Мафкуравий плюрализмнинг мақсад ва манфаатлар билан алоқадорлиги.
Янги минг йиллик интиҳосида дунё харитасида янги мустақил давлатлар пайдо бўлди. Бу давлатлар мустабит тизимдан воз кечиб мустақил ривожланиш ва ижтимоий муносабатларни янгилаш йўлига қадам қўйди. Улар жаҳон миқёсида ўз мавқеини мустаҳкамлашга интилмоқда. Бу давлатлар олдида собиқ иттифоқдан қолган муваффақияциз, чиппакка чиққан тарихий тажрибанинг фожиали оқибатларини тезда бартараф этиш вазифаси турибди. Улар замонавий бозор иқтисодиётига эга бўлган, муносиб турмуш кечиришни таъминлай оладиган, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қила оладиган чинакам демократик жамият қуришдек мураккаб вазифани ҳал этиши зарур.
Салкам ярим аср ҳукм сурган тоталитар тузум емирилгач дунёнинг қутбларга бўлиниши барҳам топди. Лекин шу туфайли у хавфсизроқ, барқарорроқ, собит қадамроқ бўлиб қолгани йўқ. Кейинги йилларда бутун дунё миқёсида ва минтақалар даражасида вужудга келаётган ташқи муносабатларни танқидий таҳлил қилиш қуйидаги хулосаларни илгари суришга асос бўлади:
Бир қанча мамлакатларда кескин сиёсий кураш бораётган бир вақтда демократия асосларининг баъзан қийинчилик билан қарор топаётгани;
Миллий ўзликни англашнинг фаол жонланиши ҳамда миллатлар ва айрим элатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилашга интилиши;
Этник ва миллатлараро зиддиятларнинг сақланиб қолаётганлиги;
Қотиб қолган мафкуравий ақидаларнинг қадрсизланиши ҳамда сиёсий ва диний экстремизмнинг турли шакллари кучайиб бораётганлиги;
Дунёнинг катта қисмида иқтисоди заиф, аҳолиси қашшоқ яшаётган мамлакатлар сақланиб қолаётганлиги;
Мамлакатлар, халқлар ўртасида, бир мамлакатичида эса айрим ижтимоий гуруҳлар ўртасида иқтисодий ва ижтимоий табақаланиш кучайиб бораётганлиги.
Марказий Осиёда умумий хавфсизликни таъминлаш ва мувозанатга эришиш, умумий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ташқи сиёсат олиб бориш, миллий ва минтақавий тараққиёт истиқболини уйғун ҳолда кўриш, янги мустақил давлатларнинг хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш муаммоларини кенг таҳлил қилиш улкан аҳамият касб этмоқда. Халқаро майдондаги вазият ва кучлар нисбати шиддатли ўзгариб бормоқда. Бу эса ҳозирги кунда давлатлар ва халқларнинг барқарорлигини таъминлаш учун янгича ёндашувларни излаб топишни, хавфсизликнинг янгича моделларини ишлаб чиқишни тобора қаттиқ талаб қилмоқда. “Ўтган йилларнинг мантиқи бизни ҳозирги кунда учта асосий саволга мурожаат қилишга ундамоқда. Ўзбекистоннинг келажаги ана шу саволларга қандай жавоб беришимизга боғлиқ. Булар қуйидагилардир: хавфсизликни қандай сақлаб қолиш лозим? Барқарорликни қандай таъминлаш даркор? Тараққиёт йўлидан собит қадам ривожланишга нималар ҳисобига эришиш мумкин?”24.
Бугун Ўзбекистон табиий – географик жиҳатдан жуда бой табиий-хом ашё захиралари, чексиз бозор ва сармоя сарфланадиган мамлакат ҳисобланади. Шунингдек, мамлакатимиз ғоят ақл-заковат, маънавий ва маданий имкониятларга эга. Буларнинг барчаси дунёда янги сиёсий ва иқтисодий тартиб фаол шаклланиб бораётган бир шароитда, юртимизнинг ноёб жўғрофий ўрни билан қўшилган ҳолда жуда катта жўғрофий-сиёсий ва жўғрофий-стратегик қизиқиш уйғотади. Дунёда янги сиёсий ва иқтисодий тартиб шаклланишига аввало ривожланган мамлакатларда саноатнинг кескин янги суръатлар билан, янги технологиялар асосида изчил ривожаланиши нитажаси ўлароқ табиий заҳираларга эҳтиёжнинг кескин ортиши билан изоҳланади. Саноатнинг янги суръатлар билан кескин ўсиши сифатли хом-ашёни, юксак технологияларни, янги бозорларни, шунингдек арзон ишчи кучи, инвестиция боп ўлкаларни тақозо этади. Жаҳоннинг аксарият ривожланган мамлакатлари (Ғарбий Европа) бўлиб ўтган иккита жаҳон уришида ўзининг хом-ашё заҳираларини деярли тугатишди. Шунингдек, энергетика заҳираларининг тугаб бориши глобал муаамога айланганлигини эътиборга оладиган бўлсак ўлкага бўлган қизиқиш янад аортиши турган гап.
Жаҳон майдонида кучлар нисбати кўп жиҳатдан Марказий Осиёдаги янги мустақил давлатлар қайси йўлдан боришларига боғлиқ. Шуниси аниқки, барқарорлик ва жўғрофий-сиёсий мувозанат сақланиб қолган шароитдагина бу минтақа жўшқин ва собитқадам ривожланади, жаҳон ҳамжамияти учун муносиб шерик бўла олади. Марказий Осиё минтақасида турли сиёсий, иқтисодий, ҳарбий, транспортга ва экологияга оид муаммолар тўпланиб қолган.
Ўзбекистон учун, Маркзий Осиё ривожи учун ғов бўлаётган омиллар таҳлил этилганида қуйидагиларни келтириш мумкин:
Биринчидан, "Совуқ уруш" барҳам топганидан кейин ялпи хавфсизликка асосий таҳдидни геосиёсий устунликка интилишлар, этник, минтақавий, маҳаллий можаролар ва давлатлар ичидаги жангари сепаратизм солмоқда. Шарқий Европа, Шимолий Африка, Олд Осиё, Болқон, Кавказ ва бошқа ҳудудлар бунга мисол бўла олади.
Иккинчидан, Ўзбекистон ўзининг жўғрофий-сиёсий ҳолати жиҳатидан коллектив хавфсизлик тизими изчил йўлга қўйилмаган минтақада жойлашган. Ўзбекистон амалда Форс кўрфази, Каспий денгизи ҳавзасининг нефт ва газга жуда бой конлари жойлашган ярим ҳалқанинг стратегик марказидир. Яъни, бу ярим ҳалқа атрофида бутун дунёда энергия тақчиллиги шароитида яқин йилларда Европа, Хитой, Шарқий Осиё ва жаҳон келажаги учун ҳал қилувчи рол ўйнайдиган энергия захиралари мавжуд. Яна бир таҳдид манбаи шу билан боғлиқки, Ўзбекистонни этник, демографик, иқтисодий ва бошқа муаммолар юки остида қолган мамлакатлар қуршаб турибди. Бунинг устига, юртимиз минтақадаги диний экстремизм, этник муросасизлик, наркобизнес ва ҳар хил ташқи кучлар томонидан рағбатлантириб келинаётган, ички можаро авж олган Афғонистон каби беқарорлик ўчоғи билан чегарадош. Олдинига СССР, кейин АҚШ етакчилигида НАТО қўшинлари мамлакатда тинчлик қарор топтира олмади.
Учинчидан, Глобал масштабга эга бўлган экологик муаммолар. Булар ичидаги энг даҳшатлиси Орол денгизи бўйидаги ҳалокатдир. Бир авлоднинг кўз ўнгида денгизнинг йўқ бўлишини инсоният гувоҳи бўлмаган. Орол денгизи фалокати ҳам жаҳон миқёсидаги улкан муаммодир. У дунёдаги анча мамлакатлар аҳолисининг манфаатларига дахлдор бўлиб, кўплаб миллатларнинг авлодлари учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин.
Сувдан рационал фойдаланмаслик, режа кетидан қувиш, ривожланишнинг экстенсив йўли денгизни шу куйга солди. Бундан ташқари ернинг шўрланганлиги, чекланганлиги, сувнинг шўрланганлиги, чекланганлиги муаммолари ҳам ўз ечимини кутмоқда.
Тўртинчидан, Минтақавий низолар кўпинча терроризм ва зўравонлик, наркобизнес ва қурол-яроғ билан қонунсиз савдо қилиш, инсон ҳуқуқларини оммавий суратда поймол этиш каби хавфли таҳдидларнинг доимий манбаига айланиб бормоқда. Бундай ҳодисалар давлат чегараларини тан олмайди. Терроризм бир мамлакатнинг муаммоси эмас. У бой давлатларга ҳам, кучли давлатларга ҳам, демократия ривожланган мамлакатларга ҳам, ривожланиш йўлига энди кирган мамлакатларга бирдек чанг солади. Марказий Осиёда террористик ҳаракатларнинг пайдо бўлиши ҳам ички, ҳам ташқи омиллар билан боғлиқ.
Бешинчидан, Геосиёсий рақобат. Маълумки ҳудудимиздан қадимдан буюк ипак йўли ўтган. У доимо Шарқ ва Ғарбни боғлаб турган. Бугунги кунда катта ишлаб чиқариш салоҳиятига эга бўлган Хитойни табиий заҳирага бой бўлган Форс кўрфази ва Олд Осиё билан, Ҳиндистонни Россия ва Шарқий Европа билан боғлайдиган транспорт коммуникациясини Марказий Осиёсиз тасаввур этиб бўлмайди. Бу режанинг амалга ошишидан манфаатдорлар билан бир қаторда амалга ошишидан манфаатдор бўлмайдиган кучлар ҳам топилади.
Олтинчидан, ҳарбий рақобат ва оммавий қирғин қуроллари. Афғонистонга тинчлик ўрнатиш мақсадида кирган ҳар қандай кучга нисбатан мухолифат топилмоқда. Қолаверса, Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги, Эрон ва Ғарб ўртасидаги муносабатларга ҳам хавас қилиб бўлмайди. Шу билан бирга Марказий Осиёни қуршаб турган Россия, Хитой, Покистон, Ҳиндистон, Эрон каби давлатларнинг барчаси ядро қуролига эга.
Биз мавжуд реал хавф-хатарларга жиддий қарашимиз зарур. Айни вақтда имкониятларимизни, таъбир жоиз бўлса, жозибали жиҳатларимиз ва афзал томонларимизни ҳам биламиз. Бизнинг минерал-хом ашё, инсоний ва ишлаб чиқариш захираларимиз ички барқарорлигимизнинг ва халқаро нуфузимизнинг мустаҳкам кафолати бўлиб хизмат қилади. Мамлакатимиз жаҳон иқтисодиёти, маданияти ва сиёсатида муносиб ўрин олиш учун тарихий имкониятларга эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |