Гипотеза (юнонча – фараз, асос, тахмин) орқали бир қанча фактлар
асосида нарса-ҳодисанинг алоқаси ёки сабаби мавжудлиги ҳақида хулоса
чиқарилади, лекин хулоса ҳали тўла исботланган деб бўлмайди. Гипотеза
номаълумдан маълумга берадиган тадрижий илмий билиш шакли бўлиб,
назарий билимнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Билиш жараёни чексиз
93
бўлиб, бунда билмасликдан билишга, оддийдан мураккабга қараб
борилади. Гипотеза мураккаб фикрлаш жараёни бўлиб, уни тузиш ва
исботлаш вақтида аналогия, индукция ва дедукция, анализ ва синтез,
билишнинг бошқа шакли ва усулларидан фойдаланилади. Фараз
гипотезага айланиши учун текшириш ўтказиш керак. Фараз гипотеза
даражасига кўтарилиши учун илмий билим, илмий дунёқарашга қарама-
қарши бўлмаслиги, ҳал қилишга ташланган фактлар учун умумий бўлиши
ва уларнинг ҳал қилинишида иштирок этиши, бошқа ҳар қандай
тахминларга қараганда тўла ва яхшироқ ҳал этиш имконини бериши
лозим.
Умумий гипотеза – табиат, жамият, билиш ҳодисаларининг
қонуниятлари ҳақида билдирилган асосли тахминдир (Ерда ҳаётнинг
пайдо бўлиши, онгнинг келиб чиқиши, Қуёш системасининг вужудга
келиши, ҳашаротларнинг ўз манзилини аниқ топиб олиши кабилар).
Айрим, хусусий гипотезалар алоҳида нарса-ҳодисаларнинг хусусияти
ҳамда сабаби тўғрисидаги аниқ ҳодисалар тўғрисидаги тахминлардир.
Ишчи гипотеза энг дастлабки фактлар асосида қилинган тахмин бўлиб,
фаразга яқин турса-да, фараздан аниқлиги билан фарқ қилади. Ишчи
гипотезадан кундалик ҳаётда, суд-тергов ишлари, қишлоқ хўжалигида кўп
фойдаланилади.
Илмий гипотеза – табиат, жамият, тафаккур қонунларини очишда
ишлатиладиган тахминлардир. Ҳар қандай гипотеза текширишни талаб
қилади. Уни текшириш натижасида гипотезанинг ҳақиқатлик эҳтимоллиги
ё ортади, ё камаяди, гипотезанинг ҳақиқатлиги исботланади ёки гипотеза
рад этилади. Гипотеза инсон амалий фаолияти натижасида вужудга келади,
такомиллашади, айрим ҳолларда рад этилади, исботини топгач, назарияга
айланади.
Назария – маълум бир билиш соҳасига оид тушунчалар, қонунлар,
гипотеза ва ғояларни системага солиб, улар ҳақида яхлит тасаввур ҳосил
қиладиган, янги фундаментал умумлашмалар яратишга олиб келадиган, шу
соҳадаги ҳодисаларни тушунтириш, олдиндан кўриш имконини берадиган
ишончли билимдан иборат.
Илмий назария таркибига эмпирик асос (илмий факт тўплаш,
ўрганиш, системага солиш, жадвал, схема, график тузиш, муайян
умумлашма, эмпирик тушунчалар, фаразлар, эмпирик қонунлар),
бошланғич назарий асос (назариянинг асосий тушунчалари, постулатлари,
аксиомалари, фундаментал қонунлар, принциплар), назариянинг мантиқий
усули (тушунчаларни ҳосил қилиш ва таърифлаш қоидалари, хулоса
чиқариш, исботлаш қоидалари), олинган натижалар (хулосалар) киради.
Назария муаммони қўйиш, гипотезаларни яратиш, қонунларни
шакллантириш, ғояларни илгари суриш ва асослашдан иборат билимнинг
узоқ ва машаққатли йўлини босиб ўтишнинг натижаси бўлиб, билишга
доир қонунларни аниқлаш ва уларни ўрганиш имконини яратади. Хуллас,
назария тафаккурнинг шакл ва қонунларини мукаммал ўзлаштириш
имконини беради.
94
Do'stlaringiz bilan baham: |