Ўзбек тилшунослигидаги структурал йўналишлар. А.Нурмоновнинг ёзишича, ўзбек тилшунослигида шаклланган структур йўналишларни икки гуруҳга ажратиш мумкин. Улардан биринчиси ўз тадқиқ йўналишини «формал – функционал йўналиш» деб номладилар, иккинчиси эса «структур-функционал йўналиш»дир. Формал-функционал йўналиш: 1) лисоний бирликнинг зотий (субстанционал) табиати; 2) ҳар бир лисоний бирликнинг камида икки парадигмага мансублиги; 3) лисоний бирликнинг барча босқичларида оралиқ учинчининг мутлақлиги; 4) лисоний тизимнинг иерархик (поғонавий) қурилиши, бу иерархияда ҳар бир бўғиннинг нисбий мустақиллиги ва узвларининг гипо-гиперонимик муносабатлар билан очиқ микросистема сифатида ўзаро боғланиши; 5) ҳар бир лисоний бирликнинг ўз хусусий синонимик ва градуонимик қаторга эга бўла олиши ва бу қаторларнинг умумий лисоний система ва микросистемаларга, уларнинг структурасига бевосита алоқадор эмаслиги каби бешта асосий таҳлил тамойилларига асосланади.
Формал-функционал йўналиш вакиллари Ф.де Соссюрнинг «тил-нутқ» дихотомиясини «лисон-нутқ» атамалари билан номлайдиларки, бу амалиётда бир оз қийинчилик туғдиради. Чунки лисоний, нолисоний атамалари муқаддам лингвистик ва экстралингвистик ҳодисаларни ифодалаш мақсадида қўлланилар эди. Лингвистик ёки лисоний воситалар дейилганда эса тил ва нутқ бирликлари эътиборга олинади. Агар лисоний бирлик атамасини фақат тил бирлиги учун қўлласак, нутқ бирлиги ташқарида қолади. Ана шулар ҳисобга олинадиган бўлса, нутқий фаолиятни тил - нутқ тарзида ифодалаш Ф.де Соссюрнинг тил-нутқ дихотомиясига яқинроқ бўлади (А.Нурмонов. 2009: 151).
Ўзбек тилшунослигида юзага келган “Структур-функционал йўналиш” эса Ф.де Соссюрнинг нутқий фаолият- тил - нутқ узвийлигига асосланувчи таълимоти ва систем-структур йўналишларнинг уч асосий тармоғи, шунингдек, шарқ фалсафасининг фаҳмий ва идрокий билиш ҳақидаги таълимотларини ўзида мужассам этганлиги билан ажралиб туради. Хусусан, бу йўналишда: 1) тилни ўрганишда индуктив ва дедуктив тамойилларнинг ҳамкорлиги; 2) нутқий фаолиятда тил-нутқ дихотомиясининг амал қилиши; инвариант-вариантлилик муносабатини белгилаш; 3) тил системасининг иерархик тузилиши. Бир сатҳ бирликлари ва сатҳлараро бирликлар муносабатлари; 4) лингвистик бирликларнинг белгили табиати. Лингвистик белгида шакл ва мазмун муносабати; 5) нутқий фаолиятда лингвистик ва экстралингвистик воситалар ҳамкорлиги; 6) тилнинг ижтимоий функциялари (коммуникатив, куммулятив, экспрессив) каби таҳлил тамойилларига асосланиб фаолият олиб борилади (А.Нурмонов. 2009: 151). Мазкур йўналишга хос энг муҳим жиҳатлар А.Нурмоновнинг “Лингвистик белги назарияси (2008), “Структур тилшунослик” (2008), “Struktur tilshunoslik: ildizlari va uo’nalishlari” номли рисола ва қўлланмаларида ўз аксини топган.
Do'stlaringiz bilan baham: |