П СИХИК ҲОЛАТЛАРНИНГ ХУЛҚ-АТВОРГА ТАЪСИРИ
Бошқа ёқимсиз ҳиссиётлар каби қўрқув ҳам доимо
зарарли бўлмайди. Ҳар қандай ҳиссиёт маълум бир функцияни бажаради ва болага ҳам, катта одамга ҳам ўзини ўраб турган моддий ва ижтимоий муҳитни билиб олиш, тушиниш имконини беради. Демак, қўрқув инсонни кўчадан ўтишда, тоғдаги саёҳатда ва шунга ўхшаш бошқа ҳолатларда ортиқча таваккалдан ҳимоя қилади. Қўрқув инсонни хавфли вазиятлардан сақлайди ёки огоҳ этади, баъзан эса фаолиятни, хулқни тартибга солиб туради. Бу қўрқувнинг ҳимоя функцияси. У ўз-ўзини сақлашни таъминловчи ички ҳиссиётда, инстинктив хулқда иштирок этади. Бундан ташқари қўрқув хулқни тузатишда ёрдам беради, у кечинмалардан келиб чиқади. Қўрқув психиканинг нармал фаолияти учун зарур. “Боланинг организмига нафақат шакар, балки туз ҳам керак бўлганидек”, психика ҳам ёқимсиз, баъзан кескин эмоцияларга эҳтиёж сезади. Баъзан боланинг ўзи қўрқув кечинмаларга ихтиёрсиз равишда берилиб кетади.
Кечқурун бир ерга тўпланган болалар даҳшатли воқеаларни ҳикоя қила бошлайдилар, яна бунинг устига кескин эмоционал тугалланишда–охирги сўзида ҳикоячи тўсатдан қичқириб юборади, ёнида ўтирган боланинг қўлидан бирдан ушлаб олиб уларни қўрқитади. Бундан кейин одатда «даҳшатли қичқириқ», кулги ва агрессияни емиришга йўналтирилган психик энергияни бўшатиб юборувчи–мотив кузатилади. Бундай ҳолат баъзан психик аппаратнинг мослашиш тартибини бузиб юборади. Бу каби салбий ҳолатларни олдини олиш истагидаги ота-оналар фарзандлари учун яхши шароитларни яратиш мақсадида, уни ҳар қандай ёқимсиз ҳодисадан, кучли кечинмалардан ҳимоя қилиш учун психолог маслаҳатига тез-тез мурожаат қилишади.
Болалар қўрқуви унинг тараққиётининг одатий ҳодисасидир. У бола учун зарурий аҳамиятга эга. В.В.Лебединский таъкидлаб ўтганидек, ҳар қандай қўрқув ёки қўрқув тури фақат аниқ бир ёш даврида кузатилади, ҳар бир ёш даврининг «ўзини» қўрқуви бор, меъёрий ривожланишда маълум бир вақтда йўқолади.
Қўрқувнинг намоён бўлиши боланинг психомотор тараққиётининг бирдан ўзгариши билан вақтинчалик муносабатига мос келади, масалан: бола фазони ўзлаштириб олганида ва мустақил юришнинг бошланишида ёки ўзининг яқинларини таний бошлаганида бегона кишининг пайдо бўлиши унда қўрқувни чақириши мумкин. Болалар қўрқуви нормал тараққиётнинг муҳим қисми ҳисобланади. Қўрқув бола хулқини тартибга солади ва мослашишда ижобий таъсирга эга. Қўрқув бошқа ҳиссиётлар каби ўз вазифасини аниқ бажариб кейин ғойиб бўлганида фойдали. Бола тараққиётининг издан чиқмаслиги, бузилмаслиги учун ёш даврларига хос бўлган, меъёрий қўрқувдан коррекция қилиниши талаб қилинадиган патологик қўрқувни ажратиб олиш керак.
Патологик қўрқувни муайян мезонлар билан ажратиб олиш мумкин: агар қўрқув шахс тараққиётига, психикага, мулоқотга киришишга тўсқинлиқ қилса, ижтимоий мослашишни қийинлашувига олиб келса ва ундан кейин аутизмга, психик касалликларга олиб келса бу шубҳасиз патологик қўрқувдир. Қўрқув бузилишдан мустақил ҳам бўлиши мумкин (масалан, катта итга тўқнаш келганда қаттиқ қўрқувни ҳис қилиш). Баъзан шахс бузилиши билан ҳам намоён бўлиши мумкин. Бу ҳодисаларнинг ҳаммасида умумий соғломлаштирувчи психотерапия бутун психиканинг ишини яхшилаш учун фойдали. Бунда чиниқтириш жараёни боланинг кун тартиби ва овқатланишини тартибга солиш билан бир қаторда олиб борилиши лозим. Уйқу олдидан сайр фойдали, бу бола организми ва психикасига яхши таъсир қилади ва яна бола қўрқув ҳақида эмас дам олиш ҳақида ўйлайди. Мадомики, организм ва психика бир бутунликни ташкил қилар экан, бирининг яхши ёки ёмон ҳолати иккинчисига таъсир қилади. Бола қўрқувини йўқотишдаги коррекция ишида бир қанча қўлланмаларни кўрсатиш мумкин. Коррекция усули боланинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда танланади ва самарадорлик ҳам боланинг индивидуал хусусиятларига боғлиқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |