2-мавзу
Структур тилшунослик ва унинг вужудга келиш сабаблари .
Ф.де Соссюрнинг систем-структур назарияси ва структурализнинг
асосий йўналишлари
Режа:
Структур тилшуносликнинг вужудга келиш сабаблари.
Ф.де Соссюрнинг систем-структур назарияси.
Структур тилшуносликнинг асосий йўналишлари.
1. ХХ аср бошларида Ф.Гегель диалектик усулининг фанга татбиқ этилиши турли фанларда бўлгани каби тилшуносликка ҳам катта таъсир кўрсатди. Ушбу усулнинг моҳияти тадқиқодчиларни нарса ва ҳодисаларнинг бевосита ташқи кузатилишда (кўриш, эшитиш, ўлчаш кабилар) акс этадиган хусусиятларини тасвирлаш билан чегараланмасликка, балки бу хусусият ва хоссаларнинг замирида ётадиган моҳиятни ақлан англашга ҳамда тушунтириш асосида тавсифлашга ундашида кўзга ташланад (Неъматов Ҳ., Бозоров О.1993: С. 5). Диалектик усулнинг дастлабки татбиқларидан бири И.Кантнинг «Умумий тарих ва само назарияси» асарида оламнинг ягона системадан иборат эканлиги, бу система на фақат ўзгариб туриши, балки ривожланишда эканлиги ҳамда уни ҳаракатга келтирувчи куч ўзаро тортишиш ва узоқлаштириш экани ҳақида мулоҳазаларда намоён бўлади. (Т.А.Бушуй, Ш.Сафаров. 2007:29)
Ана шундай фалсафий қарашларни систем-структур тилшунослик номи билан тилшуносликка кириб келиши швейцариялик олим Фердинанд де Соссюр (1857-1913) номи билан боғлиқдир. Зеро ушбу олим томонидан тилшунослик тарихида мавжуд лингвистик қарашлар чуқур таҳлил қилиниб, тилнинг замонавий талқинида систем-структур тамойилга таяниш зарурияти ҳар томондан далилланган. Мазкур таълимотнинг асосий мазмуни Ф. де Соссюр ўқиган маърузаларда ўз ифодасини топган бўлиб, унинг вафотидан сўнг уч йил ўтгач, шогирдлари Шарль Балли ва Антуан Сешелар томонидан улар жамланиб «Умумий тилшунослик курси» (Труды по общему языкознанию) номи билан (1916 йил франсуз, 1931 немис, 1933 йилда рус тилларида) нашр қилинган.
Ф. де Сассюрнинг систем-структур таълимотни вужудга келиш сабаби ҳақида «Умумий тилшунослик курси»нинг биринчи бобида лингвистика фанининг тарихий тадрижи мобайнида тилга бўлган муносабат масаласига доир мулоҳазаларида алоҳида тухталади. Унга кўра, тил ҳақидаги фан ўзининг ҳақиқий ва ягона объектини ҳис қилиш мақсадида учта тараққиёт босқичини босиб ўтди. Хусусан, биринчи босқич “грамматик” давр бўлиб, бу давр юнонистонда шаклланиб, Францияда ўз моромига етган. Унда илгари сурилган ғоялар мантиққа асосланган бўлиб, тилнинг илмий ва объектив хусусиятларини ёритиш мақсади эмас, балки нотўғри шакллардан тўғри шаклларни фарқлаш масаласи етакчи ўринга қўйилган. Иккинчи босқич «филология» даври бўлиб, унда матнларни изоҳлаш ва шарҳлашни асосий мақсад қилиб қўйилади. Учинчи давр тилларни ўзаро қиёслаб ўрганиш билан боғлиқ бўлиб, бу даврда қиёсий филология, яна ҳам аниқроқ айтганда, қиёсий гррамматика вужудга келди. Хусусан, Франц Бопп, Яков Гримм, Макс Мюллер, Август Шлейхерлар санскрит тили, европа ва осиё тиллари ўртасидаги қариндошликни очиб берди. Уларнинг лингвистика тарихидаги хизмати қариндош тилларнинг ўзаро муносабатини ўрганувчи алоҳида фанни шакллантириш ғояси орқали кўзга ташланади. Гарчи бу мактаб вакиллари ҳосилдор қўриқни очган бўлсалар-да, уларга ҳақиқий илмий лингвистикани яратиш бахти насиб этмади. Ўрганилаётган объектнинг табиатини очиш масаласи уларнинг назаридан четда қолди. Бинобарин, қиёслаш тарихий ҳақиқатни ёритишда зарурий шарт-шароит туғдирса ҳам, фақат қиёслашнинг ўзи билан чекланиш ўрганилаётган объект ҳақида тўғри хулоса чиқаришга олиб келмайди.
Тилшуносликнинг янги даври ХIХ асрнинг 70-йилларидан бошлаб тилларнинг яшаш шароити қандайлиги масаласига эътибор қаратиш билан бошлади. Бу давр ёш грамматикачилар даври бўлиб, улар қиёслаш натижаларини тилнинг табиий ҳолати билан боғлиқ ҳолда изоҳлашга ҳаракат қилишди. Натижада тил ўз-ўзича ривожланаётган тирик организм сифатида эмас, балки шахснинг руҳий ҳосиласи сифатида баҳоланди. Ушбу мактабнинг тилшунослик олдидаги хизматлари қанчалик катта бўлишига қарамасдан, ҳамма масалаларга ойдинлик киритди, деб бўлмайди. Хусусан, умумий лингвистиканинг асосий масалалари очиқ қолдирилди (Ф.де Соссюр. 1977: 39).
Ёш грамматикачилар тилни индивидуал руҳий фаолият ва ассациотив аналогияга асосланувчи атомистик ҳодиса сифатида талқин этишади. Ушбу позитив қарашларга франсуз “социологик мактаби”, Фослернинг “немис неофилологик мактаби” вакиллари томонидан танқидий муносабат билдирилгани ҳолда, тилни ижтимоий далил ва психологик ҳодиса сифатида талқин этишни назарда тутувчи дастлабки структуралистик қарашлар вужудга келади ва Ф.де Соссюрнинг систем-структур назарияси учун асос вазифасини ўтайди (А.Нурмонов.Систем тилшунослик. 6).
Ф.де Соссюр ўзигача бўлган лингвистик қарашларни танқидий ўрганиш ва ижодий ривожлантириш асосида тилшунослик фанининг объектини, мақсад ва вазифаларини белгилайди. “Умумий тилшунослик курси”нинг иккинчи бобида тилшуносликнинг тадқиқот материалини даврий тафаввутлардан қатъий назар нутқий фаолиятга хос далиллар ташкил этиши таъкидланади (Ф.де Соссюр. 1977: 46). Олимнинг бундай тўхтамга келишида, биринчидан, ёш грамматикачиларнинг индивидуал тил ҳақидаги ғояси, иккинчидан, В.Гумбольдтнинг тил “эргон” эмас, балки “энергия” эканлиги ҳақидаги ғояси туртки бўлиб хизмат қилди. Бинобарин, ёш грамматикачиларнинг индивидуал тил ҳақидаги ғоясига таянган ҳолда, тилдаги индивидуаллик ва социаллик зиддияти белгиланган бўлса, В.Гумбольдтнинг тил “эргон” эмас, “энергия” эканлиги ҳақидаги ғояси тилшуносликнинг асосий объектини нутқий фаолият билан боғлаш учун асос бўлиб хизмат қилди (Нурмонов А.2009:30).
2. Ф.де Соссюрнинг фикрича, нутқий фаолият индивидуаллик ва социаллик белгиларини ўзида мужассам этган бутунлик бўлиб, у таркибан тил ва нутқ узвийлидан ташкил топади. Бу узвийликдаги нутқни лингвистиканинг асосий тадқиқот объекти сифатида олиб бўлмайди. Чунки бундай ҳолда тилшунослик алоҳида шахсларнинг индивидуал фаолиятни ўрганувчи фанга айланиб қолади. Ана шуни назарда тутган ҳолда, у нутқий фаолиятга хос энг муҳим жиҳатларни тилни тадқиқ этиш орқали аниқлаш мумкин, деб ҳисоблайди. Бироқ бу тил ва нутқий фаолият тушунчалари мутлақ тенгликка асосланмайди. Чунки тил нутқий фаолиятнинг энг муҳим таркибий қисми бўлиб, у тил эгаларининг хотирасида мавжуд бўлган ижтимоий маҳсул, уларнинг нутқий фаолиятга киришиш имконини яратувчи энг муҳим ва реал асосли восита ҳисобланади.
Ф.де Соссюр ана шуларга таянган ҳолда, биринчидан, тил ва нутқ зиддиятидан келиб чиқиб, тил ва нутқ лингвистикасини ажратади, иккинчидан, тилшунослик ва унга ёндош соҳаларни ҳисобга олиб, ички ва ташқи лингвистикани фарқлайди. У мазкур лингвистик соҳалардан тил лингвистикаси, яъни ички лингвистикага алоҳида эътибор беради. Унинг фикрича, барқарор (узуал) муносабатлар йиғиндиси тилни ташкил этади ва унинг функциясини белгилайди. Тилнинг яхлит система экани ҳар бир лисоний бирликнинг синтагматик ва ассоциатив муносабати орқали намоён бўлади. Ушбу икки муносабат ақлий фаолиятимизнинг икки шаклига мувофиқ бўлиб, синтагматик муносабат икки ва ундан ортиқ тил бирликларининг нутқий актуаллигига, ассоциатив муносабат эса лисоний бирликларнинг виртуал гуруҳлар ташкил қилиши хусусияти билан ўзига хослик касб этади (Ф.де Соссюр.1977: 156).
Соссюр ахборотнинг ҳар қандай моддий ифодаси белги тарзида намоён бўлишини ҳисобга олиб, тилни белгилар системаси сифатида таърифлайди. У ўзининг ушбу фикри учун тил белгиларига хос икки асосни, яъни идрок қилиш имконияти ва идрок қилиниши учун зарур бўлган моддий асосни далил қилиб келтиради. Унинг фикрича, лингвистик белги нарса ва унинг номи ўртасидаги муносабатдан эмас, балки тушунча ва акустик образ ўртасидаги муносабатдан ташкил топади. Ана шу икки асосни ифолаланувчи ва ифодаловчи терминлари билан фарқлайди. Тилга хос ушбу универсал томон унинг симиологик фанлар сирасига киришидан далолат беришини ва келажакда лингвистика ана шу фан билан боғлиқ ҳолда ўз ривожига эга бўлишини башорат қилади.
Ф.де Соссюр лингвистик белгининг ўзгармас ва ўзгарувчанлик хусусияти тилнинг вақтга муносабати билан боғлиқлигини ҳисобга олиб, синхрония ва диахрония ҳақидаги таълимотини яратади. Унинг фикрича тил ва тил жамоаси ўртасидаги муносабатга замон нуқтаи назаридан баҳо берилиши билан диахрония ва синхрония амал қила бошлайди. Синхрония тилнинг ҳозирги, реал ҳолда мавжудлигини акс эттирса, диахрония унинг тарихий ривожланиш ҳолатини белгилайди. У ана шу икки ҳолатни эътиборга олиб, синхрон ва диахрон лингвистикани фарқлайди. Бу фарқланиш тил ва нутқни фарқлаш учун ҳам асос бўлиб хизмат қилади. Унинг фикрига кўра, синхрон лингвистика тил билан, диахрон лингвистика эса нутқ билан иш кўради. Тил барча қисмлари синхрон муносабатда бўлган системадир. Диахрониянинг объекти бўлган нутқ эса система ташкил этмайди (Ф.де Соссюр.1977: 114). Олиб борилган кейинги изланишларда Соссюрнинг бу фикрига аниқлик киритилган ҳолда, нутқ тил имкониятини рўёбга чиарувчи иккинчи даражали система сифатида изоҳланади (Р.Расулов.2010. 135).
Ф.Соссюр тилни муайян бир жамоа вакилларининг нутқий амалиёти орқали тўпланган хазина сифатида таърифлайди. У ҳар бир тил эгаси онгида виртуал ҳолда мавжуд бўлган грамматик система бўлиб, унинг яхлитлиги жамоавий онгида акс этади. Чунки тил алоҳида индивидда тўлиқ мавжуд бўлмайди, у тўлиқ ҳолда фақат жамоада мавжуд бўлади (Соссюр.1977:52).
Тилнинг мавжудлиги унда сўзлашувчи жаманинг мавжудлиги билан узвий боғлиқдир. Тилнинг ижтимоий табиати унинг ички хусусиятларидан биридир. Шунинг учун ҳам тилга таъриф беришда ўзаро боғлиқ бўлган тил ва сўзлашувчи жамоа ўртасидаги муносабат албатта қамраб олиши лозим. Бу боғланишни қуйидагича тасвирлаш мумкин:
Бироқ бу тасвир тилнинг яшаш тарзини эмас, балки унинг ижтимоий реаллигини қамраб олиш билан чекланади. Сўзлашувчиларни замондан ташқарида қараш социал кучларнинг тилга таъсирини ўрганишга имкон бермайди. Ҳақиқатга яқинлашиш учун юқоридаги тасвирга тилнинг замондаги ҳаракатини ифодаловчи белгини ҳам киритиш лозим бўлади, хусусан:
Замон
Бу тасвирда тилнинг замонларга хос ижтимоий кучлар таъсирида мунтазам ўз эркинлигини йўқотиши, унга хос ифодаловчи ва ифодаланувчи ўртасидаги муносабатнинг даврий узлуксизлиги, тараққий этиши ўз ифодасини топган (Соссюр.1977:110). Демак, Ф.де.Соссюр таълимоти учун асос бўлган тил тизими унинг индивидуаллик ва ижтимоийлик, барқарорлик ва ўзгарувчанлик, эркинлик ва мажбурийлик дихотомисига асосланиши билан ҳам характерланишини кўрсатиш мақсад қилиб қўйилади.
Нутқ онгнинг индивидуал хоҳишни намоён этувчи махсул бўлиб, сўзловчи бу жараёнида тил бирликлари комбинацияси асосида ўз истакларини ифода этади. Бундай комбинациянинг объектив воқеланиши эса руҳий механизмларга асосланади. Шунингдек, нутқ бевосита кузатишда берилмаган тилнинг моддий асосли эканининг далили, унга хос чекланган имкониятларнинг воқеланиши чексизлигидан дарак берувчи далил сифатида ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Ф.де.Соссюрнинг тил ва нутқ дихотомиясига оид қарашларини қуйидагича умумлаштириш мумкин:
тил ҳам, нутқ ҳам, туб моҳиятига кўра, ижтимоий нутқий фаолиятга асосланувчи тизимлардир;
тил бевосита кузатишда берилмаган алоқа имконияти, нутқ эса ушбу имкониятнинг воқеланиши, руёбга чиқишидир;
тил барча учун умумий, нутқ эса ҳар бир кишининг индивидуал фаолият махсулидир;
тилнинг умри, фаолият муддати чексиз, узоқ, нутқники эса маълум вақт оралиғида чеклангандир;
тил аниқ бир макон, замон ва шахс билан боғлиқ ҳодиса эмас, нутқ эса макон, замон ва шахс фаолияти билан узвий боғлиқдир;
тил бирликлари миқдоран чегараланган, нутқ бирликлари эса чекланмаган бўлади;
тил бирликлари парадигматик, нутқ бирликлари эса синтагматик муносабатда намоён бўлади;
тил элементлари нисбий барқарор, нутқ бирликлари доимий ҳаракатдадир;
тил диахрон асосли, нутқ эса синхрон асосли ҳодисадир.
Ф. де Соссюрдан сўнг унинг таълимоти асосида Прага структурализими (ёки функционал лингвистика), Копенгаген структурализими (ёки глассиматика) ва Америка структурализими (ёки дескриптив лингвистика) структур йўналишлар шаклланди.
Do'stlaringiz bilan baham: |