзда ўтказилиши, шоҳ қизининг Урда Нанна ибодатхонасига бош коҳин қилиб тайинлаш анъанасининг жорий бўлиши, ушбу маликанинг "муқаддас никоҳ"да Ой санамнинг қайлиғи Нингал қиёфасида элга намоён бўлиши, Урукдаги муқаддас никоҳ маросимида юрт ҳукмдорининг Думузи қиёфасида "илоҳий маъшуқа" Инанна санами билан қўшилуви Шумер ва Аккад ҳукмдорларининг тож кийиш маросимининг узвий бир қисмига айлантирилганлиги айни шу мақсадларга қаратилган бўлиб, ушбу ўзига хос "бидъатлар" (эътиқодий тизимга киритилган янгиликлар) ягона Шумер-Аккад салтанатига айлана бошлаган ўлкада энди олий ҳукмдорлар ўз сиёсий мавқеини илоҳий асос билан мустаҳкамлаш учун жиддий ҳаракатга киришганликларининг ёрқин нишонаси дейиш мумкин эди.
Бундай ҳаракатлар сиёсий, иқтисодий, маънавий ҳаёт соҳаларида жиддий ўзгаришларга олиб келганлигини алоҳида қайд этиб ўтиш ўринлидир. Авваллари, анъанага кўра, ҳукмдорлар бош санамларнинг "ўғиллари" сифатида тавсифланган бўлсалар (масалан, Энмеркар — Утунинг ўғли, Билгамес — Лугалбанданинг(яъни инсоннинг) "малика-санам" Нинсундан кўрган фарзанди, тарихий шахс Лагаш ҳукмдори Гудеа ушбу шаҳар-давлатнинг бош санами Нингирсунинг синглиси Наншенинг зурриёти ҳисобланган бўлса99, кейинроқ бориб қатор ҳукмдорлар энди ўзларини бевосита тангри даражасига кўтариб улуғлаш даъвосини олға сура бошладилар100. Мавжуд тарихий матнлар гувоҳлигига қараганда, мил. ав. 2290 — 2254 йилларда (36 йил давомида) ҳукмронлик қилган Аккад сулоласи ҳукмдорларидан (Буюк Шаррукиннинг набираси) Нарамсин тарихда биринчи марта "илоҳий Нарамсин, Аккаднинг қодир ҳудоси" деб улуғланган. Авваллари ҳукмдорлар шаҳар бош санамининг вакили, ноиби ҳисобланган бўлса, энди уларнинг ўзини санамларга тенглаштира бошладилар. "Менинг хожам, ўз ўлкасининг санами» дейилади бир матнда ҳукмдор ҳақида. Албатта, бу тамойил изчил анъана тусини олмади, аммо, юқорида ҳам эслаб ўтганимиз, Ур-Намму авлодларидан бир қатори, Ларса ҳукмдори Суму Эл (1868 йилда), 1801 йилдан Ларса ва Урда Рам Син I ва баъзи бошқалар ҳам ўз шахсларига нисбатан илоҳий эҳтиром кўрсатилишига даъвогар бўлиб чиқдилар.
Буюк Шаруккин давридан Шумер шаҳар-давлатлари воқеан ягона Шумер-Аккад давлатига бирлаша бошлаган бўлса ҳам бу жараён фақат Ур-Намму асос солган III Ур шаҳри ҳукмдорлар сулоласи давридагина ҳақиқий маънода яхлит салтанат қарор топади. Бу даврда сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий соҳаларда жиддий ўзгаришлар юз бериб, қатор ижобий ютуқлар қўлга киритилиши билан бир қаторда айни шу сулоланинг қатор вакиллари томонидан ўзларининг фақат сиёсий соҳада эмас, балки иқтисодий ва мафкуравий соҳаларда ҳам яккаҳукмронликларини (тоталитаризмни) таъминлашга астойдил интилишлари мамлакатни келажакда ўта хавфли инқироз ўпқонига дучор қилди. III Ур шаҳри сулоласи кейинги ҳукмдорлари даврига келиб оддий фуқаролар қўлида хусусий мулк жуда кам сақланиб қолган эди. 21 минг киши ибодатхона — ҳукмдорлар хўжалигида ёлланиб ишлаганлиги ва давлат омбордаридан кундалик озиқ-овқат билан таъминланганлиги ҳужжатларда ўз ифодасини топган.
Одатда пайғамбар эмас, балки кейинги давр диний арбоблари ёки ҳукмдорлар инсонларнинг ваҳий асосидаги диний эътиқодларидан муайян мақсадлар йўлида фойдаланишга уриниб, диний мафкура тизими яратишлари мумкин. Бундай ҳолатлар дунё тарихида кўп учрайди. Унинг биринчи намуналарини Шумер ўлкаси тарихининг сўнгги босқичларида, айниқса, Шаррукин авлодлари ва Ур-Намму асос солган сулола фаолиятида учратамиз. Ушбу илк мафкуравий тизим қадим Шумерда илк деҳқон жамоалари давридан қолган хурофий эътиқод ва маросимларга сиёсий тус бериш орқали шакллантирилган. Ушбу мафкуравий тизимнинг асосий тамойили агар илк шаҳар—давлатларда диний ва сиёсий раҳбарликнинг аксарият ҳолатларда бир хонадон ёки бир шахс қиёфасида бирлашуви шаклида юзага чиққан бўлса, мамлакатда ягона салтанат шаклланиши даврида юрт ҳукмдорларининг илоҳий қудрат эгалари ҳисобланган олий санамлар билан бевосита «қон-қардошлик» муносабатлари ҳосил қилишга интилишларида ёрқин намоён бўлди.
Баъзи ҳукмдорларнинг ўз шахсини илоҳийлаштиришга уриниши Икки дарё оралиғи тарихининг Шумер даврида умуман ҳукмдор шахсини мутлақ илоҳийлаштириш анъанаси расмийлашувига олиб келмаган бўлса ҳам, юрт ҳукмдорлигининг олий санамлар иродаси билан бевосита боғлиқлиги ҳақидаги тасаввурлар халқ онгида пухта ўрин эгаллади. Масалан, III Ур сулоласи ҳукмронлиги инқирозга учраб, юрт парчаланиб кетгач яратилган «Урнинг ҳалокати ҳақда марсия»си ўлканинг фоже аҳволини Ур шаҳри «малика-санами» Нингал номидан (маълумки, анъанага кўра амалда бу вазифани шоҳ қизи бажарар эди) баён этади:
Do'stlaringiz bilan baham: |