XVI. Сув ресурси.
Сув энг қимматли табиий ресурс. У ҳаётни ташкил қилувчи моддалар алмашинуви жараёнида муҳим рол ўйнайди. Сув саноат ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришда, маиший турмушда катта аҳамиятга эга.
Сув ер юзасини шаклланишида иштирок этади, табиатда айланиб туради, шунингдек иқлимни, об-ҳавони шаклланишига катта таъсир кўрсатади.
Сув дунёнинг энг катта бойлиги, аммо чучук сув заҳиралари чексиз эмас. Ер шарининг кўпгина районларида, чучук сув танқислиги долзарб муаммо ҳисобланади.
Сув ресурслари; океанлар, денгизлар, дарё ва кўллар, қутб ва тоғликдаги музликлар, ер ости сувлари, тупроқ ва ҳаводаги намликдан иборат. Умумий сувнинг миқдори 1,5 млрд. км3. ни ташкил этади. Бу миқдордаги сувнинг 94,2%и шўр сувлар ҳисобланади. Чучук сув заҳиралари 2-2,5% дан иборат. Чучук сувлар асосан Антарктида музликларида, Гренландия, қутбдаги ороллар ва тоғларда жойлашган.
Дунёнинг кўпгина районларида чучук сув танқислиги кузатилади. Ҳисоб-китобларга қараганда ҳар хил мақсадларда фойдаланиладиган сув сарфи 150 км3 ни ташкил қилади.
Тахминан инсониятнинг 1/3 қисми “сув очарчилиги”га дучор бўлган. Ер шарининг қурғоқчил районларида аҳолининг сувга бўлган талаби қондирилмайди. Мексика, Эрон, Покистон, Жазоир, АҚШнинг 10дан ортиқ штатлари, Россиянинг айрим вилоятлари ва Ўрта Осиё давлатлари шулар жумласидандир.
Ўзбекистонда суғориш учун асосий сув манбалари Амударё, Сирдарё, Зарафшон, Қашқадарё, Сурхондарё, Чирчиқ ва Охангарон дарёларидир. Республика бўйича ер ости сувларининг табиий заҳиралари 66342 минг м3.
Сув ресурсларини ифлосланиш манбалари асосан қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда, минерал ўғитлар ва турли пестицидлардан сув билан бирга ювилиб оқова сув ҳосил қилиши чорвачилик комплекслари орқали очиқ сув ҳавзалари ва ер ости сувларини ифлосланиши, саноат ишлаб чиқариш корхоналари сувни оғир метал ионлари ва турли хил заҳарли моддалар билан ифлослаб оқова сувларни ҳосил қилишидир. Бундай сувлар таркибида, саноат корхоналаридан оғир металлар, фенол, хлор, капролактом, нефт маҳсулотлари, биологик ва кимёвий ифлослантирувчи моддалар учрайди.
Сув ресурсларини ифлослантиришда темир йўл, авиация транспорт воситалари, шунингдек автокорхоналарнинг ҳам ҳиссалари бор.
Саноат чиқиндилари орасида нефт ва унинг маҳсулотлари, дарё ва кўлларнинг ифлосланишида энг ҳавфлилари ҳисобланади.
Атом электростанцияларидан чиқадиган радиоактив чиқиндилар дарё сувларини ифлослантиради. Улар сувдаги планктон ва балиқлар организмида тўпланиб, улардан бошқа организмларга ўтади.
Маиший чиқиндилар аҳолининг ўсиши, янги шаҳарларнинг барпо қилиниши туфайли оқова сувларни кўпайишига олиб келади. Маиший турмушдаги оқова сувлар дарё ва кўл сувларини касаллик туғдирувчи бактериялар ва гелминтлар билан ифлосланиш манбаи бўлиб қолган, шу билан бирга сув ҳавзаларини маиший турмушда кенг фойдаланаётган синтетик ювувчи воситалар ифлослантирмоқда.
Тозалаш-зарарсизлантириш. Дарё ва бошқа сув ҳавзаларида сувни ўз-ўзидан табиий тозаланиши кузатилади. Аммо ривожланган даврда чиқиндилар кўплиги, уни сув ҳавзаларини ифлослантириши натижасида оқова сувларни тозалаш зарурияти келиб чиқди. Оқова сувларни тозалашни қуйидаги методларини ажратиш мумкин.
Механик, физико-кимёвий ва биологик методлардан фойдаланиш, яъни аралаш методлар маълум.
Механик тозалаш методининг моҳияти, оқова сувни тиндириш ва фильтрлашдан иборат.
Физико-кимёвий тозалаш методида оқова сувлардаги органик чиқиндилардан ва оксидланадиган ёки ёмон оксидланадиган органик моддаларни парчалаб юборилади. Бунда электролиз усули кенг қўлланилади. Ифлосланган оқова сувлар юқоридагилардан ташқари ультратовуш, озон, ион алмаштирувчи смолалар ва юқори босим остида тозаланади. Хлорлаш ҳам яхши самара беради.
Биологик метод ҳам оқова сувларни тозалашда катта рол ўйнайди. Бунинг учун бир неча турдаги биологик қурилмалар, яъни биофильтрлар, биологик ҳовузлар ва аэротенкалардан фойдаланилади.
Биофильтрлар орқали оқова сувлар йирик донадор материал қатлами устига юпқа бактериялардан иборат қатлам орқали ўтказилади.
Биологик ҳовузларда эса сув ҳавзаларидаги барча организмлар оқова сувларни тозалашда иштирок этади.
Аэротенкалар темир бетондан қурилган катта резерварлардир. У ерда оқова сув бактериялар ва майда жониворлардан ташкил топган фаол лойқаларда тозаланади.
Ўзбекистонда ҳалқаро мейёрга мос келадиган табиий муҳит ва сувни муҳофаза қиладиган қонун ва мейёрий ҳужжатлар қабул қилинган. Шулардан 1992 йил 9 декабрда қабул қилинган «Табиатни муҳофаза қилиш» ҳақидаги қонунни айтиб ўтиш мумкин. Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси 100 дан ортиқ қонунлар лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этган. Шулардан биттаси Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув ҳақидаги қонунни айтиш мумкин. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида ана шу қонун асосида иш олиб борилади.
Саволлар:
1. Дунёдаги сув манбаларини айтинг?
2. Сув ҳавзаларини ифлосланиш манбалари нималардан иборат?
3. Орол муаммоси қандай муаммо?
4. Оқова сувни сунъий йўл билан тозалаш усуллари?
5. Сув ҳақидаги қонунлар ҳақида айтиб беринг?
Топшириқ:
Сув муҳитида тирик организмларга таъсир этувчи омилларни аниқланг.
Назорат учун тест саволлари.
1. Ер қобиғининг сув қатлами нима деб аталади?
а) ионосфера.
б) тропосфера.
в) гидросфера.
г) литосфера.
д) атмосфера.
2. Сув ҳавзаларининг ифлосланиш манбалари?
а) саноат корхоналари чиқиндиларидан.
б) маиший хўжалик чиқиндиларидан.
в) қишлоқ хўжалиги соҳасидан.
г) ерларни суғоришдан ҳосил бўладиган чиқиндилардан.
д) ҳаммаси тўғри.
3. Оқова сувлар қандай сувлар?
а) булоқ сувлари.
б) дарё ва кўл сувлари.
в) саноат ва маиший хўжалик чиқинди сувлари.
г) маиший чиқинди сувлари.
д) артезиан сувлари.
4. Табиатда сув қандай аҳамиятга эга?
а) инсон учун ҳаёт манбаидир.
б) ҳайвонлар сувсиз яшай олмайди.
в) ўсимликлар ҳаётининг асосидир.
г) сувсиз ҳаёт йўқ.
д) ҳаммаси тўғри.
5. Оқова сувлар қандай йўллар билан тозаланади?
а) механик, кимёвий, биологик усуллар билан.
б) фильтрлаш йўли билан.
в) тиндириш орқали.
г) хлорлаш орқали.
д) биологик усул билан.
Do'stlaringiz bilan baham: |